Ўзбекистон | 22:53 / 11.09.2017
82275
11 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва бошқа давлатлардаги минимал иш ҳақи таҳлили: Аҳоли жамғармалари йўқлиги сабаблари

Дунёнинг кўпчилик мамлакатларида энг кам ойлик иш ҳақи (меҳнат ҳақининг энг кам миқдори) турли мақсадларда қўлланилади ва асосан бир киши яшаши учун сарфланадиган энг кам харажат миқдори асос сифатида олинади. Хўш энг кам ойлик иш ҳақи аслида нима ўзи?  

Энг кам ойлик иш ҳақи ёки ЭКОИҲ — меҳнат ҳақини назорат қилиш учун қўлланиладиган, вақтинча ишсизлик давридаги нафақалар миқдорини белгилашда фойдаланиладиган, қонуний томондан барча турдаги корхона ва ташкилотлар учун умумий қабул қилиниши лозим бўлган минимум харажатлар миқдоридир. ЭКОИҲ шунингдек ўзига каррали тарзда белгиланадиган солиқлар, йиғимлар, жарималар ҳамда бошқа турдаги тўловларнинг аниқ миқдорини белгилашда ҳам қўлланилади. 

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ муайян давр учун белгиланган меҳнат нормасини ва меҳнат вазифаларини тўлиқ бажарган ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлиши мумкин эмас. Меҳнат ҳақининг энг кам миқдорига қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар, нормал иш вақтидан четга чиққан ҳолда бажарилган ишлар учун оширилган миқдорда тўланадиган ҳақлар, шунингдек район коэффициентлари қўшилмайди.

Энди биз истеъмол маҳсулотлари ўртача нархлари ва ЭКОИҲнинг ўзи бўйича бир қанча давлатларни ўзаро солиштиришга ҳаракат қилиб кўрамиз. Кўпчилик ҳолларда айнан мана шу солиштириш натижаси учинчи давлат мамлакатларининг меҳнат миграциясига асосий сабаб сифатида қаралади. 

Турли давлатлардаги истеъмол маҳсулотлари ҳамда энг кам ойлик иш ҳақи миқдорларининг солиштирма таҳлили

Доллар курси (11.09.2017 )

1$ = 57,17 р.

1$ = 334,29 т.

1$ = 3,5 м.

1$ = 8100 с.

1$ = 1129,36 в.

1£ = 1,3 $

$

 

Россия

Қозоғистон

Туркманистон

Ўзбекистон

Жанубий Корея

Буюк Британия

АҚШ

ЭКОИҲ (11.09.2017)

7 800 р.= 136 $

24 459 т. = 73 $

650 м. = 186 $

149 775 c. = 18 $

6470 в. = 5.7 $/912 $

7,5 ф. = 9,75 $/1560 $

7,25 $/1160 $

Гўшт (мол гўшти) кг.

500 р. = 8,4 $

1400 т. = 4,19 $

18 м. = 5,14 $

28000 c. = 3,5 $

23000 в. = 20,36 $

10 ф. = 13 $

11,53 $

Тухум (товуқ тухуми) 12 дона (1 дюжина)

57 р. = 1 $

420 т. = 1,25 $

6 м. = 1,7 $

6000 c. = 0,74 $

4404 в. = 3,9 $

1,75 ф. = 2,3 $

4,51 $

Сут л.

60 р. = 1,05 $

330 т. = 0.98 $

5 м. = 1,43 $

5200 c. = 0,64 $

2698 в. = 2,39 $

1 ф. = 1,3 $

1 $

Гуруч кг.

50 р. = 0,87 $

300 т. = 0,89 $

3 м. = 0,86 $

4000 c. = 0,49 $

4174 в. 3,7 $

1,2 ф. = 1,56 $

3,9 $

Ун кг.

40 р. = 0,69 $

65 т. 0,2 $

3 м. = 0,86 $

4000 c. = 0,49 $

745 в. = 0,65 $

1,36 ф.1,77 $

0,5 $

Картошка кг.

30 р. = 0,52 $

80 т.0,24 $

3 м. 0,86 $

4000 c.0,49 $

4999 в. = 4,42 $

1,2 ф. = 1,56 $

1,4 $

Пиёз кг.

30 р. = 0,52 $

180 т. = 0,54 $

2 м.0,6 $

2500 c. = 0,3 $

3184 в.2,81 $

0,9 ф.1,17 $

3 $

Ёғ (кунгабоқар) л.

60 р. = 1,05 $

290 т. = 0,87 $

7 м. = 2 $

10000 c. = 1,23 $

11000 в. = 9,7 $

2 ф. = 2,6 $

11 $

Шакар кг.

