Жамият | 23:26 / 15.05.2017
5241
2 дақиқада ўқилади

Paramount Pictures’нинг собиқ раҳбари лавозимидан кетгач 3 ой ўтиб вафот этди

Фото: AP

АҚШнинг Paramount Pictures киностудиясининг собиқ президенти ва бош директори Брэд Грэй бу лавозимлардан кетгандан 3 ой ўтгач вафот этди, деб хабар бермоқда Entertainment Weekly нашри. У 14 май куни 59 ёшида Калифорниядаги уйида ҳаётдан кўз юмган. Унинг вафотига саратон сабаб бўлган.

Грэй тижорий жиҳатдан муваффақиятли (мисол учун, "Трансформерлар") ва "Оскар" билан тақдирланган фильмлар ("Нефть", "Чолларга бу ерда жой йўқ" каби фильмлар) чиқишига жавоб берган.

Бундан ташқари, Грэй Тим Бёртоннинг "Чарли ва шоколад фабрикаси" ва Мартин Скорсезенинг "Муртадлар" фильмларига продюсерлик қилган.

Грэй Paramount’га 12 йил бошчилик қилган. У, шунингдек, Брэд Питт ва Женнифер Энистон билан биргаликда Plan B Entertainment компаниясига асос солган.

Грэй киностудияни охирги йиллик зиёнлар сабабли тарк этганди. Таъкидланишича, бу зиёнлар 450 млн долларга яқинни ташкил қилган. 

Мавзуга оид