Light | 22:47 / 22.08.2017
49343
4 дақиқада ўқилади

Маошни оширишни қачон сўраган маъқул?

Кўп ходимлар маошни оширишни сўрашга қийналишади, лекин бу у қадар қўрқинчли эмас. Раҳбарингиз билан ҳафтанинг қайси куни, қайси пайт гаплашиш мақсадга мувофиқ эканини билинг. "Лайфхакер" ходимларнинг қачон маошни оширишни сўраб мурожаат қилиши мумкинлигига доир маълумотлари билан бўлишди.

1. Янги мажбуриятлар пайдо бўлганда

Агар сизнинг лавозимингиз оширилса, вазифаларингиз бевосита ўзгарса ёки бировнинг вазифасини сизга юклашса, иш ҳақини оширишни сўраб мурожаат қилишнинг айни вақти! Энди кўпроқ вазифаларни бажаришингиз керак бўлади, ахир. Демак, шунга яраша ҳақ ҳам олишингиз керак. Агар қандайдир муҳим йирик лойиҳа учун жавобгар бўлсангиз, ўз ҳаракатларингиз ва вақтингиз учун мукофот масаласини муҳокама қилишга уриниб кўринг.

Раҳбарият бу илтимосингизни рад этса, эҳтиёткорлик билан, бундай вазифаларни бажариши керак бўлган янги ходим аввал бошданоқ кўпроқ маош талаб қилишига шаъма қилинг.

2. Муваффақиятга эришганингизда

Агар компанияга катта фойда келтирган бўлсангиз, масалан, муҳим битим имзолаган ёки кўп янги мижозларни жалб этган бўлсангиз, қўрқмай маошингизни оширишни сўранг. Сиз ўз-ўзидан иш ҳақингизни оширишни сўрамаяпсиз, бунинг арзирли сабаблари бор. Сиз бунга лойиқсиз. Ўзингизнинг ҳақиқатда қадрли ходим эканингизни ҳис қилишингиз муҳим.

Бу муваффақиятга эришиш учун қандай меҳнат қилганингизни айтиб беринг. Раҳбариятни маошингизнинг ошиши сизни келгусида янада катта ишларга илҳомлантиришига ишонтиринг.

3. Малака оширгандан кейин

Резюмеингиздаги ютуқ ва кўникмалар сатрлари тўлиб борган сари иш ҳақингиз ҳам шунга мувофиқ ошиб бориши керак. Бу масалани албатта раҳбарият билан муҳокама қилинг.

4. Персоналнинг йиллик таҳлилига уч ой қолганда

Раҳбариятдан маошни ошириш ҳақида сўрамоқчи бўлсангиз, буни бюджет тақсимлангунга қадар амалга оширинг. Агар сиз бу масалани ходимларга баҳо бериш пайтида кўтарсангиз, яна 3-4 ой кутишингизга тўғри келади.

5. Эрта кузда

Бу пункт, тўртинчиси каби, олдини олишга қаратилганлиги билан ажралиб туради. Янги йил бошидан кўпроқ маош олишни истасангиз, сентябрь ойидаёқ иш ҳақини оширишни сўранг. Бу ҳам бюджетни тақсимлаш билан боғлиқ.

6. Жума куни

Агар сиз ўз масалангизни жума куни кўтарсангиз, раҳбариятнинг бу ҳақида ўйлаб кўришга вақти бўлади. Боз устига, бу куни барча ходимлар одатда яхши кайфиятда бўлишади.

7. Эрталаб

Раҳбар эрталаб куннинг бошқа пайтига нисбатан муҳокамаларга мойилроқ бўлади. Бироқ остонадан қадам қўйибоқ мақсадга ўтиш тавсия этилмайди. Раҳбар ўз  хонасига кириб, қаҳвасини ичиб, 1-2 та хатга жавоб беришини кутинг. Эрталабки соат 11:00 - иш ҳақини оширишни сўраш учун айни муддао.

8. Етарлича далилларга эга бўлганингизда

Бу маошни оширишни сўрашнинг мажбурий шарти. Сиз иш ҳақини оширишни жума куни эрталаб сўрасангизу, ўз нутқингизни тайёрлаб олмасангиз, мақсадга эришишингиз даргумон. Шу боис нима учун иш ҳақингиз оширилиши керак деб ҳисоблашингизни олдиндан ўйлаб қўйинг.

Мавзуга оид