Light | 15:51 / 26.06.2017
65525
15 дақиқада ўқилади

BMW компаниясида ишловчи ўзбекистонлик орзусидаги иш ҳақида

BMW – ҳар бир авто соҳибининг орзуси. Бу орзунинг ишлаб чиқарилиши ичкаридан қандай кўринади? BMWнинг дастурий таъминот бўйича муҳандиси, ўзбекистонлик Шокир Тўлаганов энг йирик автоконцернлардан бирига ишга қандай жойлашгани, у ерда ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари ва компаниянинг келгуси режалари ҳақида сўзлаб берди, деб ёзади Kommersant.uz.

Фото: Kommersant.uz

Авиация, “Юный техник”, Apple

Болалигимда самолётсоз бўлишни хоҳлардим. Отам Чкалов номидаги ТАИБда ва 243-авиатаъмирлаш корхонаси (ҳозирги Uzbekistan Airways Technics)да ишларди. У Ил-76 самолётини яратиш ва унга хизмат кўрсатиш, Ан-124 Руслан ва Ан-224 Мрия учун қанотлар тайёрлаш бўйича ишлаган. Кичиклигимдан мени бу корхоналарга тез-тез олиб борар, аэродинамика асосларини, қанотлар тузилишини ва самолётларнинг бошқа хусусиятларини тушунтирарди. Етти ёшлигимда мен кўзимни юмиб туриб, ҳар қандай совет самолётлари турини двигателининг овозидан аниқ айтиб бера олардим.

Ўн ёшимдан авиамоделлаштириш тўгарагига қатнаганман, бўш вақтимни бутунлай ўша ерда ўтказардим: планерлар, турли самолётлар ясардим, барча шаҳар ва республика мусобақаларида қатнашардим. Ҳозиргидек ёдимда – баъзида ўзим йиққан ички ёнув двигателили самолётни уйга олиб кетганимда, Қоратошдаги маҳалла болалари мени ўраб олиб, самолётни учиришни сўрашарди. Авиацияга қизиқишим ҳануз сўнмаган – авиасалонларга мунтазам қатнайман.

Тўққизинчи синфда ҳисоблаш техникаси ва дастурлашга тасодифан қизиқиб қолдим. Информатика дарсида дастлаб ҳеч нарсага тушунмадим. Ўқитувчимиз Сабина Анатольевна содда тузилмавий диаграмма чизмасини миямга жойлаш учун узоқ ва жидду жаҳд билан ҳаракат қилганди. “Правец” компьютерларидаги Бейсик тили ҳақида гап ҳам йўқ эди у пайтларда. Бир куни алгоритм нималигини билиб олишга қарор қилдим. Бу муайян қоидаларга бўйсунувчи амалиётларнинг мантиқий занжири эканлигини тушунганимда, кўз олдим чароғон бўлди ва масалаларни кетма-кет ҳал қила бошладим. Болалигимдан “Юный техник” журналига обуна бўлардим, отам йиғиб қўйган, 50- ва 60-йиллардаги сонлари ҳам сақланиб қолганди. Уларда ЭҲМ ҳақида кўп ёзиларди, ўша ердан қизиқарли масалаларни топиб ечишга одатландим.

Фото: Kommersant.uz

Кейин нафақат Тошкент, балки бутун мамлакат миқёсидаги муҳим воқеа рўй берди. Москва, Киев, Минск ва Тошкент бўйлаб “АҚШ ҳаётида информатика” Америка кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазма мажмуига кириш деярли иложсиз эди – шаҳарнинг ярми навбатда турар, кўпчиликка кўргазманинг ўзидан ҳам кўра, кўкрак нишони, чиройли журнал ва пакет олиш қизиқроқ эди. Мен эса ичкарига амаллаб суқилиб кирдим ва… оғзим очилиб қолди. Ўшанда мен биринчи марта сичқончали Apple компьютерларини, тачскринли дисплейларни кўрдим. Бу ҳали 1989 йил эди! Бутунлай бошқа дунё эди бу.

Таълим

80-йиллар охирларида мен Киевдаги Фуқаролик авиацияси муҳандислари институтида ўқишни режалаштиргандим, аммо иттифоқнинг парчаланиши режаларимни ўзгартириб юборди. Қолаверса, отам бевақт оламдан ўтди ва энди онам, синглим, бувимни ташлаб узоққа кетишни хаёлимга ҳам келтириб бўлмасди.

