Ўзбекистон | 18:33 / 10.07.2017
19072
2 дақиқада ўқилади

Сув қудуқларини бурғилаш тартиби тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг 27.06.2017 йилдаги 430-сон “Ер ости сувларидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори эълон қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Ўрнатилишича, рухсатнома сувга қудуқларни бурғилаш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларга, техник имкониятлари ва зарур бўлган соҳа кадрлари мавжуд бўлганда, ҳар бир қудуқ учун алоҳида берилади.

Рухсатномани олиш учун аризачи тегишли ҳудудий гидрогеология станциясига аризани тақдим этади. Ариза қуйидагиларни ўз ичига олиши даркор:

•  аризачининг тўлиқ расмий номи кўрсатилган рухсатнома олиш учун ариза;
•  ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун буюртмачи ва аризачи ўртасида тузилган шартнома нусхаси;
• ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун мўлжалланган ер майдонига буюртмачининг ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
•  ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун лойиҳа ҳужжатлари;
•  давлат экология экспертизасининг ижобий хулосаси;
•  аризачининг техник имкониятлари ҳақида маълумот, мавжуд ускуналарнинг техник паспортлари нусхалари;
•  аризачининг тегишли мутахассислари ҳақидаги маълумотлар, уларнинг диплом нусхалари.
 
Бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади. Аризани кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.

Бунда рухсатнома олиш қуйидагилар учун талаб этилмайди:

•  жисмоний шахслар учун чуқурлиги 25 метрдан кам бўлган қудуқларни бурғилаш учун ва суткасига кўпи билан 5 метр куб ҳажмдаги ер ости сувларини шахсий эҳтиёжлар учун индивидуал олишга қаратилганда;
• Давлат геология қўмитасига қарашли гидрогеология ташкилотлари учун ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш ҳар йилги минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастури доирасида амалга оширилганда.

Мавзуга оид