Ўзбекистон | 12:00 / 15.08.2017
42938
13 дақиқада ўқилади

Кириллча имлодан тўлиқ воз кечиш вақти келди!

Ёзув ҳақида гап кетганда яқин ўтмишизга бироз назар ташласак. 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши билан, зиёлиларимиз томонидан ўша даврдаёқ лотин ёзувига асосланган алифбога ўтиш таклиф қилинганди. Амалда бу бизни, жаҳон ҳамжамиятига кенгроқ интеграцияга ўз тилимиз орқали киришишимизда биринчи қадам бўлганди.

1993 йил сентябрь ойида бу борада ҳукуматимиз томонидан лотин ёзувига асосланган алифбо бўйича муҳим ҳужжат қабул қилинди (1995 йилда ўзгартириш киритилди). Бу кўпчилик учун яхши, катта авлод вакиллари учун бироз ўйлантирадиган воқеа эди.

Лотин ёзуви бугунги кунда халқаро ҳамжамиятда энг кўп қўлланиладиган энг йирик кўламдаги жаҳон ёзувига айланган. Буни қуйидаги суратдан ҳам билиб олишингиз мумкин.

Лотин ёзувидан фойдаланадиган давлатлар

Бугунги, XXI «ахборот технологиялари асри»да лотин ёзуви энг қулай ва самаралидир. Босма нашрларда ҳам матнда 10–15 фоиз жой тежалади. Ёзув масаласида халқаро стандартларга мослик даражаси ортади. Ҳатто, лотин ёзувидан фойдаланмайдиган тилларда сўзлашувчиларнинг кўпчилик қисмига лотин ёзуви таниш. Анъанавий ёзувдан фойдаланадиган тилларда ҳам улар ўз тилларининг халқаро миқёсда лотинча транскрипцияларидан фойдаланади. Масалан хитой тилида Пиньин, япон ва корейс ёзувининг лотинчада ёзилиш қоидаси, ҳатто рус тилининг халқаро миқёсда фойдаланиладиган бир қанча лотинча транскрипциялари бор.

Айни вақтда, биз учун ўқувчиларни инглиз, француз, испан, немис, итальян ва бошқа тилларни тезда ўзлаштиришига (ортиқча имло муаммоси бўлмайди) замин яратади. Энди танганинг иккинчи тарафи бор. Айни пайтда ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган хорижликларнинг ҳам савод чиқаришида енгилликлар кўпаяди.

1940 йилда мустабид тузум босими остида ўзбек тилини рус тили оҳанги ва орфоэпикасига бўйсундирган кирилл алифбоси қабул қилинди (аслида 1956 йилгача бир неча марта ўзгартиришлар бўлган). Мазкур алифбода ўзбек тилига ёт бўлган Ь – юмшатиш, Ъ – айириш белгилари (араб тилидан ўтган сўзлардаги айириш, тутуқ нисбати мустасно), етти ухлаб тушимизга кирмаган — Ц, «ғалати унли»лар — Я, Ю, Ё, Е, «оға тили» маҳсули бўлган юмшоқ унли ҳодисаси (альбом, шампунь) ўйламасдан ўзлаштирилган. Шунингдек, ўша даврдаги тилшуносларимизнинг бу масалага нисбатан, нўноқлиги ва хатоси билан икки хил бир-биридан мустақил товушни англатадиган — Ж («журнал» ва «жаҳон») ва О («полк» ва «доно») чала ҳарфлари киритилгани етмагандай, рус «оға»ларнинг оғзига ҳавас қилиниб «Ҳ» – ҳарфимизни нафақат халқаро балки ўзбекча сўзлардан «Г» ва «Х»га алмаштирилди (Гайдар Алиев, Расул Гамзатов ва бошқа). Бу кириллдаги бир нечта нуқсонлардан бири холос.

Ўша даврларда Собиқ Иттифоқдаги кучли идеология натижасида, бу борада ўнгланишлар кўзга ташланмади. Тилнинг шакл шамойили, имлоси ва талаффузи жиддий тарзда рус тилига бўйсундиришга ҳаракат қилинди. Демак, англашимиз керак-ки, кирилл ёзуви - турғунлигимиз белгиси.