Мен қаерга ўқишга киришни аниқ ҳал қилолмасдим. Онам Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги мелиорацияси институтига киришга кўндирди. Мен чет элдаги ўқишга ўтиб кетишни ўзимга мақсад қилиб қўйгандим, лекин учинчи курсдан ўқишни ташладим. Ўша пайтда кўпроқ бугунги кун билан яшардим ва чет эл компанияларига хизмат кўрсатиш билан шуғулланардим: таржимадан тортиб бизнес-консалтинггача кўмаклашардим. У пайтларнинг меъёрлари бўйича ёмон пул топмасдим, мамлакат ичида ҳам, чет элда ҳам кўп танишлар орттирдим. Лекин чет элда ўқиш фикри менга тинчлик бермасди.

Охир-оқибат, мен Германияга келдим, бу ерда Ульм университети бакалавриати ва магистратурасини “Информатика” йўналиши бўйича битирдим. Аспирантурага таклиф қилдилар, лекин ўқишдан чарчаганим сабабли, олдин бироз ишлашга қарор қилдим. Nokia компанияси анчадан бери ишга чақирарди – ўқиш давомида уларнинг тадқиқот маркази билан дастурчи сифатида ҳамкорлик қилиб юрардим. Ўша ерга ишга кирдим. Аспирантура эса қолиб кетди.

Nokia, Kuka роботлари, BMWга таклиф

Менинг биринчи лойиҳам S40 платформаси линиясини маҳаллийлаштириш бўлди. Мен телефонлар дунёнинг кўплаб тилларида, жумладан рус ва ўзбек тилларида ишлай олишига жавоб берардим. Бинобарин, қачондир рус ёки ўзбек тилидаги менюси бор “Нокиа”дан фойдаланган бўлсангиз, билингки, бу пакетларни мен тайёрлаганман. Дарвоқе, Nokia 3310 ва 6310 каби машҳур моделлар Ульм шаҳридаги бизнинг марказимиздан чиққан.

Кейин мен чет иловаларнинг интеграцияси бўйича лойиҳалар билан шуғулландим – Facebook ҳамда Instant Messanger иловаларига жавоб берардим.

2012 йилда Nokia банкрот бўлди, мен эса Kuka – автомобиль ва бошқа техникаларни йиғувчи, дунёда энг кенг тарқалган саноат роботларини ишлаб чиқарувчи компаниядан таклиф олдим. Kukaда мен build management тизимини ишга тушириш ва Continious Integration (узлуксиз интеграция) режимида build-жараёнларни автоматлаштириш билан шуғулландим.

Лойиҳа якунига етиб, фақат қўллаб-қувватлаш, вақти-вақти билан арзимаган ўзгаришлар киритиб туришгина қолганда, бу иш менга зерикарли кўрина бошлади. LinkedIn орқали менга иш берувчилар, хедхантерлар мунтазам ёзиб туришарди. BMW билан ҳамкорлик қилувчи ходимларни ёллаш агентлигидан ҳам ёзишди. Уларга build managment ва Embedded systemsга дастурий таъминотни интеграциялашда тажрибага эга одам керак эди, чунки бу ерда ҳам Continious Integration режимига ўтиш режалаштирилганди. Бу эса, мен узоқ йиллар шуғулланиб юрган йўналишим эди. Биз бир-икки ёзишдигу, шу билан уларни эсдан ҳам чиқиб кетди. Бир неча ҳафтадан кейин улар яна менга хат йўллашди ва BMW компаниясига суҳбатга чақиришди, у ерда менга ишга кириш таклиф этилди.

Фото: Kommersant.uz

Мени ишга олишганда яшаш ва ишлашга рухсатномам бор эди, шу сабабли чет элдан ишга жойлашиш таомилини яхши билмайман. Лекин, хориждан келиб, шу ернинг ўзида рухсатнома олган кўплаб одамларни биламан. Компания кўчиб келишга ҳам, ҳужжатларни расмийлаштиришга ҳам ёрдам беради. Барчаси иш берувчи янги ходим олишдан қанчалик манфаатдор эканига боғлиқ. Нақ Австралиядан, бутун оиласи ва яна катта контейнер тўла уй жиҳозлари билан кўчиб келиши харажатини компания қоплаган одамларни биламан.

BMWнинг ички ҳаёти

Дастлабки икки ой жараёнларни ўрганишга, курсларни ўташга ва сертификатлар олишга кетади. Ҳозирда мен Driving Assistency Systems бўлимида ишлайман, VDP (Vertical Dynamic Platform) лойиҳасига ва премиум тоифасидаги автомобиллар: BMW 7, Rolls-Royceнинг вертикал осмаси контроллерига жавоб бераман. Менинг ишим “темир” етказиб берувчилар билан ишлаш, автомобиль ДТ ягона тизимига интеграциялаш ва дастурчиларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришдан иборат. Иккинчи вазифам бошқа контроллерларга жавоб берувчи интеграторлар жамоасини мувофиқлаштиришдир (Team lead). Учинчи вазифа – ДТ ташқи етказиб берувчилари билан ишлаш: техник топшириқ тайёрлаш, тендерлар эълон қилиш ва ғолибларни танлаш. Кўпинча ҳиндистонлик компаниялар ютиб чиқадилар. Ўзбекистонда, бутун собиқ иттифоқ ҳудудидаги каби, бизнинг талабларимизга жавоб берадиган фирмалар ҳозирча мавжуд эмас.

