Ўзбекистон | 23:56 / 14.06.2017
17751
2 дақиқада ўқилади

Алишер Султонов: "Лукойл"нинг эски шохобчаларни сотиб олишига доир гап-сўзлар уйдирма!

"Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси бошқарув раиси Алишер Султонов Россиянинг "Лукойл" компанияси эски ёқилғи қуйиш шохобчаларини сотиб олиши ҳақидаги гап-сўзларни қатъиян рад этди. Бугун Халқаро Пресс-клубда Ўзбекистоннинг нефть ва газ тизимидаги ўзгаришлар ҳамда истиқболдаги режаларига бағишланган йиғилишда шу ҳақда маълум қилинди.

Анжуманда қатнашган "Кун.уз" ходимига кўра, Султонов бу борада шундай деган: 

"Лукойл"нинг кимнингдир ёқилғи қуйиш шохобчаларини харид қилиши - уйдирмадан бошқа нарса эмас! "Лукойл" - ўз корпоратив сиёсатига эга бўлган нуфузли компания, шу боис ҳеч қачон бундай қилишни ўзига эп кўрмайди. Компания янги жой сотиб олиб, ўша ерга янги шохобча қуради". 

У бундай миш-мишларнинг негизи собиқ UzGazOil ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи ишчиларига бориб тақалиши мумкинлигини айтди ва UzGazOil акцияларининг 100 фоиз "Ўзбекнефтгаз"га тегишли бўлганини ёдга солди. Бу мавзу атрофидаги гап-сўзларга чек қўйиш мақсадида А.Султонов қўшимча изоҳ бериб ўтди. 

"Биз тузилмани янгиладик, яъни кўп соҳаларда икки босқичли бошқарув тизимига ўтаяпмиз. Бу эса баъзи трестларнинг қисқаришини кўзда тутади. Суюқ углеводородларни қайта ишлаш, нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи компания, яъни "Ўзнефтмаҳсулот" турганда UzGazOil'нинг нима кераги бор?!", - дея изоҳ берди Султонов. 

Нима учун "Лукойл"нинг Тошкентдаги ёқилғи қуйиш шохобчаси очилиши ортга сурилаётгани тўғрисидаги саволга "Ўзбекнефтгаз" раҳбари ҳал қилинмаган ташкилий масалалар борлигини, яқин орада уларнинг ўз ечимини топишини маълум қилди. Шунингдек Алишер Султонов "Лукойл" ёқилғиси сифат жиҳатдан юқори бўлиши ва табиийки, нархи ҳам шунга мувофиқ бўлишини айтди. 

Мавзуга оид