Лотин ёзувини бизга ўтган асрнинг 20-йилларидан ҳам, мустақиллигимизнинг бошларида ҳам ҳеч ким ва ҳеч қандай куч мажбурламади. Ўз ташаббусимиз билан, онгли равишда ўтдик. Алқисса, бу мустақил Ўзбекистон белгиси, керак бўлса ўзбек тилининг мустақиллиги белгиси.

1995 йил май ойида киритилган ўзгартиришлардан кейин 2000 йилгача лотин ёзувига ўтиш режалаштирилди. Кейин бу муддат 2005, 2010 йилгача узайтирилди. Энди масаланинг асл моҳиятига тўхталамиз. Нега шунча пайтдан буён лотинга ўтишимиз қийин кечаяпти?

Биринчидан, 1995 йилдан кейин фақат мактабларда ўқувчи ва ўқитувчилар учун дарслик ва бошқа ўқув қўлланмалари чиқарилди, холос. Таълим муассасаларида таҳсил олмайдиган, ишчи ва хизматчилар, чекка ҳудудлардаги аҳоли қатлами, шунингдек, катта авлод вакиллари учун лотин ёзуви тарғиботи бўйича аниқ тизимли ишлар амалга оширилмади;

Иккинчидан, бу борадаги тарғиботнинг энг катта машинаси ОАВ орқали ҳам лотин ёзувининг ижобий хусусиятлари ва қулайлигини ва оммабоплигини тарғиб қилиш масаласида кўзга кўринарли ҳаракат бўлмади. Ҳалигача Ўзбекистон ва бошқа телеканаллардаги кўрсатувларда, асосий информацион дастурлар «Ахборот» ва «Таҳлилнома» қўрсатувлари титрлари кирилл имлосида. Яқиндагина орзиқиб кутганимиз, жаҳон талаблари даражасида дея айтилаётган «Ўзбекистон 24» телеканали ҳам келажакка эмас, ўтмишга ҳавас қилиб, эфирда кирилл ёзувидан фойдаланяпти;

Учинчидан, телеканалларимизда инглиз тилини ўргатувчи бир нечта теледарслар ташкил этилаяпти, лекин катта авлод учун лотин ёзувини ўрганиш масаласида бирорта ҳам дастур мавжуд эмас;

Тўртинчидан, кенг аҳоли қатлами, хусусан катта авлод вакиллари учун кундалик ёнда олиб юришга қулай бўлган, содда қўлланмалар мавжуд эмаслиги;

Бешинчидан, ҳалигача давлат ва нодавлат ташкилотларда ишлайдиган кадрларнинг лотин ёзуви масаласида билими ҳаминқадар эканлиги ва лотин ёзувига ўтишга, тан олиш керакки, «эринчоқлик» қилаётгани, бу масалага консерватив қарашда ёндашилаётгани;

Олтинчидан, бу борада лотин ёзувига ўтишни назорат қиладиган республика даражасидаги ташкилотнинг фаолияти кўзга кўринмаётгани ва амалда мавжуд эмаслиги;

Еттинчидан, лотин ёзувига мулкчилик ва юридик шаклидан қатъи назар ўтиш бўйича ҳуқуқий жиҳатдан аниқ мажбурий характерга эга бўлган қонуности ҳужжати мавжуд эмаслиги;

Саккизинчи, кадрларни ишга қабул қилишда, уларни нафақат лотин ёзуви балки, ўзбек тили бўйича ҳам билим савияси деярли инобатга олинмаётгани;

Тўққизинчи, ёшлар учун чоп эттирилувчи оммавий нашрларнинг ҳали ҳам кириллда чоп этилаётгани (ҳолбуки 1994 йил бошлаб лотин алифбоси ўқитилмоқда, демак аҳолининг салкам ярми лотинда таҳсил олган);

Агар яхшилаб ўйлаб қарасак, ҳаммаси оддийгина беэътиборлик натижасида келиб чиққан сабаблар. Ҳамма кимдир бошлаб беришини кутди, назаримда. Аслида, қонунчилик ҳужжатларида давлат ва нодавлат ташкилотларида расмий ҳужжатларни лотин ёзувида ёзмаслик тўғрисида ҳеч қандай тақиқ йўқ. Айни пайтда, фақат кириллда ёзилсин, деган топшириқ ҳам йўқ. Демак, бу борада юридик жиҳатдан ҳам аниқлик етишмаяпти.

