Саудия Арабистонида бахмалли давлат тўнтариши рўй бердими?
Саудия Арабистонида валиаҳд шаҳзода бўлишдан осон иш йўқ — бунинг учун сулоланинг тож кенгаши қўллови (дарвоқе, унда тахтдаги подшонинг фикри ҳисобга олинса ҳам, ҳал қилувчи ҳисобланмайди), диний доиралар фотиҳаси ва Вашингтоннинг розилигини олиш кифоя.
32 ёшли Муҳаммад ибн Салмон Ол Сауд бу уч манфаатли томоннинг қўллаб-қувватлашига эришди ва Ар-Риёдда энди ҳозирги қирол Салмон Ол Сауд ҳамда унинг учинчи хотинининг ўғли бўлмиш, анъанавий валиаҳдлардан ёш ва норғул, янги валиаҳд шаҳзода бор.
Фото: Reuters
Эсанкиратувчи ўрин алмашишлар
Қироллик тахтининг аввалги вориси, қиролнинг жияни, бир вақтнинг ўзида ички ишлар вазири лавозимини эгаллаб турган Муҳаммад ибн Ноиф кутилмаганда бу унвондан маҳрум этилган ва ҳаттоки вазирлик лавозимидан ҳам олиб ташланган. Хуллас, у бир зумда беш дақиқаси кам қиролликдан «қариндошчилик»нинг номаълум даражасигача туширилган.
Қиролликнинг шу воқеа юзасидан чиқарилган декретида, кўпчилик кузатувчилар томонидан «бахмалли давлат тўнтариши», деб аталаётган эсанкиратувчи ўрин алмашишларнинг сабабини — «алоҳида вазиятлар» эканлиги айтиб ўтилган. Уларнинг моҳияти оммага ошкор этилмаган эса-да, сабаблар тож кенгашининг 34 аъзосидан 31 нафарини «кичик шаҳзода» ва қиролликда MBS деб аталадиган Муҳаммад ибн Салмонга овоз беришга ундай олган.
Жума куни Маккада ўтказилган махсус маросимда сулола аъзолари янги валиаҳдга садоқат борасида қасамёд қилишди, ҳозирча эса турли гап-сўзларга чек қўйиш мақсадида илгари «мураккаб иқтисодий шароитлар» важи билан бекор қилинган, ҳарбийлар ва давлат сектори ходимларига қўшимча иш ҳақи, бонуслар ва махсус тўловлар қайта тиклангани ҳақидаги фармон чиқариб қўйилди. Бир вақтнинг ўзида Ийд ал-Фитр ҳам одатдаги 10 кун ўрнига 17 кун байрам қилинадиган бўлди.
Бир йилгина муқаддам айнан MBS тахтдан ярим қадам наридаги позицияни эгаллайди, деб ўйлашнинг ўзи хаёлга сиғмас эди. Ҳа, отаси тахтга ўтирганидан сўнг ҳокимият чўққилари томон парвоз қилиб, бош вазирнинг иккинчи ўринбосари, жаҳондаги энг ёш мудофаа вазири бўлиб олган Муҳаммад ибн Салмон қисқа вақт ичида 30 ёшга тўлмаган ёшлар аҳоли сонининг 60 фоизни ташкил этувчи мамлакатда ёш авлоднинг севимли сиёсатчисига айланди-қолди.
MBSнинг иккинчи туби
Фото: AP
Ҳа, Жаҳон уран захираларининг 6 фоизига эгаликдан тортиб, Маккадаги 4 миллион квадрат метр бўш ерларгача «Саудия Арабистони — хўжасизларча ишлатиладиган бойликлар Клондайки» эканлигини таъкидлаб, моҳиятига кўра, мамлакатни нефть долларларига боғлиқликдан қутқариш учун VISION-2030 стратегиясининг қабул қилинишга бош қўшиб, MBS маҳаллий буржуазия ҳамда Boeing, Airbus, GM, Sony, Siemens ва бошқа гигантлардан иборат хорижий инвесторларнинг симпатиясига сазовор бўлди.
