Жамият | 21:00 / 17.07.2017
44480
22 дақиқада ўқилади

Шоҳимардон манзаралари. Сафар таассуротлари

Бу мақолани юқоридаги рукн остида ёзишни истамагандим. Лекин на чора? 1991 йил Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасига чегара симларини тортди. Биз учун азиз ҳамда қадрдон бўлган Шоҳимардон ва шоҳимардонликлар Қирғизистон ва қирғизлар қуршовида қолиб кетди. Водилдан Шоҳимардонгача бўлган 25 чақирим йўл эса ҳақиқий синовга айланди.

Шундай қилиб, 14 июль, 2017 йил. Биз ЎзА мухбирлари Мақсуд Сулаймонов ва Муқимжон Қодировлар билан Шоҳимардонга сафарга отландик. Барча расмиятчиликларни адо этиб соат 12:15 да Ўзбекистоннинг Водил (расман Фарғона) чегара масканига келдик. Турнақатор юк машиналар бир йўлакда, енгил машиналар иккинчи йўлакда навбат кутиб турар эдилар.

- Чегарада соатлаб кутамиз, божхоначилар машинадан юкларни туширтириб текширув ўтказгач, сўнг яна қайта юклаймиз. Ахир ҳозир технологиялар ривожланган, уни техник асбоблар ёрдамида текширса бўлмайдими?

Мен исмингиз нима, қайси юк машинаси сизники, деб сўраганимда суҳбатдошим зарда билан бир хўмрайдию, терс бурилиб кетди. Ҳозиргина сизни таниймиз мухбир ака, деб суҳбатга қўшилган бошқа ҳайдовчилар ҳам «гурр» этганича ўз машиналари томон кетиб қолдилар.

- Булардан хафа бўлманг, - деди ёши улуғроқ бир ҳайдовчи. – Баъзида кун бўйи текширувни кутамиз. Қолиб кетган кунларимиз ҳам бўлган. Агар сизга арз қилаётганимизни билиб қолишса, машиналарини бирон баҳона билан қайтариб юборишмасин, деб ўйлашади.

- Ўзбекистон чегарасида тамагирлик борми? – сўрадим мен.

- Йўқ – йўқ. На чегарачи, на божхоначи ҳеч нарса сўрамайди. Лекин жуда ортиқча «закончи», улар. Қирғизлар эса машинангизга қиё ҳам боқиб қўймайди. Фақат пул олса бўлди.

- Сўхгача қанча (пора деган сўзни айтишдан ўзимни тийдим) берасиз уларга?

- Юкка қараб. Озиқ – овқат бўлса ҳатто 3-4 миллион сўмгача. Қурилиш материалларига арзонроқ, 2-3 миллион сўм. Лекин шуниси яхшики, бир зум ҳам ушлаб туришмайди. Оладию ўтказади.

Шу пайт навбатда турган одамлар бизни чақириб қолишди.

- Чегарадан ўтасизларми ўзи?!

Дастлаб божхона текширувидан ўтдик. Декларация тўлдириб қаердан, қаерга нима олиб кетаётганимиз ҳақида ёзиб имзоладик. Муқимжоннинг фотоаппарати кўрикдан ўтказилди. Бизда эса қоғоз-қаламдан бошқа гап йўқ эди.

Энди яна навбатга турдик. Бу галгиси чегара – паспорт назорати. Йўқ, одам кўп эмасди, чамаси ярим соатларда ҳужжатларимизни кўздан кечириб паспортимизга муҳр босилди.

200 метрча нейтрал ҳудуддан ўтгач, қирғиз солдати бизга йўл четидаги будкага бориш кераклигини айтди. Мен дарчадан паспортимни узатдим. Қирғиз офицери уни обдон титкилади–ю, столининг четига ташлаб қўйди. У ҳам менга термилганча ўтираверди, мен ҳам туравердим. Охир-оқибат унинг сабри чидамади.

- Ставка қани,- ғўлдиради у.

