«Реал»нинг олтин боши». Узоқ кутилган чемпионлик қандай қўлга киритилди?
Машҳур мураббий Арриго Саккининг бир гапи бор: «Ёмон ўйинларни ким ютса, ўша чемпион бўлади». Испания чемпионатининг якунланган мавсуми бу фикрни тўла асослади. «Барселона» ўзининг ёмон ўтказган ўйинларида кўпроқ очко йўқотди, «Реал Мадрид» эса қийин баҳсларида асосий рақибига қараганда кўпроқ очко йиға олди. Охир-оқибат, шу жиҳат «Қироллик клуби»га орзиқиб кутилган чемпионликни тақдим этди.
Ла Лигада ғалаба қозониш мураккаб вазифа. Бу чемпионатда ҳар бир учрашувга жиддий ёндашиш талаб этилади. Йўқотилган исталган очко ҳал қилувчи бўлиши мумкин, барқарорлик бўлмаса, ғолибликни орзу қилиб ҳам бўлмайди. Зайниддин Зидан жамоаси, биринчи навбатда, барқарорлик эвазига бу мавсумда барча рақибларидан устун бўлди. Айнан барқарор ўйини билан «олтин дубль» (Ла Лига ва Чемпионлар Лигаси ғолиблиги) қайд этишга яқин турибди. Бу нақадар мураккаб вазифа эканини мадридликлар жамоаси сўнгги «олтин дубли»ни бундан 59 йил олдин қўлга киритганини эслатиш кифоя. Зидан салкам 60 йиллик тўсиқни йўққа чиқаришга жуда яқин.
Нега айнан Зидан? «Реал Мадрид» эмас? Мадридликлар гарчи доимо суперклуб саналиб келинган бўлса-да, барча мусобақаларда бирдек курашадиган жамоа саналмайди. Шунинг учун ҳам «Олтин требл» (бир мавсумда ҳам чемпионат, ҳам мамлакат кубоги, ҳам ЕЧЛ ғолиблиги) қайд этган Европанинг етти жамоаси орасида «Қироллик клуби»ни учратмаймиз. Дарвоқе, ушбу мавсумда Зидан жамоаси «олтин дубль» қайд этишга яқин турган бўлса, унинг ЕЧЛ финалидаги рақиби – «Ювентус» Европа футболи тарихида «олтин требл»га эришган саккизинчи жамоа бўлишга уринади.
Зиданга қайтамиз. Футбол афсонаси жамоани қабул қилиб олгач, биринчи қилган иши – футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилашга қаратилган эди. Буни у нафақат машғулотлар орқали, балки ўзининг ротациялари орқали ҳам амалга оширди. Мураббий таркибдаги барча шогирдларига имкон қадар бир хил ўйин амалиётини бера олди. Суперклубларда кам кузатиладиган ҳолат бу. Масалан, Зиданнинг устози саналган Анчелотти бунинг буткул тескариси эди. У барча мусобақаларда асосий таркибга таянган ҳолда кураш олиб борарди. Балки шунинг учундир, барча мусобақаларда ғолиб чиқишга жамоанинг кучи етмасди. Зидан шогирдлари эса ҳозир мавсум якуни эканига қарамай, ажойиб жисмоний ҳолатда бўлиб туришибди. Бутун мавсум давомида шу темпни ушлаб тура олишди улар.
Ҳар сафар унинг қўл остида таркибдаги 18 футболчи тайёр ҳолда турди – ҳам жисмоний, ҳам руҳий, ҳам тактик жиҳатдан. Уларнинг исталгани исталган вақтда жамоасига фойда бера олди. Ҳеч бири ўйиннинг умумий суратини бузиб қўймади. Энрикенинг «Барселона»сида эса бунинг акси бўлди. Каталонияликлар жамоаси очко йўқотган кўпгина баҳсларда айнан икки-уч нафар ротация вакилларининг қўпол хатолари қимматга тушди.
Бир эсланг-а, ҳатто Данило ва Коэнтрау, Касилья ёки Марианонинг жамоасига очко олиб келган ўйинлар бўлди. Иско, Начо, Хамес, Асенсио, Васкес ва Мората каби «захирачилар»нинг чемпионликдаги улушини эса гапирмаса ҳам бўлади. Уларнинг ҳар бири бир қанча муҳим голлар иштирокчиларига айланишди. Зидан уларни таркибнинг иккинчи таркиби аъзолари сифатида «ўтириб» қолишига ўзининг ротациялари орқали барҳам берди. Асосий таркиб саналган вакиллар ЕЧЛни забт этаётган бир вақтда, айнан «захирачилар» Ла Лигадаги ғолибликда кўпроқ ҳисса қўшишди.
Тенг тақсимланган куч Зиданга турли жароҳат ва дисквалификацияларни оғриқсиз ўтиб кетишига йўл очди. Исталган мураббий Бэйлдек футболчиси жароҳатдан боши чиқмай қолса, муаммо гирдобида қолган бўларди. Исталган мураббий, мавсумнинг асосий қисмини Роналдудек етакчиси сезиларли даражада бўш ўтказса, чора топа олмай қоларди. Зидан эса буни қийинчиликсиз эплади. Бензема йўғида Моратани, Роналдуни ўрнига ёш Асенсиони, Рамос ёки Марсело ёрдам бера олмаганда Начони катта саҳнага олиб чиқаверди. Бэйлнинг йўқлигида Иско ундан муҳимроқ футболчи эканига барчани ишонтириб қўйди ҳатто.
Охирги «Эл-класико»да учралган мағлубият «Реал»ни қийин аҳволга солиб қўйганди — энди жамоанинг хато қилишга ҳақи йўқ эди. Зидан қандай йўл тутди? Кейинги ўйинда «Риасор»да бутунлай бошқа таркибни майдонга туширди. Ахир «Барселона» бу ерда очко йўқотганига кўп вақт бўлмаган эди. Ишонч билдирилган «иккинчи» таркиб ишончни тўла оқлади.
Жисмоний ҳолат, ротация ва мураббийнинг ҳар бир футболчини ўйинга руҳан ва тактик тайёрлай олиши қийин кечган ўйинларда ҳам очко олиш имконини берди. Бундай баҳсларнинг аксариятида сўнгги дақиқаларда урилган голлар жамоага якунда чемпионликни тақдим қилди.
Зидан шу вақтга қадар «Қироллик клуби»га муаммо туғдириб келган тўсиқларни, нохуш анъаналарни четга улоқтириб ташлади. Бутун жамоани бир мақсад атрофида бирлаштирди, ўз характерини сингдирди. Шу учундир у Флорентино Переснинг энг омадли мураббий-топилмасига айланди. Одатда бошқа мураббийлар ишига ортиқча аралашиб, жамоа ўйинига зарар келтириб юрган президент ҳам ўзини иккинчи планга олди. Бу мавсумда вазият тўлалигача мураббий бошқарувида бўлди. Ва шу тарзда тўғри изга тушиб олган «Реал» ўз мухлисларига кетма-кет қувончли онларни тақдим қиляпти.
Лутфулло Турсунов.
Мавзуга оид
10:01 / 10.11.2024
Винида яна ҳет-трик, лекин Мадридда даҳшатли муаммолар
00:08 / 07.11.2024
«Реал» ўз йўлига тушиб олиши учун ҳал қилиниши керак бўлган 6 масала
13:17 / 06.11.2024
ЕЧЛда сенсациялар куни. «Реал» ва «Сити» ютқазди
12:52 / 27.10.2024