Сурхондарёда Истиқлол айёми кўтаринки руҳда нишонланмоқда
Бу йил сурхондарёликлар энг улуғ, энг азиз байрамимизга янги ютуқ ва зафарлар билан пешвоз чиқишди. Кўчалар, хиёбонлар, истироҳат боғлари байрамона безатилиб, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида, олис қишлоқ ва маҳаллаларда байрам шодиёналари кўтаринки руҳда ўтказилмоқда, — дейилади вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг Фейсбукдаги саҳифасида.
«Байрамнинг асосий тантаналари Термиз шаҳридаги «Алпомиш» ўйингоҳида бўлиб ўтди. Тадбирга ишлаб чиқариш илғорлари, фермер ва тадбиркорлар, нуронийларимиз, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда қўшни давлатлардан келган меҳмонлар таклиф этилди.
Тадбирда вилоят ҳокими воҳамиз аҳли ҳамда тантанага ташриф буюрган меҳмонларни энг улуғ, энг азиз байрамимиз билан табриклаб, мустақиллик халқимиз томонидан қўлга киритилган бебаҳо бойлик эканини, мамлакатимизнинг мустақил давлат сифатида жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб тан олиниши, юртимизнинг юксак тараққиёт чўққилари сари дадил одимлашида элини, Ватанини севадиган инсонларнинг, бағри кенг, олижаноб халқимизнинг заҳматли меҳнати борлигини, истиқлол йилларида воҳадошларимиз томонидан қўлга киритилган ютуқлар хусусида тўхталиб ўтди.
Истиқлол воҳадошларимиз турмуш тарзида ҳам туб бурилишлар ясади. Хусусан, мустақиллик йилларида «Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон» янги темир йўлининг қуриб фойдаланишга топширилиши, Хонжиза полиметалл рудалар кони ишга туширилгани, мактаб ва коллежлар, ижтимоий соҳа объектлари, спорт иншоотлари, ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилгани вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида юксак аҳамиятга эга бўлди.
Жорий йилда ҳам вилоятимизда йирик ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари барпо этилмоқда. Хусусан, Амударё соҳилида замонавий, барча қулайликларга эга бўлган болаларни соғломлаштириш оромгоҳи ишга туширилди. 6,2 гектар майдонни эгаллаган мазкур оромгоҳ бир мавсумда 200 нафар, бир йилда 5 минг нафар болани соғломлаштиришга мўлжаллангани халқимиз учун янада манзур бўлаётир. Замонавий қиёфа кашф этиб турган ушбу оромгоҳ юртимизнинг энг гўзал ва сўлим масканларидан бирига айланди.
Вилоятда 2017 йилги Давлат инвестиция дастури бўйича жами 218 та ижтимоий тармоқ объектларига 505 млрд. сўм маблағлар ажратилиб, объектларни янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Термиз шаҳрида 700 ўринли «Санъат саройи», 3000 ўринли амфитеатр, «Достончилик ва бахшилар мактаби», Адиб Собир Термизий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази, «Термиз ҳайвонот боғи», «Ўлкашунослик музейи», «Болажон боғи» каби иншоотларда реконструкция ва қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, жорий йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан умумий қиймати 2 трлн. 34 млрд. сўмга тенг жами 1912 та лойиҳа амалга оширилаётир.
Президентимиз ташаббуси билан Бойсун туманида умумий қиймати 5,2 млрд. долларни ташкил этадиган газ-кимё комплексини қуриш ишлари бошлангани воҳамиз аҳли учун чинакам совға бўлди. Мазкур йирик газ-кимё мажмуаси вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида катта бурилиш ясайди, халқимиз фаровонлигини таъминлашга беқиёс ҳиссасини қўшади.
Шу билан бирга Шеробод туманида лойиҳа қиймати 213,0 млн. долларга тенг бўлган цемент заводини қуриш бўйича ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Ушбу корхона йилига 1,5 млн. тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, нафақат ички бозорни сифатли маҳсулот билан таъминлайди, балки қўшни давлатларга ҳам цемент маҳсулотини экспорт қилиш имконияти яратилади.
Жорий йил якунига қадар эса Жарқўрғон туманида «Сурхонцементинвест» хорижий корхонаси томонидан умумий қиймати 47,0 млн. доллар бўлган, йилига 360 минг тонна портланд цемент ишлаб чиқариш қувватига эга заводни ишга тушириш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари лойиҳа қиймати 365 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 15 та енгил саноат корхоналарида қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Бу эса ўз навбатида келгусида вилоятда ишлаб чиқарилаётган пахта толасини тўлиғича ўзимизда қайта ишлаш имконини беради.
Вилоятимизда олиб борилаётган бундай оламшумул ўзгариш ва янгиланишларда воҳамизнинг фидойи инсонларининг заҳматли меҳнати бор. Буни куни кеча муҳтарам Президентимиз Фармонларига асосан, юртимиз равнақига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган 20 нафар воҳадошларимиз Ватанимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Тадбирда турли бадиий ва саҳна кўринишлари, санъаткорлар томонидан тайёрланган дилтортар қўшиқлар байрам иштирокчиларига муносиб совға бўлди. Айниқса, Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозов, элимизнинг суюкли хонандалари Абдурашид Йўлдошев, Равшан Намозов, Сайёра Ғозиева, Ирода Искандарова, Жасур Умиров ҳамда «Сурхон» гуруҳининг чиқишлари тадбирга ўзгача шукуҳ бахш этди.
Истиқлол байрами вилоятимизнинг барча гўшаларида, меҳнат жамоалари, қишлоқ ва маҳаллаларда давом этмоқда», — дейилган хабарда.
Мавзуга оид
13:36 / 06.11.2024
Сурхондарёда Cobalt'нинг газ қувурига урилиши оқибатида авария ҳолати содир бўлди
20:01 / 01.11.2024
Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев вафот этди
10:02 / 19.10.2024
Сурхондарёда аҳолига тарқатилиши керак бўлган 1 400 тонна кўмир талон-торож қилинди
07:40 / 18.10.2024