Шоҳимардонга йўлга чиқаётганимизда асли шу қишлоқлик, лекин Фарғонада тадбиркор бўлиб ишлайдиган бир танишим билан учрашгандим. У Қирғизистонга киришдаги Қадамжой чегарачисига ўн минг, Қирғизистондан чиқаётиб Ақ қия постидаги чегарачисига ўн беш минг сўм берасиз, дегани ёдимга тушди. Мен каловланиб чўнтагимдан ўн минг сўм ажратиб чегарачига узатдим. У бамайлихотир санаб кўрди ва менга бақрайиб:

- Яна беш минг ташла, буниси штраф сенга, - деди.

Ноилож яна беш минг бердим. Бу ҳолатни кузатиб турган ҳамроҳларим дарҳол паспорт ичига ўн минг қистиришди. Дарчадан паспорт узатдилару, «шарақ» этган товуш эшитилиб, муҳр босилди.

Кимсан, қаерга кетаяпсан, ёнингда ниманг бор, деб сўрамадилар. Декларация ҳам тўлдирмадик.

Энди нима қилишимизни билмай тургандик, чегарачи кийимидаги бир ҳарбий келиб, чиқ-чиқ деб бизга йўл кўрсатди.

Панжара эшикдан ўтдик. Бу ёғи Қирғизистон эди. Тез орада биз Шоҳимардонгача кира қилган “Нексия” ҳайдовчиси ҳам чиқди.

- Ҳа мухбир акалар, сизлар ҳам бердиларингми, - деди у бизнинг аҳволимиздан кулиб. - ....(у бир нима деб сўкинди) қирғизлар олмаса ўтказмайди. Аслида ҳеч қандай қонуний асос йўқ. Биз «чўнғ»ларига шикоят қилиб ҳам уддалай олмадик.

Тили бир экан, уларнинг.

Ҳайдовчи шоҳимардонлик бўлиб, бир кунда бир марта Фарғона ёки Водилга кира қилиб кетишини айтди.

- Бизни (у ўзига ўхшаган киракашларни назарда тутар эди) жуда яхши танийди улар, лекин бирон гал пул олмасдан ўтказмайди.

Қадамжой тумани марказий кўчасидан кетаяпмиз.

Дарё шовуллаб тошдан – тошга урилиб, ёқимли шабада таратиб, оқиб турар эди. Тоғ ёнбағридаги арчазордан ҳам тус олгани ўша совет замонидан қолган нурсиз, пастқам бинолар. Шаҳар марказида бошида қушлар давра қурган, Ленин ҳайкали ҳамон турибди.

Машинамиз шаҳардан чиққач, Ҳур қизлар довонидан ўтиб, айро йўлдан чап томонга бурилди. Ўнгга кетадигани Сўхга боҳбўй бир ис таралди. Олдинда чўққисини қор босган тоғлар қат-қат. Салқин ҳаводан тўйиб – тўйиб нафас ола бошладик. Чегарадаги асаббузарлик тарқаб кетгандек эди. Шу тариқа биз Шоҳимардонга яқинлашиб қолдик. “Ақ қия” Қирғизистон чегара пости кўринди. Йўл четида давлат рақами 08 КГ 406 ААБ бўлган Мерсадес-220 русумли машина турар эди. Ундан ўтиб кетаётган эдик, пи-пилатиб сигнал чалди.

- Мараз, - деди ҳайдовчимиз дарғазаб бўлиб ва машинани тўхтатиб, ёнидан 20 минг сўм санаб олдида, Мерсадес томон кетди. Машинанинг қорайтирилган ойнаси туширилиб, бир қўл чиқди. Ҳайдовчи унга пул тутди. Кузатиб турибмиз. Пулни олгач, яна ойна кўтарилди.

- Падаринга лаънат Қилич бўлган, - деди ҳайдовчи энди нафрат билан. - Тешиб чиқсин.

Биз индамадик.

- Ўн бешдан тайёрланглар, буниси (у яна бир бор сўкинди) ўн бешдан олмаса шлагбаумни очмайди.

Мен итоаткорлик билан ичига айтилган пулни солиб, учта паспортни бир қилиб, будка дарчасидан узатдим.

