Ўзбекистон | 20:50 / 17.09.2017
34831
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ашхободда Гурбангули Бердимуҳамедов билан музокаралар ўтказди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 17 сентябрь куни Туркманистонга келди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ашхобод халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Есинмират Оразгелдиев кутиб олди.

Шу ерда Шавкат Мирзиёев билан Гурбангули Бердимуҳамедовнинг учрашуви бўлиб ўтди. Самимий руҳда ўтган мулоқотда сўнгги пайтларда мамлакатлар ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда жадал ривожланиб бораётгани қайд этилди. Бунда икки давлат раҳбарлари ўртасида қарор топган яқин дўстлик, ишонч ва самимият муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон раҳбари Ашхободда Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларига кўрилган тайёргарлик ишларига юксак баҳо берди.

Туркманистон раҳбари Осиё ўйинларида ўзбекистонлик спортчиларга омад тилади.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.

Ўзбекистон етакчиси 17 сентябрь куни Ашхобод шаҳрида ўтаётган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этади.

Ташриф доирасида Президент қатор давлатлар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши кутилмоқда.

Мавзуга оид