20 ёшли латвиялик теннисчи "Ролан Гаррос"да мўъжиза кўрсатиб, мусобақа ғолибасига айланди
20 ёшли латвиялик Елена Остапенко Францияда ўтаётган "Ролан Гаррос" мусобақаси финалида руминиялик Симона Халепни 4:6, 6:4, 6:3 ҳисобида мағлуб этиб, ўз фаолиятида "Катта дубулға" сериясига кирувчи биринчи мусобақани ютди ва умуман фаолиятидаги биринчи унвонни қўлга киритди. Бунгача латвиялик теннисчи WTA мусобақаларининг учта финалида ютқазганди.
Остапенко "Катта дубулға" мусобақасини ютган биринчи латвиялик теннисчи бўлди. Бундан ташқари, Остапенко US Open-2004’ни ютган Светлана Кузнецовадан кейин "Катта дубулға" мусобақасини ютган энг ёш теннисчи бўлди.
Мусобақага дунёнинг 47-ракеткаси сифатида келган теннисчи 1933 йилдан бери бу мусобақанинг кучли теннисчилари қаторига киритилмаган илк чемпиони бўлди. Мусобақа натижаларига кўра, Остапенко эндиликда аёл теннисчилар рейтингининг 12-поғонасига кўтарилади.
Эътиборлиси, ўзининг биринчи унвонини "Катта дубулға"да юта олган охирги теннисчи Густово Куэртен бўлган эди ва у буни айнан "Ролан Гаррос"да 1997 йил 8 июнда – Остапенко дунёга келган кун амалга оширган.
8 июнда 20 ёшини қаршилаган Остапенко учун бу нуфузли мусобақада ғолиб бўлиш албатта унутилмас совға бўлди.