Ўзбекистон | 13:09 / 19.09.2017
20095
3 дақиқада ўқилади

Вазирликлар ва ҳокимликлар фаолиятининг очиқлиги баҳоланмоқда

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, фаолиятининг мониторингини олиб бориш ва мувофиқлаштириш бўйича Жамоатчилик кенгаши сайти — ochiqlik.uz ташкил этилган ва ишлаб турибди.

Сайтда Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини баҳолаш параметрлари эълон қилинган.

ДҲ ва БО фаолиятининг очиқлигини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонуни асосида ишлаб чиқилган қуйидаги учта компонент кесимида амалга оширилади:

1) Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга масъул бўлган субъектлар фаолиятини баҳолаш, унда қуйидаги фаолият баҳоланади:

  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг очиқликни таъминлаш соҳасидаги фаолияти (кўпи билан - 16 балл);
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматларининг очиқликни таъминлаш соҳасидаги фаолияти (кўпи билан - 10 балл) .

2) Очиқликни таъминлашнинг аниқ усуллари самарадорлигини баҳолаш, унда фаолиятнинг очиқлигини таъминлашни ўз ичига олган қуйидаги усуллар самарадорлиги баҳоланади:

  • расмий веб-сайтнинг фаолият юритиши (кўпи билан - 29 балл);
  • ахборот стендлари ва (ёки) шундай мақсад учун мўлжалланган бошқа техник воситалар ёрдамида ахборот тақдим қилиш (кўпи билан - 12  балл);
  • ахборот олиш бўйича сўровларнинг кўриб чиқилиши (кўпи билан - 8 балл);
  • ДҲ ва БОнинг очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратилганлиги (кўпи билан - 6 балл);
  • фаолияти тўғрисидаги ахборотни ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш (кўпи билан - 4 балл).

3) Ахборотдан фойдаланувчиларнинг қаноатланганлик ҳолатини баҳолаш, ДҲ ва БО ахборот хизматидан фойдаланувчилар орасида ижтимоий сўров ўтказиш йўли билан баҳоланади (кўпи билан - 15 балл.)

Бунда жами тўпланадиган максимал баллар миқдори 100 баллни ташкил этади. Қаноатлантирадиган ва мумкин бўлган энг кам кўрсаткич - 75 балл этиб белгиланган.

Сайтнинг «Рейтинг» бўлимида Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти «очиқлиги индекси»нинг 2017 йил 1 июль ҳолатига бўлган рейтинги ҳам эълон қилинган.

Рейтингга кўра, 52та давлат ташкилотидан 33таси қаноатлантирадиган ва мумкин бўлган энг кам кўрсаткич — 75 баллдан юқори натижани кўрсатишган.

Рейтингда энг юқори бал тўплаган давлат идоралари — Давлат Солиқ қўмитаси (96 балл), Марказий банк (95 балл) ва Адлия вазирлиги (95 балл) кучли учликни ҳосил қилишган.

ochiqlik.uz сайтидан олинган скриншот

Вилоят ва шаҳар ҳокимликлари рўйхатида Тошкент шаҳар ҳокимлиги 91 балл билан (7-ўрин) етакчилик қилмоқда. Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Андижон ва Фарғона вилоят ҳокимликлари ва яна бир қатор давлат идоралари қониқарлик кўрсаткичга эриша олишмаган.