Россия Банки раисининг ваколати яна беш йилга узайтирилди
Эльвира Набиуллинанинг Россия Банки раиси лавозимидаги ваколатлари 24 июнь кунидан яна беш йилга узайтирилди.
Аввал иқтисодий ривожланиш вазири ва давлат раҳбари ёрдамчиси лавозимларини эгаллаган Набиуллина Россия Банкига 2013 йилнинг 24 июнь куни раҳбар этиб тайинланган.
Набиуллина ўз олдига яқин беш йилда Россияда паст ва барқарор инфляцияга эришиш, банк тизимини соғломлаштириш жараёнини якунлаш, пенсиялар ва суғурта соҳасидаги молиявий хизматларни ривожлантириш каби вазифаларни қўймоқда.
Набиуллина МБдаги иши давомида қатор депутатлар ва тадбиркорлар томонидан валюта сиёсати учун танқид қилинган. Хусусан, уни 2014 йилдаги рубль девальвацияси, ҳамда муҳим ставканинг аста-секин пасайишида айблашади. Бундан ташқари, у 2013 йилда бошланган банк секторини “тозалаш” бўйича ишлар туфайли ҳам кескин танқид қилинганди. Бунинг оқибатида Россиядаги банклар сони тахминан учдан бирга қисқарди.
Шу билан бирга, РФ президенти Владимир Путин Набиуллина ўтказаётган сиёсатни бир неча бор қўллаб-қувватлади. Жумладан, айнан Набиуллина инфляция билан қатъий кураш олиб борди.
Путин 22 март куни Набиуллина номзодини Давлат думасига ваколатларни узайтириш учун тақдим этди. “Россия Банки тўғрисида”ги қонунга кўра, МБ раиси Давлат думаси томонидан депутатларнинг кўпчилик овози билан беш йилга тайинланади. Бу лавозимга номзодни эса РФ президенти, МБнинг амалдаги раҳбари ваколатлари муддати якунланишига уч ой қолганида тақдим этади.