Жаҳон | 13:11 / 23.05.2017
10523
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон ЕХҲТнинг терроризмга қарши кураш бўйича мажлисида иштирок этишдан бош тортди

Фото: ЕХҲТ

Тожикистон бош прокуратураси, ИИВ, миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси, қатор жамоат ташкилотлари вакиллари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг “Терроризмга олиб борувчи зўравонлик экстремизмини олдини олиш” йиғилишида иштирок этишдан бош тортишди. Тадбир 23-24 май кунлари Венада бўлиб ўтмоқда.

ЕХҲТ сайтида хабар қилинишича, йиғилишда терроризм, экстремизм билан кураш, ушбу йўналишда ҳалқаро ҳамкорлик, интернетда сўз эркинлигини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама этилади.

“Азия Плюс” нашри мухбири Тожикистон вакиллари йиғилишда нима сабабдан иштирок этишдан бош тортгани билан қизиқди, бироқ ҳеч бир ташкилотда унга тайинли жавоб беришмаган. 

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Тожикистон ЕХҲТ фаолиятидан норози эканини бир неча бор билдириб ўтганди. Масалан, ўтган йилнинг 7 октябрь куни Тожикистон жамоат кенгаши ЕХҲТни иккиламчи стандартларни фойдаланишда айблади. Бундан ташқари, кенгаш 2016 йилнинг октябрь ойи бошида Варшавада бўлиб ўтган ЕХҲТ анжумани вақтида мухолифат вакиллари бўлганини ҳам қоралади. 

Таъкидланишича, Тожикистон ЕХҲТга биринчи навбатда, жамиятни демократлаштириш жараёнини ташкил этишдаги тажрибадан фойдаланиш, миллий, минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш, фуқаролик жамиятининг муҳим қадриятларини яратиш мақсадида киради.

Тожикистон сўнгги вақтларда ЕХҲТ билан ҳамкорлик қилишдан бироз йироқлашди. Шу тариқа, ЕХҲТнинг Душанбедаги офиси мандатини чўздириш ўтган йилнинг охирида анча вақт орқага сурилди. Бироқ 2017 йилнинг мартида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Тожикистондаги офиси мандатини яна ярим йилга чўздиришга муваффақ бўлди.

Мавзуга оид