Жамият | 12:10 / 07.08.2017
54882
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ТВда илк бор мардикор аёллар дарди ҳақида сўз юритилди

Ўзбекистон МТРКнинг “Ўзбекистон” телерадиоканали “Учбурчак” кўрсатуви эфирида ўзининг яшаш минтақасида мос ва яхши даромадли иш топа олмай, Тошкент шаҳрига иш излаб келиб, мардикорлик қилаётган шахслар, жумладан, аёллар масаласи ҳам кўтарилди.  

Кўрсатув бошловчисининг айтишича, Меҳнат вазирлигининг бўш иш ўринлари базасидаги маълумотларга кўра, 13 867 та ташкилотдан 84 191 та бўш иш ўринлари тақдим этилган.  

Ҳар қанча чиройли гапларни гапирмайлик, баландпарвоз сўзларни сўзламайлик тирикчилик, етишмовчилик эътиқодни сусайтириши мумкин. Албатта, Ўзбекистонда иш ўринлари кўп. Бироқ, ишсиз юрган фуқароларни ана ўша иш жойларидаги нималардир қониқтирмаётгани аниқ. 

Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси бўлим бошлиғи Жалолиддин Абдусатторовнинг айтишича, айрим корхоналар ва ташкилотларнинг иқтисодий имкониятидан келиб чиқилган ҳолда ишловчиларни қониқтирмайдиган ойлик маошлари ҳам бор.

Кўрсатув давомида пойтахтда вақтинчалик иш излаб юрган эркаклар ҳақида лавҳа эфирга узатилди. Бундан ташқари, мардикор аёллар масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Бошловчининг айтишича, уч кундан сўнг ўзга ҳудудда юриб, рўйхатдан ўтмаган фуқаро энг кам иш ҳақининг ярим бараваригача жаримага тортилади. Авваллари улар энг кам иш ҳақининг уч бараваригача бўлган ҳолатда жарима тўлашарди. 

Аёллар ҳақидаги лавҳада Тошкент шаҳрида вақтинчалик иш излаб юрган турли фуқаролар билан суҳбат қурилди. Улардан бирининг айтишича, асли самарқандлик бўлиб, турмуш ўртоғи ишламайди. Аёлнинг ўзи ҳам ҳеч қандай маълумотга эга эмас, шу сабабдан мардикорчиликка чиқиб, дала ишлари, хонадонларни тозалаш билан шуғулланади. Кунига 30-40 минг сўм атрофида маблағ топади. Бошловчининг “Ўзингиз яшайдиган ҳудудда қанча ойлик беришса, оилангиз ва фарзандларингиз бағрида ишлар эдингиз?” деган саволига аёл: “Иш йўқ бизда. Агарда ташкил қилиб беришса, менинг фарзандларимнинг пропискаси бу ерда-да” дея жавоб беради.  

Бошқа бир аёлнинг сўзларига кўра Навоий вилоятидан бўлиб, боғбончилик, кўрпа-тўшак тикиш билан шуғулланади. “Биздаги ҳунармандларга мурожаат қилганингиз билан бу ерда аҳоли кўп бўлгани туфайли қанча кўп ишласангиз, шунчалик тўлов яхши бўлади. Бизда ундай тўловлар йўқ. Ўзимизда ҳам кафе, тўйхоналар бор. Бизда эрталаб соат 7 дан кечки вақтларга қадар ишласангиз 8 минг сўм пул беради. Энг катта фарзандим 19 га кираяпти. Мен болаларимни боқиш учун ҳаракат қилаяпман. Маҳалла ҳамиша ўзини орқага тортган. Шу ердаги аёлларга ҳам ишхоналар қилиб беришсин, иш билан таъминлашсин. Агар иш билан таъминланса, кўчада шундай юришнинг ҳеч кимга кераги йўқ. Ҳеч ким ўзидан яйраб кетганидан, ошиб-тошиб кетганидан мана шу ерда юрмайди”, - дейди бу аёл.

Яна бир аёл эса Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидан эканлигини айтиб, 2 фарзанди борлиги, турмуш ўртоғи эса 5 йил муқаддам ҳаётдан кўз юмганини маълум қилган. “Ўзим ҳамшираман. Бизда шароит йўқ, ишга кирасиз, ойлик йўқ-да. Қишлоқ фуқаролар йиғинига ҳам чиққанман: ёрдам беринг, деб. Бироқ, ёрдам бермайди. Биз бу ерга болаларимни боқамиз, деб чиққанмиз. Ички ишлар ходимлари эса ушлаб олиб кетади. Уйдагиларимиз келмаса, рухсат бермайди. Кеча онам 400 минг сўм билан олиб чиқиб кетди”, - дейди аёл.

Шунингдек, лавҳада ички ишлар идоралари ходимларининг мардикор йигитларни автобусга мажбурлаб чиқараётгани ҳам кўрсатилди. Бошловчининг айтишича, шу ҳолатларни тасвирга олган кунидан бошлаб ўзига кела олмаяпти. “Мана шу фуқаролар ўзимизни юртдошларимиз, кимнидир акаси, опаси, аёли бўлган бир пайтларда, ўзимизни мамлакатда орган ходимларидан қочиб юрса? Биз буларни оқлаш ниятидан, фикридан йироқмиз. Балки булар ҳам қонунни бузаётгани учун орган ходимлари махсус чораларни кўришаётгандир. Лекин бизни ўйлантираётган, қизиқтираётган масала бошқа: керакли ташкилотлар, мутасаддилар тезроқ мана шу ҳолатларнинг чорасини кўриш керак, деб ўйлаймиз”, - дейди журналист.

Мавзуга оид