Бироқ, сулола ичида ҳам, руҳонийлар орасида ҳам мавжуд «пешонаси қаттиқ» консерватив доираларда у бегона, амбициялари баланд жўжахўроз сифатида қабул қилиниб, унинг ҳар бир қадами қаршиликлар ва норозиликлару қоралашларга сабаб бўлаётган эди.
Вашингтон учун ҳам унинг амакиваччаси Муҳаммад ибн Ноиф маъқулроқдек эди. Америка махсус хизматларининг энг юқори доираларида танишларга эга бўлган Ноиф, «антитеррор шаҳзода» номи билан машҳур эди ва АҚШда у «Ал-Қоида» ва шу сингари бошқа террорчиларга қарши энг содиқ иттифоқчи, уларга қарши американча кўникма ва шарқона шафқатсизлик билан курашувчи одам ҳисобланарди.
Муҳаммад ибн Ноиф
Террорчилар ҳам шунга яраша жавоб қайтаришга ҳаракат қилишарди — 2009 йилда худкуш террорчилардан бири ўзининг тўғри ичагига портловчи қурилма жойлаштириб, у билан учрашувга келади. Бироқ, суиқасднинг бундай оригинал усули самарали эмаслиги ойдинлашади — ибн Ноиф бироз жиддий бўлса-да, фақатгина яраланади. Тузалганидан сўнг эса курашини охиригача олиб боради — АҚШ махсус хизматлари билан жипс ҳамкорликда у Арабистон яриморолида «Ал-Қоида»нинг уруғини қуритади, уни молиялаштириш каналларини фақат мамлакат ичида, балки қўшни монархияларда ҳам кесиб ташлашга муваффақ бўлади.
Бу ишларнинг ҳаммаси Обама президентлигида бўлиб ўтган бўлса ҳам, Трамп ҳам аввалига MBSга ҳеч қандай алоҳида бир симпатия билдирмаётганди. Шу йилнинг март ойида бўлиб ўтган учрашувларида у ёш шаҳзодани анча совуқ қарши олади, Оқ уйнинг ушбу учрашув борасидаги расмий ҳисоботлари эса қисқагина ва қуруққина эди. Тўғри, ёш шаҳзода бундан асло хижолат бўлгани йўқ. Айнан у Трампнинг Ар-Риёдга ташрифини тайёрлашга бош-қош бўлади ва ана шу ташрифдан сўнг Оқ уйнинг «ёш шаҳзода»га муносабати тубдан ўзгаради, бунинг ортидан тож кенгаши ва руҳонийларнинг ҳам унга нисбатан фикрларида ўзгариш рўй беради.
Бундай кутилмаганда ва якдил севги ҳар доим ҳам, юмшоқроқ қилиб айтганда, ғалати кўринади ва бу ерда бошқа гап — «иккинчи туб» борлиги ҳақида шубҳалар уйғота бошлайди. MBSда эса у ҳақиқатдан ҳам бор. Аниқроқ қилиб айтиладиган бўлса, унда «иккинчи туб» ҳам эмас, шунчаки, ҳокимият чўққиси — икки муқаддас масжид хизматкори тахтини эгаллаш учун аниқ қилиб ҳисобланган ва чизилган стратегия бор.
Яксон қилишмаганининг ўзи муваффақият
Фото: РИА "Новости"
Қироллик оиласининг кўп сонли жамғармалари, мамлакатнинг гигант ҳарбий бюджети ва «Саудийлар Уйи марвариди активлари», SAUDI ARAMCO нефть гигантини бевосита бошқаришга тааллуқли жамики нарса маҳаллий ва хорижий, унвонларга эга бўлмаган технократларнинг вазифаси бўлган. Сулола аъзолари фақатгина қаймоқларини йиғиштириб олиб, уни фақат ўз эҳтиёжлари учун дарҳол харжлаб юбориш билангина машғул бўлишган. «Кичик шаҳзода» бу анъанага барҳам бериб, молиявий оқимларни бошқариш жиловини ўз қўлига олди. Ажойиб кунларнинг бирида, унинг қариндошлари ҳам, турли жамғармалар кетидан кун кўриб юрган руҳонийлар ҳам пул истаб қаерга бош суқишмасин ҳамма ерда MBS ва унинг одамлари турганини билиб қолишади. Ёш шаҳзодага мухолифатда бўлиш моддий жиҳатдан ниҳоятда зарарли эканлиги ойдинлашди-қолди.
