Жаҳон | 10:44 / 27.04.2017
5665
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла Америка давлатлари ташкилотини тарк этишга қарор қилди

Венесуэла Америка давлатлари ташкилоти (АДТ) таркибидан чиқиш жараёнини бошлайди, чунки бу блокнинг меъёрлари бузилишига чидаб туролмайди. Бу ҳақда твиттерда Венесуэла ташқи ишлар вазири Дельси Родригес маълум қилди.

"Биз кўп тарафлилик руҳи устун бўлиши учун имкониятлар тақдим қилдик, бироқ ташкилотнинг муқаддас қоидаларининг бузилиши устунлик қилди. Венесуэла АДТдан чиқади, чунки унда мустақиллик, суверенитет, шаън бор, у буни тинчлик ва давлатимиз келажаги учун қилмоқда", деб ёзди Родригес. Тахмин қилинишича, Каракаснинг АДТдан чиқиш жараёни икки йил вақт олади. 

Родригес агар АДТ Венесуэладаги вазият бўйича унинг розилигисиз йиғилиш ўтказса, уни тарк этиши мумкинлигидан огоҳлантирганди. Бундай учрашувни ўтказиш ҳақидаги қарор 26 апрелда қабул қилинди.

Бу орада Венесуэла президенти Николас Мадуро мамлакатни АДТдан чиқариш жараёнини дарҳол бошлашга буйруқ берди.  

1948 йилда ташкил этилган ушбу ташкилот таркибига Шимолий, Жанубий ва Марказий Американинг 35 та давлати киради. Унинг бош қароргоҳи Вашингтонда жойлашган, унинг бош котиби Луис Альмагро ҳисобланади. 

Апрель бошидан бери Венесуэлада ҳукуматга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Уларнинг аксарияти полиция билан тўқнашувларга айланиб кетмоқда. Ҳозирга келиб президент тарафдорлари ва унга қарши чиқувчилар ўртасидаги зўравонликлар 26 нафардан кўпроқ кишининг умрига зомин бўлди.

Мавзуга оид