Жамият | 21:26 / 31.07.2017
9609
6 дақиқада ўқилади

Тест синовларига ота-онанинг бирга боришига не ҳожат?..

Минг истиҳола билан ёзилган мақолам мана шу бўлса керак. Чунки, ҳали бировга маслаҳат берадиган ёшда эмасман. Ён-атрофдагилар эса урф-одатга айланиб қолаётган қандайдир ҳаракат тўғрисида гапирсангиз, нотўғри қабул қилиши мумкин.

Ҳар йили августнинг биринчи санаси илми толиб бўлишни истаган ёшлар олий ўқув даргоҳларида тест имтиҳонларини топширишади. Шу куни пойтахт ва вилоят марказлари, яъни олий ўқув юртлари жойлашган жойлар катта оммавий сайилга айланади, гўё. Хурсанд бўладиган томони йилдан-йилга олий таълимда ўқиб, бирор бир касбни мукаммал эгаллашни, шу орқали жамиятга кўпроқ фойдам тегсин, дейдиган ёшларнинг кўпайиб бораётганидир.

Маълумотларга кўра, бу йил Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига 720 мингдан зиёд абитуриент ҳужжат топширибди. Ҳазилакам рақам эмас, тўғрими?

Ана энди, эртага 1 август куни шаҳарларимизда бўладиган, гавжум тадбирни кутаверинг.  Тест имтиҳонига келадиган абитуриентлар ҳаяжондан бутун тунни ухламай ўтказишади. Қоп-қоронғи тун - соат икки-учлардан бошлаб, кўчаларда ҳаракат бошланади. Чунки, барча бўлғуси студент бўлишни орзу қилган йигит-қизлар белгиланган вақт - 6:30да тегишли жойда бўлишлари лозим. Агар эртароқ чиқишмаса, одамларнинг катта оқимига мослашмаган жамоат транспорти панд бериб қўйиши ҳам мумкин. Кўпчилик бир кун аввал таксига буюртма бериб, синовга вақтида етиб бориш учун кўнглини тўқ қилган. Вилоятлардан бориб, шаҳри азим Тошкентда ўқишни ихтиёр этганлар аллақачон йўлга чиқиб, меҳмонхоналарни тўлдирган бўлсалар керак.

25 июль куни тест имтиҳонларини намунали ташкил этиш масаласи давлат миқиёсида Бош вазир бошчилигидаги видеоселекторда кўриб чиқилди. Бундай эътибордан сўнг, муҳим тадбирга тайёргарлик ишлари рисоладагидек ўтиши тайин.

Мени ҳайратга солгани вилоят мутасаддиларини имтиҳонга ташриф буюрувчи ота-оналарга алоҳида жойлар ташкил қилиниши тўғрисидаги ахбороти бўлди. Айниқса, Тошкент шаҳридан ташқари, нисбатан олий ўқув юртлари кўпроқ бўлган Самарқанд ва Андижон шаҳарларида бу муаммо кўпроқ экан. Тасаввур қилинг! Шаҳарга 100 минглик абитуриентлар оқими билан бир вақтда худди шунча ота-оналар ҳам кириб келишади.

Мажлисда Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов тест синовлари ўтадиган 28та олий, 61та умуммактаб, 31та академик лицейда 142 та бино ва 5832 та аудитория белгилаб олингани ҳақида маълумот берди. Энди мана шу жойлардан 100 метр узоқликда ота-оналар учун алоҳида жойлар ташкил этилар экан. Улар учун салқин ичимликлар савдоси, тиббиёт хизмати ҳам йўлга қўйилади.

Ота-оналарнинг ўз фарзандлари билан имтиҳонга бирга боришидан не наф бор? Мен шу саволни имтиҳонга ўғли билан бирга боришни режалаштираётган танишимга айтсам у: “Далда бўлиб турамизда!”, деди. Қизиқ... Ахир, абитуриент турли текширувлардан ўтиб, аудиторияга якка ўзи кириб кетади-ку! Мабодо, ўша куни имтиҳондан ўта олмай, ўзимизни тилда “йиқилиб” қолганда ҳам кўнглини кўтариш учун бориб туриш жоиз бўларди. Натижалар ҳам ўша куни чиқмаслиги тайин. 

“Сизга не қайғу, ота-оналар ният қилган бўлса, бораверсин!”, дедингизми?  Мен эса бу фикрга қўшила олмайман. Чунки, минглаб абитуриентлар, кузатувчилар бор диққатини жамлаб маъсулиятли вазифани бажаргани отланган маҳал, ота-оналарнинг ҳам маълум жойга бориб олиши, ўша куни жамоат транспорти ҳаракатига ҳалақит беради. Яна жамоат тартибини сақловчи идора ходимлари учун қўшимча ташвиш. 1 август иш куни. Демак, абитуриентларнинг яқинлари ўша куни иш жойида ҳам бўлмайдилар. 

- Бир ҳафтадан бери тест синовларига таёргарлик кўриш билан биргаликда, ота-оналарга жой тайёрлаш билан ҳам бандмиз, - дейди нуфузли даргоҳ қабул комиссияси раиси. – Биласиз, ҳозир ёз ойи иссиқ, жазирама. Яна баъзи ёш келинлар қўлида гўдаги билан ҳам келиб олишади. Битта абитуриент орқасидан уч-тўрт киши бўлиб келадиганлар ҳам бор. Бу биз учун қўшимча ноқулайлик, холос.

Шунақа пайтда: “Ўзинг ўйлаб чиқарган, урф-одатларингдан айланай, халқим!”, дейишдан бошқа илож йўқ.

Дейлик, фарзандингиз бошқа шаҳардаги институтга ҳужжат топширди. Мана шу вазиятда борган маъқулроқ бўлса керак. Дарс қилиб, мияси чарчаган фарзандингиз чарчаб, ухлаб қолмаслиги, имтиҳонга вақтида етиб бориши учун, албатта, кимдир ёнида бўлгани яхши. Лекин, ўз шаҳрингиз ўқув даргоҳига кираётган бўлса, оворагарчиликка не ҳожат. 

Биламиз, ота-она учун дунёда ўз фарзанди камолини кўришдан ортиқроқ бахт йўқ. Шундай экан, келажагингиз давомчисини, тонг саҳар уйғотиб, керакли ҳужжатларни олганини назорат қилгач, қўлни очиб чин дилдан дуо қилинг.  Онгу-шуури ўткир бўлиши, омадини тилаб, чин дилдан самимий дуо қилиб, тест синовларига кузатинг.

Фарзандлар эса ўз билимига ишониб, имтиҳондан ҳалол ва покиза ўтиб олсин. Барча абитуриентларга эса омадлар тилаймиз!

Элмурод Эрматов

Мавзуга оид