Спорт | 09:45 / 30.05.2017
13495
3 дақиқада ўқилади

Драматик финалдан кейин АПЛга чиққан учинчи жамоа номи маълум бўлди

«Ҳаддерсфилд» чемпионшипда ўтиш ўйинлари финалида, «Уэмбли» ўйингоҳида «Рединг»ни пенальтилар сериясида мағлуб этди ва ўз тарихида илк марта премьер-лигага йўлланма олди. 108 йил олдин тузилган бу жамоа 1972 йилдан буён юқори дивизионда ўйнамаган.

Чемпионшипда «Ҳаддерсфилд» 5-ўринни эгаллаганди, «Рединг» эса 3-ўринни. АПЛга ўтиш учун плей-офф ўйинларида «Ҳаддерсфилд» дастлаб «Шеффилд Уэнсдэй»ни пенальтилар сериясида мағлуб этганди, энди эса биринчи учрашувда «Фулҳэм» тўсиғидан ўтган «Рединг»ни пенальтилар сериясида иштирок этишга мажбур қилди ва ғалаба қозонди.

«Терьерлар» лақабли бу жамоани «Боруссия» Дортмунд жамоасида Юрген Клоппга ёрдамчи бўлган Дэвид Вагнер бошқармоқда.

Профессор Икс роли орқали мухлисларга яхши таниш британиялик актёр Патрик Стюарт ушбу жамоанинг ашаддий мухлиси ҳисобланади.

Қайд этиш керакки, бу жамоа ўтган мавсумда чемпионшипда 19-ўринни эгаллаганди. Жорий мавсумда «терьерлар» Англия Кубоги бешинчи босқичида (нимчорак финал) «Манчестер Сити» билан икки ўйин ўтказган ва 0:0, 1:5 ҳисобларини қайд этганди.

Чемпионшипда бундан аввалроқ биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган «Ньюкасл» ҳамда «Брайтон» жамоалари АПЛга йўлланмани қўлга киритганди. Бу уч жамоа энди кейинги мавсумда якунланган мавсумда лигани тарк этган «Сандерленд», «Мидлсбро» ва «Ҳалл Сити» ўрнини эгаллайди.

Чемпионшип
Плей-офф
Финал

Ҳаддерсфилд – Рединг 0:0 (0:0, 0:0, 0:0, 0:0), пенальтилар серияси - 4:3
Ҳаддерсфилд – Уорд, Хефеле, Леве, Смит (Крэйни, 88), Шиндлер, Ҳогг, Муй, ван Ла Парра, Браун (Палмер, 98), Уэллс, Качунга (Кванер, 66).
Рединг – Ал-Ҳабси, Мур, Блэккетт, Гантер, Илори, Уильямс, ван ден Берг (Обита, 64), Эванс, Свифт (Келли, 100), Грэббен (Макклири, 74), Керморган.
Пенальтилар серияси 
1:0, 1:1, 2:1, 2:2, 3:2, 3:3, 4:3.
Огоҳлантиришлар: ван ден Берг (17), Керморган (19), Ҳогг (29), Качунга (61), Смит (75), Обита (105).

Мавзуга оид