Русларнинг Су-27 қирувчи самолёти Американинг разведкачи-самолёти билан яқинлашди (фото)
АҚШ қуролли кучларининг Европадаги қўмондонлиги Россиянинг Су-27 қирувчи ҳарбий самолётининг RC-135U разведкачи самолётига яқинлашгани фотосуратларини эълон қилди. Су-27 томонидан тутиб олинган чоғда Америка самолёти Болтиқ денгизи узра халқаро ҳаво ҳудудида парвоз қилаётган эди.
«Яқинлашишнинг катта тезлиги ва тутилиш вақтида ҳаво кемаси устидан назорат кучсиз бўлгани боис, яқинлашиш хавфли деган тўхтамга келинган», — дейилади хабарда.
Болтиқ денгизи узра Америка разведкачи-самолёти ёнидан рус қирувчи самолётининг учиб ўтгани ҳақида дастлаб Fox News канали хабар берди. Манбаларга кўра, Су-27 RC-135нинг ёнидан бир ярим метр масофада парвоз қилган, ўзини «провакацион» тутган ва тартибсиз ҳаракат қилган.
Кейинчалик Россия мудофаа вазирлиги АҚШнинг разведкачи-самолёти Россия чегараси томон парвоз қилганини ва кузатиш чоғида эса Россиянинг Су-27 қирувчи самолёти томон бурилиб, кескин яқинлашишга ҳаракат қилганини таъкидлаб ўтган. Идоранинг берган маълумотига кўра, ўша ҳудудда яна бир RC-135 самолёти ушланган.
Фото манбаси: Master Sgt. Charles Larkin Sr/U.S. European Command