Бу борадаги мавжуд ишлар ўз вақтида амалга оширилганда эди... Аллақачон лотин ёзувига ўтишни якунлаган бўлардик. Баъзи пессимистлар (асосан кириллда таҳсил олган ва лотинга ҳуши йўқ) фикрича, Ўзбекистонни лотинга ўтказиш қийин эмиш. Бу бекор гап! Ҳаммани ўзига ўхшатмасин улар! Чунки бу ҳам жамоатчилик ичида ишонқирамаслик кайфиятини келтириб чиқариши мумкин. Бу фақат ўзгаришларга мойил бўлмаган, эскичаликни сақлаб қолиш тарафдорларининг фикри. Марҳамат, ёшлар ўртасида сўров қилиб кўринг-чи, натижа қандай чиқаркан?

Энг ёмони, зиёли қатлам, баъзи филолог ва олимлар орасида ҳам бундай зарарли фикрларнинг мавжудлигини нима билан изоҳлаш мумкин? Амалда, кирилл алифбоси ўзбек тилининг орфографик ва орфоэпик қонуниятларига етарли даражада мос келмаслигини билиб туриб, бундай ёндашиш керакмас, назаримда. Эмишки, ўтган аср давомида араб ёзувидан, лотин ва кириллга, кейин яна лотинга ўтиш халқимизни саводсиз қилиши ва бебаҳо илмий меросимиздан айирар эмиш. Ғалати ҳолат!

Савол: Ўша илмий меъросимизни ким биздан тортиб олиб қўйяпти? Уни қаерга йўқотяпмиз? Ўша илмий меъросларни инглиз, рус ва бошқа европа тилларига ўгириш мумкин-у, шунчаки, кириллдан лотинга ўгириб бўлмайдими?

«Эринчоқлигимиз тутди», десангиз тўғри бўларди, менимча. Бугун буни оддий компьютер дастурлари орқали, бир неча сонияда 99,9 фоиз ҳолатда тўғри ўгириш мумкин.

Кейинги баҳона, халқнинг саводсизлашиши. Ҳатто собиқ иттифоқ пайтида ҳам қишлоқ мактабларигача немис, инглиз, француз тиллари ўқитилган. Бутунлай сўзлашиш бўлмаса ҳам, катта авлодда ўша лотин ёзуви 70-80 фоиз ёдда.

Ундан кейин 22 йилдан буён ОАВ, кўча-кўйдаги, бинолар пештоқидаги ёзувлар, янги нашр этилган китоблардаги лотин ҳарфларини кўравериб, ҳамманинг кўзи пишиб кетган. Ҳозирги кунда, катта авлод вакиллари ичида лотин ёзувини ўқий олмайдиганларни топиш қийин.

Тан олиш керак, 1995 йили қабул қилинган имло қоидаларида мустақиллик шамоли бўлса-да баъзи ўринларда кириллни хатосини такрорлаганимиз ҳам рост. Лекин, бу жузъий камчиликларни тузатиш мумкин. Ҳатто, кирилл ёзувимиз ҳам юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бир неча ўзгаришларни бошидан ўтказган. Лекин, ўша даврда ҳеч ким бундан норози бўлмаган.

Яна бир «дангасалик»ка мисол: Лотин ёзувига ўтиш одамларда қийин кечиши... Инглиз ва ҳатто хитой тилини ўрганиш қийин эмас-у, ўз она тилимизни лотинда ўқиш қийин эканми?

Марҳамат, биз билан бирга бошлаганлардан, 2000 йилдаёқ Туркманистон, 2001 йилда Озарбойжон лотинлаштириш жараёнини тўлиқ якунига етказди (Алифбосига икки-уч маротаба ўзгартитиш киритишга ҳам улгуришди). Ҳатто ёши 50 дан ошганлар ҳам лотинчада бемалол ўқиб ёза олишади. ОАВ, жамоатчилик, таълим, сиёсат, иқтисод борингки, энг қуйи даражагача русийзабонларгача, ҳамма ўзини лотинда КОМФОРТ ҳис қилмоқда.

Хўш бизга нима етишмаяпти? Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганидай «эскича ишлаш вақти ўтган»ини чин юракдан ҳис қиладиган раҳбарлар, фаоллар ва энг муҳими ТУРТКИ етишмаяпти назаримда. Янаям, осонроқ айтганда кимдир бошлаб бериши лозим.

Куни кеча ижтимоий тармоқлар орқали адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаевнинг «Ўзбек тили ҳакка чўқигандек чучмал тилга айланаётганидан хавотирдамиз», деган мақоласини кўриб қолдим. Жуда ҳам ғалати таклиф билан чиқилган! Кириллни биринчи, лотинни иккинчи алифбога айлантириш масаласи. Қаерда кўргансизки, бир тилнинг икки ёзуви бўлганини? Лотин ёзуви, ўзбек тили табиатига мос эмас экан. Сиз айтган ўша мутахассислар исбот қилиб бера олармикан, кирилл лотиндан устунлигини? «Домла, кирилл алифбоси мос эдими?», деган савол туғилади. Яна айтибсизки «шўролар ундан аввалроқ алифбони уч бора ўзгартириб (араб, лотин, кирилл), халқимизни саводсиз этганларидек»... демак шўро ёзувига қайтайликми яна?

Энди ўйлаб кўринг-чи, 1995 йилда бутун дунёга жар солиб лотинга ўтишни айтиб мақтанган эдик. 22 йилдан кейин нима деймиз халқаро жамоатчиликка? Кулгили таассурот қолдирмаймизми? «Узр, жўжани хом санаган эканмиз», деймизми? Ё «шўролар»ни унута олмасканмиз», деймизми? Ёки шунчаки «Ҳазиллашгандик!» деймизми?

22 йилдан буён савод чиқарган ўн миллиондандан ортиқ қоракўзларимизгачи, уларнинг юзига қандай қараймиз? Бу саволларга домламиз ва бошқа кириллга қайтиш иштиёқидаги «мутахассисларимиз» нима дейишаркан?

Яқиндагина, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбойжон тажрибасини айтиб, йил охирига қадар қозоқ тилининг лотин ёзувига асосланган имлосини ишлаб чиқишни буюрди ва яқин йилларда тўлиқ ўтиш дастури тайёрланган. Бу орада, Қирғизистон ҳукумати томонидан ҳам шундай ташаббус ўртага ташланди, ишлар бошлаб юборилди. Россия Федерациясида бўлсада, Татаристон ва Қримда лотин ёзувининг ўз тилларига мос имлоси тайёр ҳолга келтирилган. Тожикистонда ҳам лотин ёзувига ўтиш бўйича бир неча таклифлар мавжуд.

Энг муҳими бизда, Туркманистон ва Озарбойжондан фарқли 22 йиллик тажриба бор. Саводлилик даражаси 99,9 фоизлик маррани урган имкониятимиз бор гап! Лотин ёзувига тўлиқ ўтиш Ўзбекистонда инқилоб даражаси эмас, кичикроқ ислоҳот даражасида ўтади холос. 2–3 йиллик муддатда лотин ёзувига ўтишда катта муаммолар келиб чиқмаслиги кундай равшан. Юқорида таъкидлаб ўтилган камчилик ва хатоларимизни бартараф этайлик.

Жамиятимиз менталитетида шундай, ҳукумат томонидан қатъий, мажбурий кўринишдаги қарор ишлаб чиқилса, ижросига ҳамма киришиб кетади. Тавсиявий характердаги ислоҳот эса... Русийзабонлар масаласида эса, давлат тилини билиш фуқаронинг ўша мамлакат қонунларига нисбатан ҳурматининг белгиси эканлигини эслатиш кифоя.

Хуллас, лотин имлоси масаласида, ўйимизни ўйлаганимизча таваккалчилар аллақачон ишини битириб бўлишди. Биз нимани кутаяпмиз? Биринчи қадамни, ташаббусни кутаяпмиз!

Унутмаслигимиз керакки, лотин ёзувига тўлиқ ўтиш ва унга кетаган харажат, аслида мамлакатимиз келажаги учун киритиладиган ҳам моддий ҳам маънавий ИНВЕСТИЦИЯДИР.

Зеро, кўз — қўрқоқ, қўл — ботир. Бу ислоҳот бизни қўлимиздан келади!

М.Усмонов,

Ўзбек тили алифбоси ва жорий имло қоидаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича Республика ишчи гуруҳи аъзоси

Мавзуга оид