Жаҳон | 10:19 / 07.06.2017
17103
2 дақиқада ўқилади

Ар-Риёд муносабатларни тиклаш учун Қатарга ўз талабларини илгари сурди

Саудия Арабистони Қатар билан муносабатларни яхшилаш учун ушбу давлат ҳукуматига 10 шартини илгари сурди. Шу билан бирга, уларни бажариш учун 6 июнь кечқурундан бошлаб, 24 соатлик муҳлат тайинлади. Бу ҳақда Саудиянинг "Ахбар ал-эн" янгиликлар портали хабар қилмоқда.

5 июнь куни Саудия Арабистони, Миср, Баҳрайн ва БАА Қатар билан дипломатик ва консуллик муносабатларини узганини эълон қилди. Улар расмий Дохани террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ҳамда Яқин Шарқдаги вазиятни издан чиқаришда айблашди. Ливиянинг шарқий ҳудудлари ҳукумати, Яман, Мальдив ороллари ва Маврикий ҳам кейинчалик Қатар билан шундай йўл тутишди. 

Порталга кўра, илгари сурилган талаблар орасида — Эрон билан дипломатик муносабатларни зудлик билан узиш, "Мусулмон биродарлар" ва ХАМАС ҳаракатларининг барча аъзоларини чиқариб юбориш, уларнинг банклардаги ҳисоб рақамларини музлатиш ҳамда ушбу гуруҳлар билан ҳар қандай ҳамкорликни тўхтатиш кабилар бор. 

Бундан ташқари, Саудия подшоҳлиги Қатар ҳукуматидан Дохадан эфирга узатилувчи "Ал-Жазира" телеканали сиёсатини ва унинг раҳбариятини ўзгартиришни талаб қилган. Бундан кўзланган мақсад, телеканал дастурлари Форс кўрфази ва араб дунёси манфаатларига зид келмаслигини таъминлашдир.

Мавзуга оид