- Сен боравер, шофёр келсин, - деди дўқ аралаш қирғиз чегарачиси. Кейин, ставка тўлиқми, деб бақириб қолди. Мен «ҳа» дегандек бош силкадим.

Паспортимизга «14.07.177 АК-КЫЯ» деб ёзилган навбатдаги муҳр босилди. Сал нарида Ўзбекистон чегараси эди. Юрагим ҳапқириб кетди. Ҳилпираб турган байроғимизга сажда қилгим келди. Ўзбек чегарачиларининг истараси ҳам иссиқдек туйилди менга.

- Эсон-омон ўтиб олдиларингми, - сўради чегарачи йигит паспортимни қайтариб берар экан кулимсираб.- Яхши дам олинглар!

1. Тарихчилар қайд этишича топилган, ўрганилган манбаларда Шоҳимардон қишлоғининг номи 6-7 - асрларга қиёсланади. Бу ҳудудларда ислом дини тарқалгач, тоғлар қуршовидаги икки дарё қўшилган тепаликда зиёратгоҳ пайдо бўлган. Ривоят қилишларича, пайғамбар (с.а.в)нинг куёвлари Ҳазрати Али қабрлари уларнинг васиятига кўра «тоғлар қуршовидаги икки дарё қўшилган тепалик»да бунёд этилган. Шоҳимардондаги мақбарани Ҳазрати Алининг дунёдаги етти қабридан бири, деб атайдилар ва бу ерга зиёратчилар ҳар қандай шароитда ҳам келиб туришга ҳаракат қиладилар.

- Ҳазрати Али мақбараси ХIХ асрнинг охирида зилзила туфайли вайрон бўлган. Қайта тиклангач эса, ХХ асрнинг биринчи ярмида энди шўролар томонидан бузиб ташланган. Лекин ўшанда ҳам мусулмонлар қабр қуббасини қум–тупроқ билан кўмиб яшириб қолганлар, - дейди зиёратгоҳ мутасаддиси Жамолхон Саидов. – Фақат мустақиллик туфайлигина мақбара тарихий суратлар асосида яна янгитдан қурилди.

Бугун Ҳазрати Али мақбараси Шоҳимардоннинг ҳамма еридан кўриниб туради. У анвойи гуллар, обод ва кўркам шийпонлар қуршовида. Зиёратчилар бу ерга келиб Қуръон тиловат қилиб, ибодат қилишларига барча шароит яратилган.

2. Шу ерда Фарғона вилоят ўлкашунослик музейининг Шоҳимардон бўлими ишлаб турибди. У Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг 100 йиллик юбилейи кунлари очилган эди.

- Музейимизда саккиз нафар одам ишлайди. Таъмирталаб ҳолатдамиз. Экспонатлар ҳам у очилганидан буён янгиланмаган, - дейди илмий ходима Гулноза Нажмиддинова.

Тан олиб айтиш керак. Давлат музей ва унинг ходимларини ўз таъминотига олган. Лекин бу ерда ҳеч кимни учратмайсиз.

- Йўл (Ўзбекистон-Қирғизистон йўли назарда тутилади) очиқ эмаслиги туфайли Шоҳимардонда фақат санаторияда дам олувчилару, сизларга ўхшаб хизмат сафарига келганлар бўлади. Улар ҳам музейга ошиқавермайдилар, - дейди музей директори Маъруфжон Турсунбоев.

3. Шу тепаликда атрофидаги мармар қопламалари кўчган, қаровсиз қолган Ҳамзанинг қабри ҳам «маъюсгина» турибди.

- Бу ерга ҳам мен қарайман, - дейди Жамолхон ака. – Ҳозирги ёшлар Ҳамза кимлигини билишмайди.

