Фан-техника | 07:55 / 13.05.2017
7789
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Дунё бўйлаб амалга оширилган киберҳужумларда АҚШ махсус хизмати дастурларидан фойдаланилган

Фото: Reuters

Хакерлар Буюк Британия шифохоналари ва бошқа давлатлардаги муассасалар компьютерларини WCry "товламачи-вирус" билан зарарлашда АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг (МХА) модификацияланган дастуридан фойдаланишган, деб ёзмоқда хабардор манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Financial Times ахборот агентлиги. 

Нашр манбаларининг маълумотларига кўра, Буюк Британия шифохоналари ва Испаниянинг Telefonica компаниясига уюштирилган киберҳужумда хакерлар АҚШ махсус хизматлари томонидан яратилган Eternal Blue – зарарли WannaCry дастури билан бирлаштирилган дастурни қўллашган. Тахмин қилинишича, компьютерлар электрон почта орқали зарарланган. 

Бу хабарга АҚШ махсус хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуден муносабат билдирди. У ўзининг твиттердаги саҳифасида МХА "огоҳлантиришларга қарамасдан, хавфли дастурларни яратганини", энди бу дастурларнинг қўлланилиши "шифохоналардаги беморларнинг ҳаётига хавф солаётганини" ёзди.  

12 май куни бутун дунё бўйлаб компьютерлар шифрловчи-вирус ҳужумига учради. Ҳужум остида 74 та давлат, жумладан АҚШ, Хитой, Россия, Испания, Буюк Британия ва Тайвандаги турли ташкилот ва компаниялар қолди.  

"Таърифга кўра бу оддий товламачи-вирус. У компьютерларга почта хизматлари орқали спам билан тушади. Хат очилганда дастур фаоллашиб, компьютернинг қаттиқ дискидаги барча файлларни шифрлайди, ишчи столда эса муайян ҳисоб рақамига биткоинларда маълум суммани юбориш таклифи пайдо бўлади. Асло бундай қилиш керак эмас. Максимум 1-2 кун ичида муаммони ҳал қилишга ёрдам берадиган янгиланишлар чиқади. Умуман олганда, бундай ҳолатларда энг яхши ҳимоя дисклардаги барча муҳим ахборотни резерв кўчириш ҳисобланади", деб айтмоқда "Р-Техно" бизнес-разведка агентлиги директори Роман Ромачев.

Мавзуга оид