Жаҳон | 15:47 / 25.07.2017
110140
3 дақиқада ўқилади

Россия қамоқхоналарида қанча ўзбекистонлик борлиги маълум бўлди

Фото: РИА "Новости"

2017 йил биринчи ярим йиллигида Россия ахлоқ тузатиш колонияларида 29 минг 397 нафар хорижлик фуқаро жазо муддатини ўтамоқда. RT телеканали Жазони ўташ федерал хизмати тақдим этган маълумотларга асосланган ҳолда шу ҳақда хабар қилмоқда. 

2016 йилда Россия қамоқхоналарида 29 822 хорижлик фуқаро бўлган, 2015 йилда бу рақам 28 714 кишини ташкил этган.

Хорижлик маҳбусларнинг 90 фоизи оғир ва ўта оғир жиноятлари учун жазоланишган. Улар гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси, қотиллик, босқинчилик, қасддан соғлиққа оғир шикаст етказиш, номусга тегиш ва ўғрилик кабиларни содир этганликда айбдор деб топилган. 

Маълум қилинишича, МДҲ мамлакатлари орасидан Россия қамоқхоналарида кўпчиликни ташкил этувчилар тожикистонликлардир. 2017 йилнинг илк олти ойида Тожикистоннинг 8002 фуқароси жазо муддатларини ўтаётган эди. Бу борада иккинчи ўринда ўзбекистонликлар экани айтилмоқда. Ҳисобот даврида Россия қамоқхоналаридаги ўзбеклар 6362 кишини ташкил этган. Учинчи ўринда украинлар — 4761 киши ва тўртинчида — 2350 киши билан озарбойжонликлардир. 

«Ватандош» минтақалараро ўзбек жамоатчилиги уюшмаси раҳбари Усмон Баратовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари Россияда тез-тез жиноят содир этиб туришади. Бироқ, унинг фикрича, кўплаб ўзбеклар туҳмат қурбони ҳам бўлишади. 

«Айримларининг зиммасига жиноятларни юклашади, — деган Баратов RT билан суҳбатда. — Мен ҳозир Истрага кетаяпман, у ерда яқинда Ўзбекистоннинг 5 фуқаросини қамашган. Улар гўёки кекса кампирни зўрламоқчи бўлишган. Аслида, 62 яшар уй-жойи йўқ пиёниста кампир улардан пул сўраган, улар беришни рад этишганда, шундай ариза ёзишини айтган».

Телеканалнинг қайд этишича, ЖЎФХ маълумотлари Россияга ишлашга келаётган хорижликларга доир рақамлар билан қиёсланади. Масалан, 2016 йили 925 948 (2015 йилда 930 100 киши) ўзбекистонлик Россияда ишлаш учун патент олган. Бу борада иккинчи ўринда Тожикистон туради. Ўтган йили республиканинг 433 137 фуқароси Россияда ишлаш ҳуқуқини қўлга киритган. Патент олувчилар орасида учинчи ўринда украиналиклардир. 

2017 йил 1 июль ҳолатига кўра, Россия қамоқхоналарида жами 618 490 киши жазони ўтамоқда. Улардан 48 минг 385 киши аёллар, 1 594 киши вояга етмаганлардир.

 

Мавзуга оид