Ибн Ноиф муаммосини алоҳида қийинчиликларсиз эплаб олишди, чунки унинг барча ижобий сифатлари бир томонда турган тақдирда ҳам, унда маҳаллий ўлчовлар бўйича ўта жиддий ҳисобланувчи бир муаммо мавжуд эди — унинг ўғли йўқ. Бу эса сулола ва қироллик бошлиғи сифатида унинг номзодини маҳаллий арбоблар ва киборлар орасида, юмшоқроқ қилиб айтганда, бироз заиф қилиб қўяётган эди.
АҚШ қолаётган эди. Бу ерда, албатта, пул «рол ўйнамасди». «Ёш шаҳзода» фойдасига ибн Ноифдан воз кечишга фақат бирор улкан нарса ундай оларди, буни эса MBSнинг ўзидан бошқа инсон таклиф эта олмасди. Ана шу «қандайдир» нарсани Муҳаммад ибн Салмон топишга муваффақ бўлди — Ар-Риёднинг Исроилни тан олиши ва икки давлат ўртасида кенг миқёсли келишув имзоланишини ваъда қилди. Боз устига, у бу лойиҳага Саудияга боғлиқ, Форс кўрфазидан тортиб, Иордания ва бошқаларгача — барча мусулмон давлатлари бош қўшишини кафолатлади. Кўз олдиларидан бундай истиқбол турганини кўриб, америкаликлар нафақат MBSни қўллаб-қувватлашга рози бўлишди, агар имкониятлари бўлганида, эртагаёқ унга тож кийдиришарди.
Натижада, барча уч манфаатдор томонлар ягона фикрга келишди — «кичик шаҳзода» валиаҳд ва давлат раҳбари бўлишга жуда ҳам лойиқ.
Ия, у ташаббускори ва раҳбари бўлган Ямандаги муваффақиятсиз уруш-чи? Саудия Арабистони усиз ҳам жанг майдонида шавкатли ғалабалари билан донг таратмаган: саудияликларни ўзини яксон қилиб ташлашмагани ҳам катта муваффақият, аслида.
Аёл ҳам одам
Жамоатчилик ҳаётини модернизация қилиш ва аёл ҳам инсон эканлигига шамалар? Яхшиси кичикроқ нарсани қурбон қилиш керак — аёлларга машина рулига ўтиришга рухсат беришми ё мусулмон оламида етакчиликни қўлдан бой бериб, у билан бирга бошлардан ҳам жудо бўлишми?
Ахир MBSнинг маҳаллий элитага ёқаётган жиҳати — Саудия Арабистонининг Яқин ва Ўрта Шарқдаги гегемонлигини қўллаб-қувватлаш масаласида унинг тажовузкорлиги, Эронга нисбатан ҳаддан зиёд, баъзи ўринларда ҳаттоки иррационал нафрати, унинг ҳар қандай йўл ва воситалар билан Ар-Риёд иродасини буюриш ва ҳамкорларига ўтказишга бўлган уринишидир — бугун буни «кичик шаҳзода»дан Ямандаги ҳусийчиларга қарши курашиш учун ҳарбий контенгент жўнатиш топшириғини олган Покистон ўз танасида ҳис қилмоқда..
MBS сиймосида маҳаллий элита мусулмон оламида саудияликларнинг алоҳида ўзига хослигини тасдиқлаб олиш имкониятини кўришмоқда. Америкаликлар эса Яқин ва Ўрта Шарқни қайта форматлаш, жумладан, Эрон ва «шиалар ёйи»га боғлиқ режаларининг ишончли ва принципсиз ижрочиси кўришмоқда. Токи Муҳаммад ибн Салмон бу ишончларга мос келиб турар экан, унинг Саудия Арабистони Қироллиги тахти сари тутган йўлида ҳеч бир тўсиқ бўлмайди.
Мавзуга оид
08:10 / 12.11.2024
Ўзбекистонга Саудия компанияларининг қарийб 2,5 млрд долларлик инвестициялари жалб этилади
19:01 / 11.11.2024
Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
09:25 / 11.11.2024
Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига жўнаб кетди
18:01 / 10.11.2024