Фото: Тошкент марказида иситиш қувурлари ёрилиб кетган, болалар ҳаёти хавф остида
Тошкент шаҳрининг Миробод тумани, Файзиобод 9-тор кўчасида марказий иситиш қувурлари ёрилиб кетган. Орадан бир неча йиллар ўтган бўлса-да, ҳеч бир мутасадди ташкилот бу ишни ўз зиммасига олмаган. Ҳозирда қувурларда бир неча ёриқлар мавжуд бўлиб, улардан қайноқ сув оқади. Бундан ташқари, қувур ўтган йўл қазиб очиб қўйилган ва натижада катта чуқурлик ҳосил бўлган.
Маҳаллада истиқомат қилувчи фуқароларнинг сўзларига кўра, бу ҳолат юзасидан бир неча марта МФЙга ҳам мурожаат қилинган, ҳаттоки, телевидение орқали таъмирталаб қувурлар ҳақида лавҳалар ҳам тайёрланган.
Иситиш қувурлари бундай аҳволда туриши ёш болаларнинг ҳам ҳаётига хавф солмоқда. Суратларда кўриб турганингиздек, қазилган ҳудуд ёнида болалар стадиони жойлашган. Табиийки, у ерда маҳаллада яшайдиган оилаларнинг фарзандлари ўйнашади. Иситиш қувурлари усти очиқ ва унинг атрофида ҳеч қандай тақиқловчи тўсиқлар ўрнатилмаган.
Маҳаллада яшовчи онанинг сўзларига кўра, яқинда унинг боғча ёшидаги фарзандлари очиқ ҳолда турган ўра ичига тушиб кетишига бир бахя қолганди. Агарда ота-оналар бир сонияга фарзандларини эътиборсиз қолдирса, бу ерда болалар кутилмаганда қувурга қулаб, куйиб қолиши ва жуда оғир тан жароҳати олиши ҳам мумкин.
Кun.uz таҳририяти «Тошиссиққуввати» корхонаси ҳамда бошқа тегишли идора вакилларидан ушбу масалани тез ва ижобий ҳал этишни сўрайди. Зеро, ҳар қандай муаммоли ҳолатни кўнгилсиз ҳодисалар юзага келмасдан аввал бартараф этган афзал.
Мавзуга оид
07:14 / 04.09.2024
Тошкентда йўл ўртасидаги устунга бориб урилган Cobalt ёниб кетди
11:56 / 23.05.2024
Пойтахт туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминоти тўхтатилади
09:18 / 22.11.2023
Тошкент ИИББ Миробод туманида фуқаро отиб кетилгани ҳақида тарқалган хабарни рад этди
13:15 / 25.07.2023