Лондон сардори
«Челси» ҳимоячи Жон Террининг карьерасидаги энг ёрқин онлар
Лондоннинг «Челси» клубининг кўп йиллик сардори Жон Терри 2016/17-йилги мавсум тугагач, ёзда клуб ихтиёрини тарк этади. «Пенсионер»лар матбуот хизмати ана шундай баёнот билан чиқиш қилди.
Терри клуб учун ҳаётининг 19 йилини бағишлади ва «Челси» либосида кўплаб эсда қоларли уйинларда майдонга тушди.
«Челси»даги дебют
1998 йилнинг 28 октябрида «Челси» футбол лигаси кубоги доирасида «Астон Вилла» билан учрашган эди ва 17 ёшли Жон Терри захирадан майдонга тушганди. Ўшанда ҳеч ким унинг нечоғлик оламшумул карьера кутаётганини тасаввур ҳам қила олмасди: 19 йил мобайнида у клуб сафида барча турнирларда 713 ўйинда майдонга тушди — бу мутлақ рекорд ҳисобланади. Унинг ҳисобида «кўклар» либосида 66 та гол, 16 та соврин, жумладан, тўрт марта Англия чемпионлиги ва Еропа чемпионлар лигаси ғолиблиги бор.
Ўта оғир «жиноятлар»
Таассуфки, лондонликлар сардори бир неча бор ёқимсиз ҳодисаларнинг қаҳрамонига айланган. Ҳар қанақасидан бўлган: маст бўлиб жанжал қилиш, тунги клублар соқчилари билан муштлашув, клубнинг ёш фанат қизлари билан дон олишиш, дегандек. Ҳаттоки у дастлабки тергов қамоқхонасида ҳам ўтиришга улгурган. 2001 йил 11 сентябрь терактларидан кейин у ва жамоадошлари аэропортда маст ҳолатда америкалик сайёҳларни ҳақорат қилишган. Сўнгра жарима тўлаб, омма олдида кечирим сўрашган.
У билан боғлиқ энг машҳур можаро — «Челси»даги унинг энг яқин дўсти ва ҳамкори Уэйн Брижнинг машъуқаси, модель Ванесса Перронсел билан дон олишгани бўлса керак. Ҳамма нарса ошкор бўлгач, Бриж ва Терри юзкўрмас бўлиб кетишган. Ўзини ҳақоратланган ҳис қилган Бриж хиёнаткор билан билан ҳеч қачон ёнма-ён ўйнамайман, дея «Челси»дан ҳам, Англия терма жамоасидан ҳам кетган. Терри ўз дўстининг футболдаги карьерасига нуқта қўйган — кейин бу футболчи ҳеч қачон юқори даражада ўйин кўрсата олмади.
2011 йилнинг 23 октябрида, «Куинз Парк Рейнжерс» га қарши ўйинда Терри гўёки рақибнинг ҳимоячиси Антон Фердинандни ирқчилик қилиб, ҳақоратлаган. Воқеа катта резонансга сабаб бўлди ва мухлислар муҳитининг иккига бўлинишига сабаб бўлди. Англия футбол ассоциацияси суриштирув ўтказиб, терма жамоанинг ўша пайтдаги бош мураббийи Фабио Капеллодан Террини сардорлик боғичидан маҳрум қилишни талаб қилган. Италиялик мутахассис буни рад этиб, истеъфо берган.
Сардор ва Жозе
Жозе Моуринюнинг «Челси»га биринчи «юриши» 2004 йилда рўй берган эди. У жамоа рулини уч йил бошқариб, бир неча муваффақиятли қарорларни амалга оширган. Айнан у 2004 йилнинг ёзида собиқ сардор Марсел Десайи клубни тарк этгач, жамоада сардорлик боғичини Террига ишониб топширди.
Терри ўз жамоасини сардор сифатида майдонга 578 марта бошлаб тушган, бу ҳам рекорд. 26-рақамли футболка лондонлик мухлислар орасида энг машҳурларидан бири, стадиондаги фанатлар секторлари уни олқишловчи баннерларга тўла.
Терри «Челси»ни тарк этмоқда
Миллий терма жамоа учун Терри 78 ўйин ўтказган. У 2003 йилнинг июнида Сербия ва Қоратоғ терма жамоасига қарши ўйинда захирадан майдонга тушиб, дебют қилган бўлса, орадан икки ой ўтмасдан хорватларга қарши ўйинда бошланғич таркибда ўйинни бошлади.
У Португалияда ўтган Евро-2004да ўйнади ва икки йилдан сўнг Германияда ўтган жаҳон чемпионатида ҳам дебют қилди. Ҳар икки турнирда ҳам инглизлар чорак финалда португлияликларга пенальтилар сериясида мағлуб бўлишган. ЖЧ-2006 дан сўнг Англия терма жамоаси сардори Дэвид Бэкҳэм МТЖдаги карьерасини ниҳоялади, сардорлик боғичи эса айнан Террига ўтди.
Шундан сўнг 2008 йилги таназзул юз берди (инглизлар Евро-2008 дан мосуво бўлишди), Бриж билан боғлиқ машмашалар бошланди, ЖЧ-2010нинг нимчорак финалида немислардан аламли мағлубият қабул қилиб олинди (айнан ўша учрашувда ҳакам Фрэнк Лэмпарднинг тоза голини инобатга олмаган ва видеотакрорларни жорий қилиш ҳақидаги гап-сўзлар жонланиб қолган эди), кейин эса уни ирқчиликда айблашди.
2012 йил 24 сентябрда Терри халқаро карьерасини якунлашини маълум қилди.
Ўша нўноқлик
2008 йилнинг 21 майида Терри ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида зарба ижро этмоқда эди. Агар у зарбасини голга айлантира олганида «Челси» ўз тарихида илк бор УЕФА чемпионлар лигаси ғолиблигини қўлга киритар эди. Боз устига, энг принципиал рақиби — «Манчестер Юнайтед»ни доғда қолдириб.
«Мен нуқтага яқинлашдим ва совриннинг тақдири менга боғлиқлигини ҳис қилиб турган эдим. Кейин юз берган нарса умримнинг охиригача энг қўрқинчли тушларимга кириб турса керак», — деган эди Терри ўйиндан бир ҳафта ўтгач.
Ёмғир ёғаётган, Москвадаги «Лужники» стадиони чими ҳўл ва сирпанчиқ эди. Зарба бериш асносида «Челси» сардорининг оёғи тойиб кетди ва тўп дарвозага кирмасдан, қийшиқ кетди. «Манчестер Юнайтед» пенальтилар сериясида ғалаба қозониб, ўз тарихида учинчи бор Чемпионлар лигаси ғолиби бўлди.
Бироқ, тақдир Террига қарзини қайтарди. 2012 йилда у барибир Европа чемпионлари кубогини кўтаришга муваффақ бўлди — финалда Мюнхеннинг «Бавария» клуби (ўз майдонида, пенальтилар сериясида) маҳв этилди. Тўғри, сардор ҳал қилувчи учрашувни жароҳати туфайли ўтказиб юборган эди, бироқ у барибир орзу қилган совринини ўз коллекциясига қўшиб қўйишга муваффақ бўлди.
Мавзуга оид
13:34
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
14:31 / 02.11.2024
«Арсенал»да яна жиддий рақиб, Ҳусанов «ПСЖ»га қарши, «Челси» «Олд Траффорд»га боради — уикэнд анонси
12:56 / 22.09.2024