Жамият | 11:10 / 08.09.2017
78480
4 дақиқада ўқилади

Фото: Рекорд паловни тайёрлаш бошланди

Фото: Milliy TV

"Milliy" телеканали жамоаси томонидан ташкил этилган "O'zbegim" анъанавий маданият фестивали доирасида рекорд паловни тайёрлаш бошланди. Унинг оғирлиги қарийб 8 тоннани ташкил этади.

"Палов мамлакатимиз аҳолисининг севимли таомидир. Биз ташриф буюрувчилар, телетомошабинлар ва Ўзбекистоннинг барча фуқаролари ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз. Бундай ташаббус ва ажойиб фестиваль учун Milliy каналига миннатдорчилик изҳор этамиз!", - дейди ошпазлардан бири Маҳмуджон Расулов.

Фото:  Milliy TV

Санитария-гигиена стандартларига риоя қилиш учун палов тайёрланадиган жой ўраб олинди. Пишириш жараёни фестиваль ўтказилаётган ҳудудда ўрнатилган 17 та экран, шу жумладан, Форумлар саройи, Темурийлар тарихи давлат музейи ва А.Навоий номидаги Академик катта театр олдидаги катта экранларда намойиш этилади. Бундан ташқари, Milliy телеканали ва Facebook’даги Guinness World Records саҳифасида тўғридан-тўғри трансляция қилинади.

Фото:  Milliy TV

Ўзбекистонга Гиннесс рекордлар китобининг вакиллари ҳам рекордни қайд этиш учун келишди: ҳакам - Ричард Стеннинг, тасвирчи - Оливер Грейнжер, бошловчи, саккиз карра рекордчи - Марава Вомп.

Бундан ташқари, палов тайёрланаётган жойда тўрт гувоҳ бор, улар тайёрланиш жараёнидаги кўрсатмаларга риоя этилишини кузатиб боради, шунингдек, СЭСнинг икки инспектори ҳам келган.

Фото:  Milliy TV

Паловни тайёрлаш учун рекорд миқдордаги маҳсулот ишлатилмоқда. Хусусан, 1500 кг мол гўшти, 400 кг қўй гўшти, 220 кг думба ва энг муҳими, 1900 кг гуруч. Жуда катта қозонга 2700 кг сабзи, 220 кг пиёз, 440 литр ўсимлик ёғи, 57 кг туз солинади ва уларнинг таъми 100 кг нўхат, 190 кг майиз, 5 кг зира, 2 кг қора мурч, 1 кг куркума, 350 литр сув билан ростланади.

Фото:  Milliy TV

Палов Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатида бу воқеа учун махсус қуйилган диаметри 4,2 метр ва ҳажми деярли 8000 литр бўлган қозонда тайёрланмоқда. Қозоннинг умумий оғирлиги 7070 кг, чуқурлиги 1 м. келади. Қозон жойлаштирилган ўчоқ эса қарийб 3 тонна келади.

Фото:  Milliy TV

Ўзбекистоннинг 50дан ортиқ етакчи ошпазлари паловни тайёрлашмоқда. Ҳаммаси бўлиб тадбирни ташкил этиш, паловни тайёрлаш ва уни тарқатиш устида 200дан ортиқ мутахассис иш олиб боради, улар турли касб эгалари бўлиб, ягона мақсад – Ўзбекистоннинг бой ва ноёб маданиятини бутун дунёга намойиш этиш мақсадида бирлашишган.

8 сентябрда тайёрланган палов “Мурувват”, “Саховат”, қариялар ва ногиронлар уйлари ҳамда фестиваль меҳмонларига 14 та тарқатиш пунктида тарқатилади

Фото:  Milliy TV

Эслатиб ўтамиз, 17 август куни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида энг катта паловни тайёрлашга ўзига хос репетиция бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг 50дан ортиқ таниқли ошпазлари миллий таомни тайёрлаш учун йиғилдилар. Палов узунлиги 2 метрдан ортиқ бўлган капгирларда аралаштирилиб, сузилди. Ўша куни тайёрланган палов тадбир меҳмонлари ва Олмалиқ шаҳрининг 22 мингдан ортиқ аҳолисига тарқатилди.

Фото:  Milliy TV
Фото:  Milliy TV
Фото:  Milliy TV
Фото:  Milliy TV

Ўзбекистонда мега палов тайёрланди

Мавзуга оид