Light | 19:00 / 10.09.2017
114650
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон номи Гиннеcс рекордлар китобига кирмаган эдими?

Фото: Миллий ТВ

Ўтиб бораётган ҳафта давомида шов-шувли хабарлар оқимида Гиннесс рекордлар китоби кирган мега-палов ҳақида қизғин суҳбатларга кўп бора дуч келдим. Унинг тафсилотлари ва муҳокамасига тўхталиб ўтирмайман, аммо бир савол ўйлантиради: Ўзбекистон Гиннесс рекордлар китобига энди кирдими? Ёки мегапалов пиширилиши ортида ажойиб ўтган фестивал ошириб юборилмаяптими? Қуйида шу саволларга жавоб бериш баҳонасида, Гиннесс рекордлар китобида Ўзбекистон номининг қайд этилишига эътибор қиламиз.

1. Ўзбекистон денгизга икки мамлакат оша чиқувчи (double landlocked) аҳолиси энг кўп давлат ҳисобланади. Бу табиий ўрнатилган рекорднинг янгиланиши эҳтимолдан анча узоқ чунки, иккинчи ана шу таснифдаги Лихтенштейнда бор-йўғи 38 минг нафарга яқин киши истиқомат қилади.

2. Ўзбекистон дунёдаги энг қадимий муқаддас Қуръон китоби сақланиб келинаётган юрт сифатида қайд этилган. Милодий 588-656 йилларда яшаб, ҳукмронлик қилган халифа Усмон Мусъҳафи айни пайтда Тошкент шаҳрида сақланади.

3. Ўзбекистонлик Жамшид Тўраев бир дақиқада 19 марта икки дона бармоқ орқали баландликка осилиш машқини бажариб, Гиннесс рекордлар китобига ўз номини ёзиб қўйган.

4. Олимпиада баҳсларида энг узоқ вақт қатнашган аёл гимнастика вакили сифатида таниқли спорт устаси Оксана Чусовитина китоб рўйхатидан ўрин олган. Шунингдек, у энг ёши катта гимнаст сифатида ҳам эътироф этилган.

5. Ўзбекистонлик Тимур Гареев 2016 йил декабрь ойида кўр-кўрона шахмат донасини суриш бўйича 48 рақиб билан бир вақтда куч синашиб, якунда 80.2 фоизлик натижа кўрсатиб, Гиннесс рекордини ўрнатган.

6. От эгарини энг тез фурсатда эгаллаш ва ундан тушиш бўйича Гиннесс рекорди Ўткуров Сарвар томонидан 2014 йил Хитойда давом этаётган халқаро мусобақада қайд этилган.

7. Марғилонлик ошпаз Ҳаким Ғаниев дунёдаги энг катта лағмон таомини пишириб Гиннесс рекордлар китобига кирган. Ундан ташқари, энг катта норин тайёрланганда ҳам Ғаниев иштирок этган эди.

8. Халқаро футбол аренасида машҳур бўлган ўзбекистонлик Равшан Эрматов чемпионатларнинг финал босқичини энг кўп марта бошқарган ҳакам сифатида тан олинган.

9. Андижонлик спортчи Муҳтарам Алиев бир дақиқада кўп марта тош кўтариш бўйича бир неча марта Гиннесс рекордлар китобига кирган. Сўнгги марта 2013 йил Архангельск шаҳрида бир дақиқада 12 кг оғирликдаги тошни 118 марта кўтарган спортчи китобда қайд этилган эди.

10. Таниқли ўқитувчи, меҳнат фахрийси Утениёзов Алланиёз инглиз тили ўқитувчиси сифатида умумтаълим мактабда болаларга таълим берган. У 1954 йилдан бошлаб, ёзги таътил даврида, кам таъминланган ва ночор оилаларга, жисмоний имконияти чекланган ҳамда уйсиз кишилар турар жой қуриб беришни бошлайди. Бутун умри давомида ўз қўллари билан 40 уй, 2 мактаб, ҳар бири 30 ўринли 2та болалар боғчаси, 2та шифохона, 1та кутубхона қуриб битказган. 2000-йилларда 15 гектар ер майдонини кўкаламзорлаштириб, унумли ерга айлантирган. Беминнат хизматлари учун 2001 йилда Президент томонидан "Ўзбекистон Қахрамони” деб эълон қилинган. Унинг амалга оширган ишлари Гиннесс рекордлар китобида алоҳида эътироф этилган.

8 сентябрь куни ўзбекистонлик бир гуруҳ ошпазлар томонидан тайёрланган мегапалов эса бу рўйхатни яна бир марта кенгайтиришга хизмат қилди.