Бу нақадар аччиқ ҳақиқат. Дарвоқе Ҳамза ким ўзи? Шўролар даврида таърифланганидек, «инқилобчи»ми ёки миллат ва маърифатпарвар, жоҳиллар қўлида қурбон бўлган ўзбек зиёлисими? Эсимда, 2000 йилда Ҳамза ҳаёти ва ижоди бўйича фан докторлиги дессертациясини ёқлаган ва профессор бўлган Лазиз Қаюмовга шу саволни берганимда «Ҳамза ҳақида айтар сўзимни айтганман», дея жавобдан қочган эди. Афсус, олиму уламолар, тарихчи–ю сиёсатчилар ҳалигача бу зот ҳақида мухтасар бир сўз айтмадилар. Унинг ҳайкаллари бузилди, театр, кўча, метро, туманлар бошқатдан номланди. Нима учун? Бу савол ҳамон очиқ қолмоқда. Ҳамза умрининг сўнгги йилларида (1926-1929) Шоҳимардонда янги тизимдаги мактаб очган, санъат ва маърифатни тарғиб қилган. Музейда бу далилларни исботловчи фотоҳужжатлар, бошқа экспонатлар турибди. У 1929 йилда Ҳазрат Али мақбараси пойида тошбўрон қилиб ўлдирилган...

Унинг якка қабр тошига ўйиб ёзилган ушбу мисралари эса бугун на қалбларда, на тилларда.

...Тузамиз янги турмушни замон ичра,

Абадий сўнгра яшаймиз жаҳон ичра.

4. Қишлоқдаги 6 минг аҳоли иккита ўз-ўзини бошқариш идораси – маҳалла фуқаролар йиғинларида яшайди. Бири "Шоҳимардон", иккинчиси "Ёрдон" МФЙ деб аталади.

- Давлатимиз, вилоятимиз раҳбарлари биздан доимо хабар олиб, ғамхўрлик кўрсатиб турадилар, - дейди "Шоҳимардон" ҚФЙ раиси Рустамжон Тожибоев. - Шуҳрат Ғаниев (вилоят хокими) ҳар икки-уч кунда менга телефон қилиб, ҳол-аҳвол сўрайдилар. Баъзида, кутилмаганда ўзи машина ҳайдаб келиб қолади. Орқада юк машинаси тўла ун, ёғ, бошқа озиқ – овқат маҳсулотлари. Буни тарқатиб беринг, дейди у. Мана бу ёққа киринг. Бу омборхона. Захирамиз. Тўсатдан юз берган совуқ маросимларда мусибатгўйларга берамиз.

Қишлоғимизда иккита мактаб, иккита касалхона бор. Бири янги қурилди. Бозоримиз ишлаб турибди. Электр кирмаган хонадон топилмайди.

Ўзимиздан чиққан тадбиркорлар мана, қатор магазинларни очиб ишлашяпти. Нафақалар вақтида берилади. ФҲДЁ (фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими) ҳафтанинг бир куни Шоҳимардонда қабул ўтказади. Одамларимиз давлатимиз сиёсатидан мамнунлар.

- Улар нима билан машғул, тирикчилик манбаи–чи?

Рустам ака бир оз шошиб қолди.

- Биласизми, йўл муаммоси бор. Шунинг учун қишлоқда саноат корхоналари йўқ. Лекин касаначилар махсус кийим тикиб беради, тоғнинг кечки ўригини қуритиб сотишади, Шоҳимардон олмаси, малинаси харидоргир. Хар бир хонадон чорва қилган. Ҳозир санаторияда 300 нафардан ортиқ одам даволаняпти. Эчки сути асосан шу ерда сотилади.

- Негадир ёшлар кам кўринади, кўчаларда?

- Ҳа, уч юздан зиёд ёшлар Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларга ишлагани кетишган.

5. "Ёрдон" маҳалласининг юқори кўчасида бундан 20 йиллар чамаси аввал икки қаватли ўзига хос меъморий ечимга эга бино қурилганди. «Йўл муаммоси» туфайли Шоҳимардонга одамлар дам олгани келолмай қолдилар. Тадбиркор Ҳамиджон Абдураҳимов вилоят солиқ идорасига тегишли бу бинони ижарага олиб уни таъмирлабди ва «Фарғона водий сайёҳ» МЧЖ нинг экотуризм марказига айлантирибди. Дарё бўйи, тоғ этаги ғоят кўркам, барча қулайликларга эга экотуризм марказида Тошкент шаҳридан келган 30 нафар кекса ва ЎФФ 1-лигаси қатнашчиси «Истиқлол» футбол жамоаси аъзолари дам олишаётган экан.

