Жамият | 19:25 / 06.09.2017
11374
3 дақиқада ўқилади

Эл орасида ҳурмат қозонган оналарга "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони таъсис этилди

Фото: ЎзА

"Нуроний" жамғармаси ва оқсоқоллар вояга етмаганлар, нотинч оилалар, диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган фуқаролар билан якка тартибда ишлаш, ёшларга маданият, таълим-тарбия, одоб ўргатиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида спорт объектлари, мусиқа мактаблари, баркамол авлод марказларининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш каби чуқур масалаларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги тадбирида шу ҳақида маълумот берилди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари 2017 йил 1 сентябргача ҳар бир туман ва шаҳарда, қоидага кўра маданият ва дам олиш истироҳат боғлари ҳудудида "Нуронийлар маскани" мажмуалари фаолият кўрсатишни бошлайди. Уларда "Нуроний" жамғармасининг жойлардаги бўлимлари учун хоналар ажратилади. Айни пайтда Фарғона ва Наманган вилоятларида ана шундай масканлар фаолияти йўлга қўйилди.

Узоқ йиллар иқтисодиёт ва ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳалардаги ҳалол меҳнат қилган меҳнаткашларга, шунингдек ишламайдиган, жамиятда мустаҳкам оилани сақлаб қолган, фарзандларини катталарга ва кичик авлодга ҳурмат, жамият олдидаги масъулият, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаб ҳурмат қозонган оналарга тақдим этиладиган "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони (I, II, III даражали) таъсис этилди.

Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари пенсияга чиқадиган ходимларга доимий ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиши, уларга зарур моддий ва ижтимоий кўмак бериши, шунингдек ҳар йили пенсионерлардан, айниқса, якка-ёлғизлардан хабар олиш, туғилган кунларида ва байрамларда уларга эсдалик совғалар беришни, уларнинг уй-жой, маиший муаммоларини ҳал этишда кўмаклашиши, санатория-курортда соғломлаштириш ва даволашни ташкил этиши, шунингдек муқаддас жойларга ва зиёратгоҳларга экскурсиялар ташкиллаштириши ва бошқа ижтимоий аҳамиятли тадбирларни амалга ошириши бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Пенсионерлар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳаётий муҳим муаммоларини муҳокама қилиш ва ҳал этишга ёрдам бериш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларига пенсияга чиққан ходимларини раҳбарият томонидан қабул қилиш жадваллари белгиланган.

Фармон ва қарорда кўзда тутилган чораларнинг амалга оширилиши кексалар ва фахрийларни ёшларни тарбиялашга қаратилган ижтимоий фаолиятга жалб этиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, кекса ёшдаги одамлар, имконияти чекланган шахслар ва ёлғиз кексаларнинг турмуш шароити ва сифатини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга, манзилли ижтимоий ҳимояни кучайтиришга ёрдам беради.

Мавзуга оид