“Реал” – “Ювентус” учрашуви олдидан мутахассис ва мухлислар фикри қандай?
Кўҳна қитъа чемпионлар лигаси финали доим мухлислар диққат марказида бўлган. Бироқ, бу галгиси бошқача эътиборда. Чунки, мутахассислар фикрича, бугун майдонда тенг кучга эга икки рақиб учрашади. Футбол тахминларни ёқтирмаса-да, диёримизнинг турли бурчакларида яшовчи мутахассис ва мухлисларнинг ўйинолди фикрларини йиғишга ҳаракат қилдик.
Яҳёхон Ҳоджиев, Наманган вилояти
- Бу баҳс - худди шахмат ўйини каби мураккаб юришларга бой бўлади. Бир томонда тактика даҳоси - Аллегри, иккинчи томонда эса футбол оламида гўё йўналишсиз ва услубсиздек кўринадиган, бироқ йилдан-йилга кучайиб бораётган “ваҳший” Зидан ва “Реал”. Бизни супер жанг кутяпти. Ўйиннинг дастлабки 30 дақиқасида Зидан шогирдлари босим уюштиришади, ушбу босимдан “Ювентус” ўйинчилари қутула олишса, ўйин назорати улар томонига ўтади деб ўйлайман.
Агар “Реал” асосий вақтда гол уришга эришса, ўйин 90 минутда ҳал бўлмаган тақдирда ҳам ўта юқори жисмоний тайёргарлик эвазига қўшимча таймларда бемалол ғалабани илиб кетса керак.
“Ювентус”нинг ўйин аввалида бўладиган ҳужумлар ёмғиридан хабари бор ва бунга тайёр бўлса керак. Уларда ҳимоя беқусур. Аммо, “Реал”нинг ўйини чиқмай қолганда ҳам йўқ жойдан Роналду ёки Рамоснинг гол уриб қўйиши бор. “Ювентус” вақтини кутади. Ҳар қандай жамоада, айниқса “Ювентус” сингари жамоаларда битта гол уришга имконият бўлади. Агар шундай бўлса, ўша ягона гол эвазига “Ювентус” ғалабани илиб кетиши мумкин.
Эргаш Самиғжонов, Тошкент
- Икки жамоанинг ўзаро ўйинлар статистикасига мурожаат этадиган бўлсак, 19 ўйиндан 8 тасида “Реал” ғалаба қозонган, 9 тасида “Ювентус”. Икки ўйин дуранг билан якунланган. Деярли тенглик.
Киритилган тўплар нисбати эса 19-23 “Ювентус” фойдасига. Бошқа кўрсаткичлар бўйича ҳам жуда яқин сонларни кўрамиз. Икки жамоа ўртасидаги сўнгги ўйин 2015 йилнинг май ойида бўлиб, унда 1:1 дуранг ҳисоби қайд этилган. “Ювентус” сўнгги баҳсларда сифатли ва кўтаринки руҳдаги ўйин кўрсатяпти. Бугун жуда қизиқарли бўлган евроклассика ўйинини кўрамиз. Менимча, кичик ҳисобда “Ювентус” ғалаба қозонади ва Буффон Европа лигаларидаги ушалмаган орзусига бугун эришади.
Алишер Машрапов, Фарғона вилояти, Қува тумани
- Бугунги баҳснинг номи - “Даҳшатли финал”. Буни ҳатто, мутахассисларнинг : "2009-йилдан бери чемпионлар лигаси финалида тенг кучли рақиб тушмаган эди" деган фикрлари ҳам изоҳлаб турибди. Дарҳақиқат, тенг кучли рақиблар учрашуви. “Реал”да шижоат ва ҳужумкорлик бўлса, “Юве”да тартиб-интизом биринчи ўринда. Мен икки жамоада ҳам камчилик кўрмаяпман. Иккиси ҳам бир ҳафта илгари ўз чемпионатида пешқадамликни нишонлашди. Демак, дам олишга вақт топа олишган.
Тўғриси, Мадрид жамоаси мухлиси бўлганим учун 2014 ва 2016 йилги финалларда жамоам чемпион бўлишига 90% ишонгандим. Бугунчи? Йўқ, бугун мухлисликдан кўра вазиятга реал қарашни устун билиб имкониятларни тенг деб баҳолайман. Тўғри, бундан аввалги икки финалда “Реал” ғалаба қозонмаса хафа бўлар эдим. Бугун ундай эмас... Сабаби, бугунги баҳс “Кекса сеньора”нинг энг кекса вакили учун чемпионлар лигасида сўнги финал бўлиши кутилмоқда. Бугун биринчи марта жамоам ютқазса хафа бўлмайман. Қайтага жамоам ютқазгани учун эмас, шу инсон ғалабаси учун хурсанд бўламан. Хала Мадрид, Форзе Юве!
Юрий Саркисян, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий
- Қандай ўйин бўлади, дейсизми? Чиройли ўйин бўлади! Бугун ҳужумкор испан ва ҳимоявий итальян футбол мактабининг ўта гўзал баҳсига гувоҳ бўламиз. Тахмин қилишни ёқтирмайман. Лекин аниқ гап: қайси жамоа учрашувга яхши тайёргарлик кўрган бўлса, ўша жамоа ғалаба қозонади. Асосийси, мухлислар катта футбол байрамини томоша қиладилар. Бу икки жамоа ўйинига мухлислар нега қизиқишини сабаби, улар майдонга ишқибозларни хурсанд қилиш учун тушишларида. Кўринг, завқланинг, чунки сиз бунга лойиқсиз!
Элмурод Эрматов, Андижон
Мавзуга оид
14:28 / 28.10.2024
«Арсенал» жароҳатлар гирдобида, Италия дербисида янги юлдуз порлади. Кун ўйинлари
17:00 / 19.10.2024
«Ливерпул», «Барса» ва «Юве» учун жиддий синов. Дам олиш кунларида тавсия этиладиган 4 учрашув
02:06 / 15.08.2024
«Реал» «Аталанта»ни мағлуб этиб, УЕФА суперкубогини энг кўп ютган клубга айланди
01:58 / 02.06.2024