Ўзбекистон | 08:15 / 10.08.2017
33332
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистон кенгликларида қулонлар пайдо бўлди

Фото: Қорақалпоғистон ахборот агентлиги

ХIХ асрда Ўзбекистоннинг Устюрт кенгликларида кўп сонда учраган туркман қулонлари ХХ асрнинг 30-йилларига келиб бутунлай қирилиб-йўқолиб кетган эди, деб ёзади Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.

Қулон Халқаро табиатни мухофаза қилиш уюшмасининг Қизил китобига, Йўқ бўлиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро тижорати тўғрисидаги Конвенциянинг (СИТЕС) Иловасига ва Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига ёввойи табиатда йўқолиб бораётган ҳайвонот тури сифатида киритилган.

2014 йилнинг ёзида олимлар Қорақалпоғистоннинг Туркманистон билан туташган шимолий-ғарбий чегарасида 9 қулондан иборат тўдани аниқлади.

“Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ўсимликлар ва ҳайвонотлар дунёси генофонди томонидан ташкиллаштирилган экспедицияда Ўзбекистон учун  биринчи маротаба қоракалпоқ Устюртининг жанубий-ғарбий томонида қулоннинг мавжудлиги аниқланди. Қулонларнинг Қорақалпоғистонда қайтадан пайдо бўлиши муҳим аҳамиятга эга янгилик. Маълумки, Орол денгизининг қуриши билан экологик вазият оғирлашди, офатчилик оқибатида Оролбўйи ҳудудида биохилма-хиллик йўқолиб кетди. Лекин, кейинги пайтлари давлатимизда сув ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш натижасида ҳудудда ветландлар, ясалма сув ҳавзалари пайдо бўлди. Бу ўз навбатида биохилма-хилликнинг ривожланишига сабабчи бўлмоқда. Ҳукумат томонидан ноқонуний овга кескин тўсиқ қўйилиши ҳам ёввойи фаунанинг ривожланишига ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Айнан қулонларнинг юртимизга келиб бошлаши асосан шу икки факторга боғлиқ”, - дейди ЎзРФА Қорақалпоғистон бўлими профессори, биология фанлари доктори Светлана Мамбетуллаева.

Қулонлар сонининг ортишига яна бир сабаб Туркманистон билан Ўзбекистон территорияси (Қорақалпоғистон) чегарасига аҳоли яшаш пунктларининг узоқлиги, йўлнинг мураккаблиги ҳамда чегара режимининг сақланишидир. Ҳозирги қулонлар яшаётган ҳудудга одамлар бориши анча мушкул. Қулонларни сақлаш учун уларнинг яшаш ўрни шароитини, озуқа-ем базасини яхшилаш даркор ва табиий душманларидан, браконьерлардан ҳимоя қилиш бўйича доимий мониторинг олиб бориш керак. Оролбўйи ҳудудида, хусусан, Борсакелмес, Шахпахти, Асаковдон пастликларида қўриқхоналар ташкил қилиш зарур.

Қулонларнинг мавжуд эканлигини Сариқамиш кўлидаги хўжаликларнинг балиқчилари ҳам тасдиқлайди. Уларнинг билдиришича, ҳудудда қулонлар тўдаси тез-тез кўзга ташланади.

Бутунжаҳон Ёввойи Табиат Фонди (WWF), Германиянинг DAAD ташкилоти молиялаштируви билан Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги Бош Бошқармаси ва Михаэл Зукков Фонди  (Германия) ҳамкорлигида 2012-2014 йилларда қорақалпоқ Устюрти ва шимолий Сариқамиш ҳавзаси ҳудудида ўтказилган экспедиция ишлари натижасига кўра, бу ҳудудларда табиатда тўлиқ йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турган Устюрт архарлари, Устюрт жайронлари, бўрсиқлари, туркман қулонларининг яшаши маълум бўлди ва уларни суратга олишнинг уддасидан чиқилди.

Мавзуга оид