- Зилол сув, тоғнинг соф ҳавоси, бетакрор манзара ва самимий хизмат – булар ҳаммаси шу марказда мужассам, - дейди меҳнат фаҳрийси, дам олувчи Толибжон Каримов.

- Биз ёзги таътил тайёргарлигини Шоҳимардонда ўтказишга қарор қилиб адашмаган эканмиз, - дейди «Истиқлол» бош мураббийи Усмон Асқаралиев. – Бу ерда стадион, югуриш йўлаклари, жисмоний чиниқиш машқлари учун табиий рельф ва иқлим бор. Футболчи малака машғулотлари ўтказишнинг энг самарали шароити муҳайё.

6. Қишлоқ тоғлар қуршовида, текис майдон йўқ. Деҳқончилик сув етиб борадиган қия адирларда холос. Иқлим эса салқин. Бундай шароитда буғдой экиб ҳосил олиб бўлмайди. Демак ун қишлоққа «катта ер» дан келтирилади. Ёрдондаги ягона бўлган озиқ – овқат дўкони олдида одамлар тўпланиб турар эди.

- Ун келибди. Шунга навбатда турибмиз, - дейди Абдувосит Қодиров. – Давлатимизга раҳмат, ун, ёғ, етказиб бериб турибди. Лекин дўкончи икки ойда бир марта ун билан савдо қилади. Баъзан тежамкорлик ҳам иш бермай қоляпти. Ун етишмаяпти.

- Тўғри, - деди унинг гапини маъқуллаб Сабохон Жўраева. – Белгиланган нормадаги унни оляпмиз. Аммо нонсевар халққа у озлик қиляпти. Тижорат нархида бўлса ҳам ун келтириб сотилишини йўлга қўйиб берсалар эди...

7. Шоҳимардоннинг шимолий қисми тоғ тепасида Қўлиқурбон бор. Ундан ва унинг этагидаги Бешпанжа булоқларидан бир дарё сув қишлоқ томон шиддат билан оқиб келади. Эсимда бундан 15-16 йил аввал кўл этагидан қишлоққача диаметри 1 метрли пўлат қувурлар тортиб йўл остига кўмилган эди. Кейин суви салкам 20 метр тепадан Кўксув дарёсига қуйиладиган қувурлар ҳам ётқизилган. Бу ерда, дарё тепасида кичик ГЭС биноси қурилиб электр қуввати ишлаб чиқарадиган агрегатлар ўрнатилиши режалаштирилган эди, ўшанда. Аммо лойиҳа чалалигича қолиб кетди.

- Биз бу муаммони Олий Мажлис депутатлигига номзодларнинг бирига айтган эдик, у албатта ГЭСни қурамиз деб бизни ишонтириб ваъда берди, - дейди 79 ёшли Шоир ота Комилов. – Мен қишлоқ аҳлини шу номзодга овоз беришга даъват этдим. У парламент депутатлигига сайланди. Аммо... ваъда ваъдалигича қолиб кетди. Мен эса ҳамқишлоқларим олдида уялиб қолдим.

Агар шу кичик ГЭС ишга тушса, биласизми, ҳозир қишлоғимизга Ангрендан кўмир келтиряптилар, у ҳам керак бўлмайди. Ишлаб чиқарилган электр энергияси халқимизга етиб ортади. Қолганини экспорт қилсак ҳам бўлади. Бу мутахассислар ҳисоботидаги гап, мухбир ука.

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев Фарғонада кичик ГЭСлар қуринглар, деди. Телевизорда ўзим кўрдим. Шунда яна умид пайдо бўлди, бизларда. Зеро, Шоҳимардон ГЭСи катталарнинг эсига тушиб қолса.

