Жамият | 23:26 / 07.06.2017
10524
1 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда оч қолган эчки минг долларлик купюраларни чайнаб юборди

Фото: ANI

Ҳиндистонлик фермер эчкисига ўз вақтида овқат бермагани учун қаттиқ пушаймон еди: оч қолган эчки умумий қиймати 62 минг рупийни (962 доллар) ташқил қилган 31 та купюрани чайнаб юборди. Бу ҳақда NDTV телеканали хабар бермоқда.   

Воқеа Уттар-Прадеш штатидаги қишлоқда яшовчи Сарвеш Кумар Пал исмли фермер билан содир бўлган. Фермер 66 минг рупийга ғиштли уй сотиб олмоқчи бўлган ва барча пулни шими чўнтагига солиб қўйган. 

Пал ваннада чўмилаётганда унинг оч эчкиси купюралар билан "тамадди қилиш"га қарор қилган. Эчки бунга шунчалик берилиб кетганки, 62 минг рупийлик банкноталарни чайнаб юборган.

Эчкининг бу "ҳашаматли тановулидан" кейин фермерда бор-йўғи 2 та 2 минг рупийлик банкнота қолган, бироқ улар ҳам яроқсиз ҳолда бўлган. Эчкининг бундай шумлигидан кейин тақдири не кечгани маълум қилинмаган.

Мавзуга оид