Жамият | 18:10 / 11.07.2017
53168
2 дақиқада ўқилади

Педагогика университетининг декан муовини пора олаётган вақтда ушланди

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

2017 йилнинг 10 июль куни тахминан соат 16:00 ларда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг бошланғич таълим ва жисмоний маданият факультетининг маънавий-маърифий ишлар бўйича декан муовини Гулчирой Абдураимова фуқаро Лазиз Маҳмудовнинг (жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган) ишончига кириб, таниши Олимжон Аҳмедовни мазкур университетга олийгоҳнинг мансабдор шахсларига пора бериш йўли билан ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, бунинг учун ундан 7.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинган. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар берди.

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “а” банди (фирибгарлик, яъни анча миқдорда, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш) ва 28, 211-моддаси 1-қисми (пора беришга далолатчилик қилиш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган. 

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. 

Олийгоҳга ўқишга кириш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади. Шунингдек, бунинг учун пора берган шахслар ҳам Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилишлари белгиланган. 

Юқоридаги шахснинг хатти-ҳаракатидан жабр кўрганлар бўлса, «102» телефон рақамига ёки яқин атрофдаги ички ишлар органларига мурожаат этишлари мумкин.

Мавзуга оид