- 2017 йил қиш мавсуми учун Шоҳимардон аҳолисига 1650 тонна кўмир Ангрендан келтирилиши режалаштирилган, - қўшиб қўйди маҳалла раиси Рустамжон Тожибоев.

8. Баъзан шундай бўлади. Ташаббус қанчалар тез бошланса, шунча тез сўнади... Шаланг - Шоҳимардонликларнинг «умид» тоғлари. Унинг чўққисида бир неча телефон станцияларининг тўлқин узаткичлари турибди. Улар қаторига электр трансформаторини эслатувчи металлдан ясалган қути ҳам ўрнатилган.

- Шоҳимардон қишлоғида телевизор фақат «Ўзбекистон» телеканалини қабул қилади холос, - дейди тадбиркор Саодатхон Маҳмудова. –Фарзандларимиз «Ёшлар», «Спорт», биз эса «Фарғона», «Наво», «Маънавият ва маърифат» каби бошқа канал кўрсатувларини томоша қилгимиз келади, лекин бунинг иложи йўқ. Ўша, тоғдаги қутига аллақандай узаткичлар келтирилиши керак экан. Бу ҳақда кимга арз қилмайлик, ана келади, мана келади билан бизни «сийлаб» кетаверадилар. Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматовга илтимосимизни етказа оласизми?

9. 2017 йил Шоҳимардон ва шоҳимардонликлар ҳаётида унутилмас воқеалардан бири рўй берди. Қишлоқдаги собиқ тиббиёт пункти мутлақо янгитдан таъмирланди, кенгайтирилди, махсус асбоб ва анжомлар келтириб жиҳозланди, жарроҳлик, туғуруқхона, болалар касалликлари бўлимлари очилди. Малакали мутахассислар билан таъминланди. Гул ва тоғнинг манзарали дарахтларига бурканган касалхонани энг сўлим оромгоҳга қиёслагим келади.

Бош шифокор Дилором Тошболтаева «Эл юрт ҳурмати» ордени соҳиби.

- Илгари тўлғоқ тутган аёлни Қирғизистон ҳудуди, тўртта чегара постидан олиб ўтиб туман маркази – Водилга олиб бориларди. Ёки кичик жарроҳлик амалиёти зарур бўлган бемор ҳам яна Водилга жўнатилар эди. Бу касалхона битиб ишга тушгунча вилоятимиз раҳбарининг бир оёғи шу ерда бўлди. Мана энди беморларга барча шароитлар яратилди. Биз очиқ юз, чоғ кайфият билан хизмат қиляпмиз.

"Ёрдон" маҳалласида тез ёрдам бўлими очилди. Зарурат туғилса, бемор зудлик билан махсус жиҳозланган машинада бу ерга, шифохонага олиб келиб ётқизилади.

Дилором опанинг ёдига бир нарса тушди шекилли, хандон кулгисини яшира олмади.

- Тараққиёт мавзесида биз, тиббиёт ходимлари учун «шифокорлар уйи» қурилди.

Шифохона бўлимлари билан танишамиз. Хоналар ораста, кенг, ёруғ. Барча зарур мебеллар билан жиҳозланган. Жарроҳлик амалиёти хонаси шаҳардагилардан ҳеч қолишмайди.

- Тез-тез қон босими касалим хуруж қилиб турарди. Водилга бориш малол келарди. Мана энди қишлоғимиздаги шифохонада даволаняпман, -дейди Расул ака Икромов.

10. Шоҳимардоннинг энг кўркам биноларидан яна бири 1-ўрта мактабдир. Унда 382 нафар ўқувчи бор.

- Бу йил мактабимизда ўнинчи синф очилди, - дейди директор Исоқжон Тожибоев. – Илгари 9-синф битирувчилари ноилож Водил ёки Фарғонадаги коллеж ва лицейларга кетар эди. Мана энди мажбурий ўрта таълимни шу ерда оладилар.

Мактабни ҳавас билан томоша қиласиз. Компьютер синфлари, спорт заллари, саҳнали ёпиқ мажлислар зали, фан лабораториялари, тикувчилик устахонаси.... Лингафон кабинетини айтмайсизми.