Иш ҳақи қанчалигини айтиб ўтирмайман. Ўзингиз биласиз, инсон қанчалик кўп топмасин, доимо кам кўринади. Лойиҳавий бонуслар бор, алоҳида келишувлар бор. Ҳаммасини келишса бўлади.

Менда шу корхонага тегишлилик ҳисси йўқ, аввалги ишхоналарда ишлаганимда ҳам бўлмаган. Мен ўз хизматларим ва билимларимни сотаман, зиммамдаги вазифаларни бажараман ва бўш вақтимни ўзимга ва яқинларимга бағишлайман. Шуниси менга қулай – бу мавқедан туриб ишнинг турли жиҳатларига танқидий ёндашиш осон бўлади. BMWнинг Мюнхендаги бўлинмасида 40 000 нафар ходим ишлайди, бу кичикроқ шаҳар аҳолисидир. Муносабатлар ҳам шунга яраша – мен фақат ўз қўшниларимни танийман, нариги кўчадагиларни йилда бир марта кўрсам-кўраман, бўлмаса ўша ҳам йўқ.

Бу “шаҳарча”нинг ўз қувончлари, ташвишлари, ҳаяжонли дамлари бор. Бошида мени яхши қабул қилдилар, ҳамма дўстона муомалада бўлди. Мен аста янги ишга кириша бошладим, деярли ҳеч ким билан бақамти келмадим. Тўрт ой ўтгач бошлиқ менга интеграторлар жамоасига раҳбарлик қилишни таклиф этди – жамоада жиддий муаммолар туғилганди. Ташкилий жараённи тубдан ўзгартира оладиган, вақтинчалик бўлса ҳам, инқироз-менежер керак эди.  Ҳамкасбларимнинг муносабатлари турлича бўлди. Буни табиий ҳол деб қабул қилдим: янги келган, бунинг устига чет эллик ходимни кўтаришди. Мен анчадан бери бундай фикрларга эътибор бермай қўйганман, улар менда ҳеч қандай салбий туйғулар уйғотмайди: бу гап-сўзларни менинг ишим, хатти-ҳаракатим ва пировард натижам ювиб кетишини яхши биламан.

Бир-биримизга қандай кўникканимиз, жамоани зўрлик билан янгича Sprint ва Scrum ташкилий жараёнига мослаштирганим – булар алоҳида мавзу. Лўнда қилиб айтадиган бўлсам, ярим йилгача, то жамоамизнинг натижалари яққол кўринмагунича, шубҳа билан қарашлардан халос бўлмадим.

Ҳамкасбларнинг барчаси биз аҳил ва бирдам жамоага айланганимизни, авваллари кўп учраб турган ҳол – ДТ етказиб бериш муддатининг чўзилиб кетишига барҳам берилганини тан олишди. Энг муҳими эса, ўртамизда қалин дўстона муносабат қарор топди. Мен жамоада мунтазам равишда турли тадбирлар уюштираман, бирга ресторанга борамиз, барбекю тайёрлаймиз. Ўзимнинг раҳбар эканимни таъкидлашга асло ҳаракат қилмайман: ўзаро ҳазиллашамиз, уларнинг муаммоларига қулоқ тутаман, қўлдан келганча ёрдам бераман ва жамоанинг ҳар бир хатоси учун раҳбарият олдида жавобгарликни бўйнимга оламан.

Энг муҳими – ўзингга ортиқча баҳо бериб юбормаслик

Германия корпоратив сиёсати узоқ йиллардан буён оптимизацияга йўналтирилган. Иқтисодиётнинг олтин қоидаларидан бири ёдингиздами: минимал пул тикиб, максимал даромад кўришга интилиш? Бу ерда шундай йўл тутишади: минимал инсон ресурслари сарфлаб, максимум унумдорликка эришишга интилишади. Бу шундай амалга оширилади: сизга аста-аста қўшимча техник топшириқлар юклайверишади, кузатишади – агар бу ишларнинг уддасидан чиқиб, муддатида бажараётган бўлсангиз, демак яна иккита “қоп” ортса бўлади. Бу то сиз букилиб қолгунингизча давом этади. Шунда тизгинлар тортилади, максимал унумдорлигингиз белгиланади. Елкадан битта қоп олиб ташланади ва энди кунига шунча қоп ташлайсан, дейилади.