40 р. = 0,7 $

200 т. = 0,6 $

5 м. = 1,43 $

5000 c.0,62 $

1400 в. = 1,24 $

2,5 ф. = 3,25 $

0,7 $

 

Жадвал маълумотлари (ўртача нархлар) интернетдаги расмий очиқ маълумотлар ва 6та мамлакатда яшовчи фуқаролардан сўров ўтказиш натижасида тузилди. Баъзи бир нархлар айнан сизнинг шаҳрингизда мавжуд нархлар билан мос келмаслиги мумкин. Энг кам иш ҳақи миқдори Жанубий Корея, Буюк Британия ва АҚШда соатбай ва ўртача ойлик ҳисобида (бир ойда 160 соат ишлаши инобатга олинган).

Юқоридаги жадвалдан кўриш мумкинки, солиштирилаётган 6 мамлакат орасидан ЭКОИҲ кўрсаткичи энг кам миқдори Ўзбекистонга тегишли - 18 доллар, энг юқориси эса Буюк Британияда - 1560 доллар. Буни мамлакатлар иқтисодиётининг ривожланганлик даражаси ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш фондини аниқлаш усулларининг турличалиги билан изоҳлаш мумкин. Бироқ биз ўз навбатида ЭКОИҲга нисбатан истеъмол маҳсулотларига сарфланиши мумкин бўлган энг кам харажатнинг улушини аниқлашни ўринли деб топдик. Бунинг учун эса юқоридаги маҳсулот турларининг ҳар биридан бир бирлик (кг, литр, дюжина) олдик ва бир ой учун шартли равишда нархлар йиғиндисини ҳисобладик. Яъни, агар юқоридаги маҳсулотлардан бир ойда фақат бир килограмм/литр/дона олинса жами, маҳсулотлар учун сарфланадиган маблағ ЭКОИҲнинг неча фоизини ташкил қилишини ўргандик. Хуллас, қуйидагича манзара ҳосил бўлди:

 

Россия

Қозоғистон

Туркманистон

Ўзбекистон

Жанубий Корея

Буюк Британия

АҚШ

Истеъмол маҳсулотлари бўйича харажатлар йиғиндиси, $

14.8 

9,76

14,88

8,5

41,9

28,51

37,54

ЭКОИҲ (01.07.2017), $

136

73

186

18

912

1560

1160

Харажатларнинг ЭКОИҲдаги улуши

10.8%

13.3%

8%

47,2%

4,6%

1,4%

3,2%

Жадвалдаги маълумотлар шуни кўрсатадики, Буюк Британия аҳолиси энг кам ойлик иш ҳақининг бор йўғи 1,4 фоизини сарфлаб, юқоридаги барча турдаги маҳсулотлардан бир бирлик харид қилиш имкониятига эга. Бу эса юқоридаги 6та мамлакат орасида энг яхшиси ҳисобланади. Ундан кейин АҚШ 3,2 фоиз, Жанубий Корея 4,6 фоиз ва қанчалик ҳайратланарли бўлмасин Туркманистон 8 фоиз (Бироқ Туркманистонда қора бозор курслари мавжудлиги натижасида бу кўрсаткичлар бозор нархларида ўзгаради). Агар ушбу давлатларда ЭКОИҲнинг қолган қисмини бошқа биринчи даражали харажатларга сарфланса (тахминан 30 фоиз - коммунал тўловлари ва солиқларга, 30 фоиз - кунлик маиший буюмлар, кийим-кечакларга, 15 фоиз - транспорт, алоқа ва бошқа харажатларга) у ҳолда қолган энг камида 15 фоизини жамғаришлари ёки келгусида фойда келтириши мумкин бўлган соҳаларга сармоя сифатида киритишлари мумкин бўлади. Энг қизиғи, бу энг кам ойлик иш ҳақига эга бўлган инсоннинг имкониятларидир. Россия ва Қозоғистондаги вазият ҳам аслида Россияга нисбатан қўлланган санкциялар натижасида келиб чиққанини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Бироқ шундай ҳолатда ҳам ушбу давлатларда энг кам ойлик иш ҳақининг деярли бешдан бир қисмига юқоридаги маҳсулотларни харид қилишлари мумкин.