- Инглиз тилига қизиқиш катта ўқувчиларимизда, - дейди Исоқжон ака. – Шу кичик мактабда 4 нафар инглиз тили ўқитувчиси ишлайди.

Бу бино, хоналар, йўлак ва ҳовлидаги инглизчи ёзувлардан ҳам кўриниб турарди.

Спорт залида 50 чоғли бола машғулот ўтказаётган экан.

- Муай Тай спорт тури ривожланган, - дейди мураббий Жавлонбек Азизов. – Яқинда Андижонда, Фарғонада бўлиб ўтган республика мусобақаларида тарбияланувчиларимдан Абдулазиз Шавкатов, Қаҳрамон Ғуломов, Ислом Абдуфаттоҳовлар совринли ўринларни эгалладилар.

11. Маъмуржонова Афифа Музаффар қизи. Бу номни эслаб қолинг. Ҳали йиллар ўтиб у мамлакатимиз номини балки дунёга машхур қилар. Ҳа – ҳа, шу уч ёшли қизалоқ ҳақида бу тариф.

Муҳайё Қодирова тўсатдан набирасида ёдлаб қолиш хотираси кучлилигини пайқаб қолди. У Афифага қайси эртакни айтиб берса, саҳифа – саҳифа матнни болаларча тилда дарҳол қайта ҳикоя қила оларди. Бувижони аста давлатлар номи, мамлакатлар пойтахтларини тилга олди. Қизалоқ барчани лол қолдириб уни ҳам бир марта эшитганидаёқ ёд олганди. Кейин Муҳаббат опа набирасига глобусдан мамлакатлар жойлашувини тушунтирди. Афифа яна мўъжиза кўрсатди. 185 та давлат ва унинг пойтахтини глобусдан кўрсатар ва номини айтарди. Биз у билан учрашган чоғда атайин қитъаларни чалкаштириб давлат номларини айтдик. У эса ҳеч адашмай «ер шари» дан ўша мамлакатни топар, пойтахти эса фалон шаҳар деб уни ҳам жажжи бармоқлари билан кўрсатарди.

Йўқ Афифа на ёзиш, на ўқишни билмайди. Фақат ноёб хотираси туфайли шундай билағон. У 2014 йил 12 апрелда дунёга келган. 53 йил аввал, шу куни инсон илк бор фазога учганди. Бу санада бирон каромат бормикан? Нима бўлганда ҳам шоҳимардонлик бу ватандошимиз уч ёшида «дунёни забт этди». Ҳозирча глобус ва хотирада бўлса ҳам.

Эпилог.

Бир кунлик сафар ниҳоясига етди. 2017 йил 15 июнь. Биз Шоҳимардондан қайтиб яна Қирғизистоннинг “Ақ Қия” постига келдик. Яна ўша манзара. Ноилож паспортларга пул қистирдик. Чегарадан ўтсак йўл четида турган кечаги Мерсадес чироғини бир ёқиб ўчирди. Киракаш ҳайдовчимиз сўкина – сўкина 20 минг сўмни олиб бориб узатди. Ҳайдовчи ўтирган томон ойнаси туширилиб таниш қўл чиқдию, пулни чангаллаганича кўздан йўқолди.

- Шу пулни бермасдан ўтиб келсангиз бўлмайдими, - сўрадим ҳайдовчидан.

- Қилич дарҳол Қадамжой постига қўнғироқ қилиб машина номерини айтади. Йўл битта. Иложсиз ўша ерга борамиз. Энди 20 эмас, 40 минг тўлайсан, дейди. Уришиб, муштлашиб ҳам кўрдим. Фойдаси бўлмади. Уч – тўрт соат қамаб туриб, сўнг бор пулимни олиб аранг қўйиб юбордилар.

Биз Қадамжой томон кетардик. Негадир бугун Қирғизистон тоғлари, дарёлар ҳам кечагидек жозибадор эмасди.

Муҳаммаджон Обидов

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Мавзуга оид