Ўзбекистон | 10:05 / 21.04.2017
15241
2 дақиқада ўқилади

Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди

Фото: O'zLiDeP

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори чиқди.

Қарорда белгиланган вазифаларнинг самарали ечимини тўлиқ таъминлаш мақсадида олий таълим даражасини сифат жиҳатидан ошириш ва тубдан такомиллаштириш, олий таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялари, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш мақсадида Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди. 

Дастурга мувофиқ, 2017-2021 йилларда 48 та олий таълим муассасасида жами 180 та ўқув, илмий-лаборатория биноси, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмалари объектларида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилади. Шунингдек, 53 та олий таълим муассасасида 400 та ўқув лабораторияси босқичма-босқич энг замонавий ўқув-лаборатория ускуналари билан жиҳозланади, 7 та олий таълим муассасасида барча олий таълим муассасалари ўзаро ҳамкорликда фойдаланадиган илмий лабораториялар ташкил этилади. 

Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш учун йўналтириладиган молиявий маблағлар 1,7 триллион сўмдан зиёд бўлиб, улардан 1,2 триллион сўми ўқув-лаборатория бинолари, спорт заллари ва талабалар турар-жойларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга, 500 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эса ўқув-лаборатория ускуналари, мебель ва инвентарь билан таъминлаш, умумий тартибда фойдаланишга мўлжалланган, барча таълим муассасаларига хизмат кўрсатадиган лаборатория комплексларини ташкил этиш ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга сарфланади. 

Мавзуга оид