Контенинг АПЛдаги бенефиси, кечиктирилган скудетто ва ўтган ҳафтанинг бошқа ёрқин лаҳзалари
Ўтган ҳафтанинг уик-энди арафасида Англияда янги чемпион номи аниқ бўлди. Италияда эса «Ювентус»нинг чемпионлигини бир турга кечиктиришди. Испанияда эса икки гранд синхрон ғалабаларни қўлга киритди. Tribuna.Uz ўтган ҳафтанинг шу каби энг ёрқин лаҳзаларини бир жойга тўплади.
Англиядаги итальянча ҳукмронлик
Англияда иккинчи мавсумдирки италиялик мураббийлар ғалаба қозонишмоқда. Қизиқ томони иккала итальянлар ҳам ўз жамоасига иш бошлаган биринчи мавсумидаёқ бу ишни уддалагани таҳсинга сазовор. Аммо Клаудио Раньери бошқа жамоада бўлсада, АПЛда ишлашга улгурганди. Аммо Антонио Конте премьер-лигадаги мутлақо дебют мавсумидаёқ жамоани чемпионга айлантиришни уддалади. Конте АПЛ дебютидаёқ чемпион бўлган тўрт мураббийдан бирига айланди.
Чемпионликни бой берган «Тоттенҳэм» эса ҳеч бўлмаса иккинчи ўринни нақд қилишнинг уддасидан чиқди. «Манчестер Юнайтед»га қарши учрашув жамоа учун «Уайт Ҳарт Лейн»даги сўнгги ўйин бўлди ва унда ғалаба қозонган Почеттино шогирдлари муддатидан олдин АПЛ тарихидаги энг яхши натижасини қайд этди. ЕЧЛ йўлланмаси учу эса курашдан қизғин давом этмоқда. Лондондаги мағлубиятдан кейин бу курашдан чиққан «МЮ», энди бор-эътиборини Европа Лигасига қаратган ва буни Моуриньо ҳам очиқчасига тан олиб айтмоқдаки: «МЮ» айни вақтда АПЛда ўйнагиси келмаяпти.
3-4-ўринлар учун эса уч жамоа курашни давом эттирмоқда. «Манчестер Сити» бу турда «Лестер»ни қабул қилиб, қийинчилик билан бўлсада, ғалаба қозонди. Ўз навбатида улардан қолишмаган «Ливерпуль» ва «Арсенал» меҳмондаги учрашувларда йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Ҳозирча «Ливерпуль» 3-ўринда бормоқда. Бироқ «Манчестер Сити» ва «Арсенал»нинг улардан битта кам ўйин ўтказганини ҳисобга олсак, сўнгги тур янада қизиқ ўтишини кутиш мумкин.
Ўтган ҳафтада шунингдек жадвалнинг қуйи қисмидаги барча вазиятга ойдинлик киритиб бўлинди. «Кристал Пэлас»га мағлуб бўлган «Ҳалл» «Мидлсбро» ва «Сандерленд» ортидан келгуси мавсумда чемпионшипга йўл оладиган бўлди.
Грандлардан синхрон «чиқиш»
Испания чемпионатида пешқадамлар ўзаро ўйиндан кейин тўхташни билмаяпти. Бу сафар икки жамоа бир хил сценарийда кечган учрашувларда бир хил натижа билан зафар қучишди.
«Реал» учун тақвимнинг сўнгги қисмидаги энг жиддий рақиб сифатида қаралган «Севилья»га қарши ўйин ҳам муваффақиятли ўтди. Албатта Начонинг ўйин бошида киритган голи кичик тортишувларга сабаб бўлди. Аммо бу мадридликларнинг муваффақиятли юришига тўсқинлик қила олмади ва жамоа яна бир рекорд ўрнатди.
«Басрелона» ҳам худди «Реал»дек ғалаба қозонди. Неймарнинг сафар учрашувларидаги илк ҳет-трикини нишонлаган ўйинда каталонияликларнинг яна бир голига Луис Суарес муаллифлик қилди. Икки жамоа ўртасидаги рақобат сўнгги турга қоладиган бўлди. Аммо «Реал»нинг устун томони, жамоа битта ўйин кам ўтказган. «Сельта»га қарши меҳмонда бўлиб ўтадиган қолдирилган ўйин кўп масалага ойдинлик киритиб бериши керак.
Шунингдек, Ла-лиганинг бу турида «Атлетико» ўзи учун 3-ўринни нақд қилган бўлса, «Спортинг Хихон» «Осасуна» ва «Гранада» ортидан лигани тарк этиши аниқ бўлди.
Рим остонасида тўхтатилган скудетто
«Ювентус» кетма-кет олтин мавсум А серияда тенгсиз бўлишга яқин турибди. Бу ишни жамоа Римда ҳам уддалаши мумкин эди. Бироқ туринликларнинг асосий рақобатчиси «Рома» ҳеч бўлмаса шунга йўл қўймади. «Олимпико»да кечган учрашувда Спаллетти шогирдлари амалдаги чемпионни мағлубиятга учратди ва орадаги фарқни 4 очкогача қисқартирди.
