Ўзбекистон | 17:33 / 25.05.2017
26659
2 дақиқада ўқилади

Туркия вазири Ўзбекистонда виза масаласини кўтарди

Туркия Республикаси иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи 25 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича IV Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида ўз нутқини мамлакатимиз ҳақида илиқ фикрлар билдириш билан бошлади: 

"Тўғрисини айтганда, ота юртимиз Ўзбекистонга келиб, чарчоқларимиз чиқиб кетди, бу ерга яна келишни мақсад қилдим. Бундай самимий меҳмондорчилик учун миннатдорчилик билдираман". 

Шундан сўнг Зейбекчи мақсадга ўтди, унинг сўзларига кўра, иқтисодий соҳада хатоларга йўл қўйиб бўлмайди, зеро бу соҳадаги хатолар кечирилмайди. Сиёсий алоқалар ривожи иқтисодий ва тижорий алоқалар ривожига боғлиқ. У томонлар тез-тез учрашиб туриши кераклигини таъкидлади. 

"Инвестицияларга оид масалаларни тезроқ ҳал қилиш керак. Давлат раҳбарларимиз учрашишидан аввал тахминан июнь-июль ойларида Туркияда яна бир учрашув ўтказиш лозим", - деди Нихат Зейбекчи. 

У эртага, 26 май куни Туркия вакиллари "Ургут" эркин-иқтисодий зонасига бориши, у ердаги муҳит билан танишиши ҳамда келгусида у ерда турк тажрибаси қўлланишини таъкидлади.

"Миллий валютада тижорат қилиш муҳим, - дея сўзларини давом эттиради Зейбекчи. - Туркиядан миллионлаб кишилар ота юрти Ўзбекистонга келишни хоҳлайди. Бироқ бунда виза муаммоси мавжуд - шу масалада ёрдам берилишини сўраб қоламиз, зеро бу жуда муҳим масала. Туркияликлар Ўзбекистонда эмин-эркин ҳаракатланиши учун шароитлар яратилиши керак. Биз ҳам ўз ўрнида, Туркиядаги ўзбекистонликларга янада қулай шароитлар яратамиз", - дея сўзларини якунлади Туркия иқтисодиёт вазири. 

Умуман олганда, шу куни туркиялик қардошларимиз виза масаласини қайта-қайта тилга олишди ва бу борада ижобий ўзгаришлар юз беришига умид боғлашди. 

Ўзбекистон бош вазир ўринбосари Рустам Азимов туркиялик ҳамкорларнинг мазкур таклифи чуқур ўрганиб чиқилишини таъкидлади. 

Мавзуга оид