Шу сабабли, ўз имкониятларини реал баҳолаш керак. Берилган ҳар қандай топшириқни бажаришга тайёр туриш – яхши хислат, лекин қўлингдан келадиганидан ортиқ вазифани зиммангга олишинг ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Муддатларнинг чўзилиши ёки вазифалар бажарилмаганлиги учун бошингни силашмайди, бунинг асорати эса узоқ вақт сақланиб қолади.

Фото: Kommersant.uz

Кун тартиби ва самарадорлик сири

Эркин иш графигига эгаман, лекин иш юзасидан учрашувлар кўп бўлгани сабабли, ишга 9 бўлмасидан олдин келишимга тўғри келади. Агар ҳиндистонлик компания билан телеконференциям бор бўлса, вақтдаги тафовут сабабли, яна ҳам вақтлироқ келаман.

Агар ишингиз бошқа жойларга қатнашга боғлиқ бўлса, хизмат машинаси берилади. Зарур ҳолларда йўл харажатлари қопланади. Бўлимимизда ДТни синовдан ўтказиш учун ишлатиладиган машиналар кўп, уларни ҳатто шахсий мақсадларда, дам олиш кунларига ҳам олишимиз мумкин.

Мен Аугсбургда яшайман, бу Мюнхендан 50 км нарида. Ишга тезюрар поездда қатнайман, унда интернет, стол ва розетка бор – мен ярим соат вақтимни почтани кўздан кечириш ва эрталабки учрашувлар учун ахборот тайёрлашга бағишлашим мумкин. Қайтишда ҳам поезддаги вақтимдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Ҳар куни ишдан кейин фитнес-клуб ёки бассейнга боришга ҳаракат қиламан. Дастурим стандарт: 10 км югуриш, чигалёзди машқлари ва сауна ёки 2 км.га сузиш. Машқларсиз танам бўшашиб, диққат йўқолади, умуман, ўзимни нохуш ҳис қила бошлайман. Кечқурунлари уйдаги кабинетимда BMW билан боғлиқ бўлмаган бошқа лойиҳалар устида ишлайман.

Ўзбекистондаги лойиҳалар

Ўзбекистондаги бизнес-шериклар билан алоқаларни узмаганман, ҳозирда ҳам баъзи лойиҳаларни бирга амалга оширамиз, лекин улар ITга боғлиқ эмас. Асосан бу кўп жиҳатдан атвоматлашган ишлаб чиқариш линияларидир. Кейинги икки йилда мен Ўзбекистонга кўпроқ боришга ҳаракат қиляпман, у ерда мана шу лойиҳалар устида ишлайман. Ўзбекистондаги лойиҳаларга берилиб боришимни кўриб, эртами-кечми ё Германиядаги карьерани ёки Ўзбекистондаги бизнесни танлашимга тўғри келишини тушуниб турибман. Унгача эса, Германиядаги мураккаб лойиҳаларни бошқариш бўйича тажриба ошириб бораман.

Афсуски, Ўзбекистонда машинасозлик соҳасида ДТ яратиш билан шуғулланувчи бирорта компанияни билмайман. Ўз автомобиль заводи мавжудлигини ҳисобга олсак, автомобилсозликни маҳаллийлаштириш учун бу йўналиш жуда фойдали бўлур эди. Билишимча, ДТ етказиб бериш билан Chevrolet асосий концерни шуғулланади. Автомобилсозликда ДТ роли тобора ортиб боради ва Ўзбекистон бу йўналишни ўз тажрибаси асосида ривожлантириши лозим бўлади.

Фото: Kommersant.uz

Тошкентдаги дастурчиларга маслаҳатлар

Биргина веб-саҳифалар ва мобил иловалар яратишга ўралашиб қолмаслик керак. Бошқа кўплаб соҳалар бор, уларни татбиқ этиш, фақат юқори даражадаги тилларда эмас, машина тилида ҳам дастурлаш лозим. Ўзбекистонда кўплаб автоматика институтлари, ҳисоблаш марказлари, йирик заводлар қошида автоматлаштириш бўлимлари бўлган.

Болаларни техникага ўргатиш жуда муҳим. Қурилмалар билан таништириш, ишлаш тартибини тушунтириш керак. Қизиқиш болаликдан бошланади. Баъзан мен Raspberryда дастурлайман, ўғлимга оддий ҳисоблаш қурилмалари қандай ишлашини тушунтириш мақсадида уй жиҳозлари учун содда ечимлар ишлаб чиқаман. Масалан, Янги йилда биз Қорбобони топиш дастурини туздик, компьютерга ҳаракат детекторини уладик, арча атрофига инфрақизил нурли датчиклар ва камера ўрнатдик (бироқ, Қорбобони барибир тута олмадик).

Мавзуга оид