«Наполи» эса бу турда «Торино» меҳмони бўлиб йирик ҳисобда зафар қучди ва «Ювентус» билан фарқни 5 очкогача қисқартирди. Шунингдек «Лацио»нинг «Фиорентина»да очко йўқотиши неаполликларни келгуси мавсумда ҳам ЕЧЛда иштирок этишини кафолатлади.
Бу турда Миланнинг иккинчи жамоаси ҳам амалда еврокубоклардан қуруқ қолди. «Аталанта» уйида кечган учрашувда «Милан» сўнгги дақиқаларда ҳисобни тенглаштириб еврокубоклар учун сўнгги умидларини сақлаб қолди, аммо 2 ўйинда 6 очколик фарқни йўқ қилиш, бугунги «Милан» учун уддалаб бўлмас топшириқдек гап. «Интер» эса 35 йилда қайд этмаган антирекордини ўтган ҳафта охирида янгилаб қўя қолди.
Немисча гол-машина
Германия бундеслигасида турнинг марказий учрашуви Лейпцигда бўлиб ўтди. Чемпионликни қўлга киритиб бўлган «Бавария»ни қабул қилган «Лейпциг» ўйиннинг бир соатини жуда яхши ўтказди. марта ҳисобда олдинда борган Ҳазенхюттл шогирдлари 4:2 ҳисобидаги ғалабани ҳам ушлаб қола олмади. Қўшимча дақиқаларда иккита тўп киритган «Бавария» рақибига дуранг ҳам қолдирмади ва мавсумга мантиқий якун ясади — «Бавария» ҳар қанақасига «Лейпциг»дан кучли!
Аммо мағлубият ҳам «РБ»га керакли натижани қўлга киритиш учун ҳалал бермади. Жамоа бундеслигада 2-ўринни нақд қилди. Сабаби таъқибчи «Боруссия» очко йўқотди. Бу турда ғалаба қозонган «Ҳоффенхайм» эса дортмундликлар билан тенглашиб олди. Сўнгги турда учинчи ўрин учун шу икки жамоа кураш олиб бориши кутилмоқда.
Шунингдек бу турда бундеслигани тарк этган иккинчи жамоа номи маълум бўлди. «Ингольштадт» Германия олий лигасида ўтказган икки йилидан сўнг ортга қайтадиган бўлди. Ўтиш ўйинида иштирок этадиган 16-ўринга эса бир йўла бешта жамоа тушиб кетиши мумкин бўлиб турибди. Ҳозирча бу ўринда «Ҳамбург».
Тахт остонасидаги князликлар
Франция чемпионатининг 37-турида икки пешқадам ҳам йирик ҳисобда ғалаба қозонди. «Монако» ўз уйида «Лилль» қабул қилиб, йирик 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, «ПСЖ» «Сент-Этьен» меҳмони бўлиб 5:0 ҳисобидаги ғалаба билан ортга қайтди. Мусобақа тугашига бир тур қолганда «Монако» парижликларни 3 очкога ортда қолдирмоқда. Аммо уларнинг устун тарафи битта кам учрашув ўтказишганида. Чоршанба куни қолдирилган учрашув доирасида «Монако» «Сент-Этьен»ни ўз уйида қабул қилади. Ўша ўйиндаги дуранг ҳам «Монако»ни узоқ йиллик танаффусдан сўнг мамлакат чемпионига айлантиради.
Бу турда шунингдек «Лион» ҳам 4-ўрин масаласини ижобий ҳал қилди. «Бордо» ва «Марсель»нинг ўзаро ўйиндаги дурангидан лионликлар унумли фойдаланиб қолишди.
Шунингдек...
Бу ҳафтада Португалия ва Нидерландияда ҳам чемпион номи аниқ бўлди. «Бенфика» «Витория Гимараэш»ни йирик ҳисобда мағлубиятга учратиб, кетма-кет тўртинчи мавсум мамлакатда тенгсиз деб топилган бўлса, «Фейеноорд» 18 йиллик танаффусдан сўнг Нидерландия тахтига қайтди. Бунда жамоага Дирк Куйтнинг ҳет-трики ҳам яқиндан ёрдам берди.
Мавзуга оид
13:53 / 29.08.2024
Палмердан Мейнугача: АПЛ клубларининг «жавоҳирлар»и
22:07 / 16.08.2024
АПЛда янги мавсум бошланмоқда. Кучли тўртликда ўзгаришлар бўладими?
17:11 / 27.04.2024
АПЛда чемпионлик ва ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш авжига чиқмоқда. Ҳафта ўйинлари анонси
12:22 / 02.01.2024