Ўзбекистон | 19:11 / 25.05.2017
14860
2 дақиқада ўқилади

Рустам Азимов: “Иқтисодиётимизга йўналтирилган турк инвестициялари ҳажми 1 миллиард доллардан ошди”

Бугун, 25 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича IV Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Рустам Азимов ва Туркия бош вазири ўринбосари Йилдирим Тугрул Туркеш раислиги остида ўтказилди. Шунингдек, йиғилишда икки мамлакат вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари ҳам иштирок этишди. 

Кун тартибига мувофиқ, йиғилиш давомида савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий, техник ҳамкорлик, туризм, транспорт, коммуникациялар соҳасидаги алоқаларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди. 

“Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда 450га яқин турк компания ва фирмалари иш олиб бормоқда. Иқтисодиётимизга йўналтирилган турк инвестициялари ҳажми 1 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидланганидек, биз илғор турк бизнесининг Ўзбекистондаги фаолиятини янада кенгайтиришдан, кенг кўламли ва муҳим аҳамиятга эга лойиҳалар сонини оширишдан манфаатдормиз”, - дея қайд этди Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Рустам Азимов ўз нутқида.

Турк корхоналари бой тажриба ва замонавий технологияларга эга эканлигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон томонидан қуйидаги соҳаларда инвестиция ҳамкорлигини янада ривожлантириш таклиф этилди:
- электртехника маҳсулотлари;
- пахта хомашёсини чуқур қайта ишлаш орқали тайёр текстил маҳсулотлари;
- пойабзал ва тайёр чарм маҳсулотлари;
- замонавий қурилиш материаллари;
- халқ истеъмол моллари;
- озиқ-овқат маҳсулотлари;
- дори воситаларини ишлаб чиқариш.

Бугунги кунда Ўзбекистонда турк капитали иштирокидаги 441 корхона, шу жумладан, 100 фоиз турк капиталига асосланган 94 корхона фаолият юритмоқда.

Комиссия якунлари бўйича икки томонлама кўп режали ҳамкорликнинг кейинги ривожи бўйича аниқ ва муҳим келишувларга эришилди.

Мавзуга оид