Жамият | 11:38 / 09.08.2017
13032
1 дақиқада ўқилади

Урганчда ўз томорқасида наша етиштирган шахс фош этилди

Хоразм вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими тезкор вакиллари томонидан ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда Урганч туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида ўз томорқасида наша етиштирган шахс фош этилди. Бу ҳақда Кун.uz’га Хоразм вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Чаккашоликор қишлоғида яшовчи фуқаро Д.Мадраҳимовнинг хонадони амалдаги тартибларга мувофиқ ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, ҳовлидаги томорқада 11 туп каннабис ўсимлиги “барқ” уриб ўсаётганлиги аниқланди.

Тезкор тадбир давомида аниқлаган мазкур наркотик гиёҳларнинг умумий оғирлиги салкам 1.7 кг.ни ташкил қилди.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Д.Мадраҳимовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 270-моддасининг 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид