Жамият | 16:00 / 17.08.2017
59432
3 дақиқада ўқилади

“Менга ҳаловат йўлини кўрсатинг...”. Тўй қилиб қарзга ботган ота уламоларга юзланди

Бугуннинг мавзуси сир эмаски, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ оғриқли муаммо бўлиб қолди. Аслида-ку, бу муаммо асрлар муқаддам кўтарилган ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида башорат қилинганди. Минг таассуфки, бу оқибатлар бугунга келиб, ўз аксини чунонам кўрсатдики, давлат раҳбари даражасида тилга олинди.

Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идорасига бир савол йўлланибди. Унинг мазмуни билан танишар экансиз, бир йиғлагингиз келади, бир кулгингиз. Эмишки, ота бечора ўғлини уйлантириш учун Халқ банкидан кредит олган. Бугунга келиб, нима қиларини билмай боши қотган. Чунки мавжуд тартиб-қоидаларга кўра, олинган пул ўз вақтида қайтарилиши керак-да. Хуллас, нима қиларини билмаган ота мусулмонлар кенгашидан маслаҳат ва ёрдам сўраб мактуб йўллаган. ЎМИ фатво ҳайъати эса қуйидаги тартибда жавоб йўллаган:

“Минг афсус, шариатдан хабари йўқ кўпчилик инсонлар қарзга тўй қилиб, кейин қийналиб юришади. Аслида, имкониятдан келиб чиқиб, камтарона тўй қилиш ва ортиқча орзу-ҳавасга берилмаслик керак эди. Қарздан қутулиш учун ушбу дуони ўқиш ҳам тавсия қилинган:

«Қулиллааҳумма мааликал-мулки ту’тил-мулка ман ташаа-у ва танзиъул-мулка мимман ташаау, ва туъиззу ман ташаау ва тузиллу ман ташаа-у биядикал-хойру. Иннака ъала кулли шай’ин қодийр». «Роҳманад-дуния вал-охирати ва роҳиймаҳумаа туътий минҳумаа ман ташаау иқзи ъаннии дайний».

Шу ўринда бироз тафаккур қилсак. Бандаси бошига иш тушмагунча, мусибат билан қарама-қарши бўлмагунча барчасига ўзи қодир, деб ўйлаб юради. Ҳеч қандай насиҳат ва маслаҳат унга кор қилмайди. Аммо руҳий ва жисмоний қийналиб қолгач, алал-оқибат барибир Аллоҳга юзланади. Ҳолбуки Яратган Эгаси бу муаммоларнинг олдини олиш учун кўплаб осон йўлларни кўрсатиб қўйган. Бунинг учун ўзни ҳурмат қилиб, қўлга китоб олиб, “қани боболар нима деган, олимлар нима деган, ҳаётий мисолларда нима дейилган”, деб маърифати, маънавиятини ошириши керак бўлади. Аммо бандаси барибир қийинини танлайди. Шу билан нафақат ўзини, балки ён-атрофдаги ўзгаларни ҳам азобга қўяди.

Сарвар Анвар ўғли,
Кун.uz журналисти.

Мавзуга оид