Жаҳон | 11:44 / 27.05.2017
9821
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарасида икки бор ер силкиниши юз берди

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида 27 майга ўтар кечаси кучи 5 баллгача бўлган иккита зилзила юз берди. Бу ҳақда "Интерфакс" Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазирлигига асосан хабар тарқатди.

"Қирғизистон илм-фан миллий академияси сейсмология институти маълумотларига кўра, 5 баллик биринчи зилзила соат 01:09 да Ўш вилоятининг Чон-Олай туманида, Тожикистон билан чегарада қайд этилган", - дея айтиб ўтди агентлик суҳбатдоши.

Ер силкиниши маркази Тожикистон ҳудудида, Ўш вилоятининг Қора-Тейин овулидан 20 км масофада бўлган.

"Иккинчи зилзила 07:53 да юз берди. Сейсмостанция эпимарказда 3,5 баллик ер силкинишини қайд этди", - дея қўшимча қилиб ўтди суҳбатдош.

Унинг сўзларига кўра, зилзила маркази яна Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида бўлган. Қирғизистон ФВВ дастлабки маълумотига кўра, қурбонлар ва жабрланганлар йўқ.

Мавзуга оид