Жамият | 20:00 / 20.04.2017
4789
2 дақиқада ўқилади

ОТМ битирувчиларининг 80 фоизга яқини ўз мутахассислиги бўйича фаолият олиб бормоқда

Мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, уларни юксак маънавиятли, зукко, билимдон, юрт тақдирини ўз зиммасига олишга қодир авлод сифатида вояга етказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Зеро, эл-юртнинг келажаги бугун камолга етаётган ёшлар қўлида. 

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, юртимиздаги ҳар қайси инсон, ҳар қайси оиланинг энг эзгу орзу-мақсадлари, ҳаётий манфаатлари авваламбор унинг фарзандлари тимсолида намоён бўлади, рўёбга чиқади. 

20 апрель куни Миллий матбуот анжуманида мустақиллик йилларида соҳани ривожлантириш, ёшларимизнинг муносиб таълим тарбия олишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг олий таълим тизимига оид қатор фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 60 дан ортиқ қарор ва фармойишлари, шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ваколатига кирувчи масалалар юзасидан меъёрий-услубий ҳужжатлар қабул қилингани қайд этилди. 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ва Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурининг изчил тартибдаги пухта ўйланган амалиёти ижодкор, ижтимоий фаол, маънавий жиҳатдан бой шахсни шакллантириш ҳамда юқори малакали, рақобатбардош малакали кадрларни тайёрлашдан иборат стратегик мақсадга эришиш учун назарий асос бўлди ва замин яратди. 

Ҳозирги пайтда олий таълим муассасаларида тегишли вазирлик ва идоралар, потенциал иш берувчи корхона, ташкилот ва муассасалар иштирокида битирувчилар (меҳнат) ярмаркалари ташкил этилмоқда. Жумладан, 2015-2016 ўқув йилида республика олий таълим муассасаларини жами 62 274 нафар ёш мутахассис битириб чиқди. Республика иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларига ишга жойлашганлар - бандлиги таъминланганлар 60 974 нафарни, яъни 98 фоизни ташкил қилди. 

Шунингдек тадбирда олий таълим муассасалари битирувчиларининг 70-80 фоизи ўз мутахассислиги бўйича фаолият олиб бораётгани таъкидланди.

Мавзуга оид