Жаҳон | 22:03 / 30.08.2017
4191
2 дақиқада ўқилади

Qualcomm Хитой компаниясидан миллион долларлар ундириб олди

Симсиз алоқа воситалари ва микрочиплар ишлаб чиқарувчи  Qualcomm компанияси Хитойда яримўтказгичлар ишлаб чиқарувчи  маҳаллий компания Gotop’га қарши суд ишида ютиб чиқди ҳамда 100 млн юан (15 млн доллар) миқдорида товон пули олди.

АҚШ компанияси фойдасига қарор Шанхай судида чиқарилди.

1992 йилда ташкил этилган Gotop компанияси (хитойча номи Gao Tong) компьютер техникаси учун турли эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланади. Qualcomm Хитойда 2001 йилда ўз ваколатхонасини очган ва кўплаб йиллар давомида ўз маҳсулотини Gao Tong бренди остида сотган. 2010 йилда АҚШ компанияси Хитой саноат-савдо маъмурий бошқармасига Gotop томондан қайд қилинган Gao Tong cавдо маркасини бекор қилиш билан мурожаат қилган. Мурожаат қондирилган ва Хитой компанияси суд қарори бўйича апелляцияни икки марта ютқазган.

2014 йилда Gotop Шанхай халқ судига унга Gao Tong маркаси остида савдо қилиш ҳуқуқи қайтарилишини сўраб мурожаат қилган. Бу иш бўйича суд жараёни 2016 йил май ойида бошланган. АҚШ компанияси судда Хитой компанияси бу савдо маркасига ҳуқуқни йўқотганини таъкидлаган. Натижада суд Qualcomm фойдасига қарор чиқарган ва Хитой компанияси зиммасига товон пули тўлаш мажбуриятини юклаган.

Мавзуга оид