Энди Ўзбекистонга тўхталсак. ЭКОИҲнинг анча салмоқли қисми (деярли ярмиси) 47,2 фоиз Ўзбекистонда юқоридаги маҳсулотларда бир бирлик харид қилишга етади холос. Агар яна бошқа бирламчи харажатларни ҳисобга оладиган бўлсак, Ўзбекистондаги ЭКОИҲ ҳаттоки энг минимал харажатларни қоплашга ҳам етмай қолиши мумкин. Бундан хулоса қилиш мумкинки, ҳаттоки Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг ўртача миқдорини олсак ҳам (6 коэффициент) деярли 900 минг сўм ўртача иш ҳақига тенг бўлади, ойликнинг ярми айнан истеъмол маҳсулотларига сарфланиши аниқ. Ойлик иш ҳақининг қолган қисми эса кўпи билан солиқ, коммунал харажатлар, кийим-кечак ва транспорт харажатларини зўрға қоплаши мумкин. Жамғариш ҳақида эса умуман гап сўзи бўлиши мумкин эмас. Айнан шу аслида банк-молия соҳасида аҳоли маблағларининг кам тўпланиши ва чакана хизматлар бозорининг гуркираб ривожланишига тўсқинлик қилади. Банкларда ёки бошқа молия соҳаларида аҳоли бўш маблағларининг кам йиғилиши ўз навбатида бошқа соҳаларни қўшимча кредитлар ва қарз маблағлари ҳисобига молиялаштириш имкониятини камайтиради, янги соҳалар, янги ғоялар амалиётга татбиқ қилинишида сармоя камлигига сабаб бўлади ва ҳ.к. Бунда айниқса даромадлари ЭКОИҲга каррали тарзда белгиланган кам таъминланмаган оилалар, ногиронлар ва қарияларга ҳаёт кечириш жуда мушкул ҳисобланади. Энди ўринли бир савол туғилади, ЭКОИҲнинг миқдорини аниқлашда ҳукуматнинг тегишли йўналишда фаолият олиб борувчи вакиллари қандай параметрларга эътибор беришар экан? Балким уларда ҳисоблаш методикаси умуман бошқачадир, унда балким сузувчи бозор нархлари ўрнига барчанинг ҳам олиш имкони бўлмаган (сунъий пасайтирилган) нархларни ҳисобга олишар. Бу эса умуман бошқа мавзу. 

Аслида кўплаб малакали кадрларнинг хорижга ишлашга жўнаб кетишининг асл сабабларидан бири ҳам шу таҳлилда келтирилган имкониятлардан фойдалана олишидир. Яъни ривожланган давлатларнинг энг кам ойлик иш ҳақи берувчи соҳаларида фаолият юрита туриб ҳам улар бемалол катта миқдордаги жамғармаларни ҳосил қилиш имконига эга бўлишади. Жамғарилган пули бўлган ҳар қандай инсон эса ўзини бошқалардан кўра эркинроқ ва ишончлироқ ҳис қилади. Чунки, мабодо бирор кор ҳол рўй берса, унинг ушбу ҳолатда суяниши мумкин бўлган молиявий маблағи бўлади. Шунингдек, ушбу маблағларни янада кўпроқ фойда олиб келиши мумкин бўлган фаолият ва соҳаларга инвестиция қилиш имконияти мавжуд. Аксарият ҳолларда эса, маълум бир миқдордаги маблағни жамғариб бўлгач, одамлар ўзининг ёлланма ишидан қониқмасдан ўз мустақил бизнесини юритишга киришади. Бунга ҳам энг катта туртки бўладиган нарсалардан бири жамғарилган бошланғич сармоя ҳисобланади. Демак, умумий олганда иқтисодиётда шундай бир аниқ ва тизимли жараённи йўлга қўйиш лозимки, унда ҳам нархлар барқарорлиги, ҳам жамият фаровонлигини таъминлаш учун жамғариш учун етарли маблағ ортиши мумкин бўлган иш ҳақи меъёрлари шаклланиши ва амалда қўлланилиши керак.

Ўзбекистондаги энг кам иш ҳақи миқдорининг ушбу миқдори бугунги кундаги бозор талаб ва таклифи асосида шаклланаётган нархлардаги маҳсулот ва хизматларга тўлов қилишда нақадар тўғри ҳисоб-китоб қилингани ҳақида эса ҳали яна бир мавзуда батафсил маълумот бериб ўтамиз. (Маълумот учун ривожланган давлатларда ўртачадан пастроқ соатбай иш ҳақи 15-20 долларни ташкил қилади).

Тан олиб айтиш керакки, гарчи мамлакатимизда ижтимоий таъминотга юқори эътибор қаратилаётган бўлса ҳам, аҳолининг энг заиф қатламлари эҳтиёжларини ҳисобга олувчи давлат хизмати харажатлари ва реал истеъмол нархлари таҳлили етишмайди. Диққатни қаратиш мумкин бўлган энг муҳим нарсалардан бири, бу яшаш минимуми нархлари ҳисобланишидир. Бироқ, бизни хурсанд қиладиган натижалардан бири бу Президентнинг 23.06.2017 йилдаги ПҚ-3082-сон “Республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турлари билан ишончли таъминлашга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлари тўғрисида” қарорининг қабул қилинганидир. Бу ўз навбатида келгусида ЭКОИҲ ва аҳоли ойлик иш ҳақи даражаларига ижобий таъсир қилиши мумкин. 

Умид қиламизки, яқин келажакда Ўзбекистонда ҳам аҳолининг ойлик иш ҳақларидан салмоқли қисми жамғариш учун захира сифатида йиғила бошлайди.

Мансур Тангишов, молиячи-эксперт

Мавзуга оид