Ахборот технологиялари вазирлиги делегацияси «Силикон водийси»да музокаралар ўтказди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи доирасида, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги делегацияси ҳукумат топшириғи асосида Калифорния штатидаги «Силикон водийси»да бўлиб, бу ерда фаолият кўрсатувчи жаҳоннинг нуфузли АТ-компаниялари билан ҳамкорлик юзасидан музокаралар олиб борди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар берган.
Хусусан, HP Tech Ventures компаниясининг глобал стартаплари сармоядори ҳисобланган Виталий Голомб билан учрашувда «Силикон водийси» мисолида Ўзбекистонда технопарклар эко-тузилмаси ҳамда инновацион марказлар фаолиятини ташкил қилиш ва қўллаб-қувватлашга келишиб олинди. Шунингдек, Ўзбекистондаги АТ-стартаплар учун инвестицияларни жалб қилишнинг муваффақиятли механизмини йўлга қўйишда ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама диққат-марказида бўлди.
Amazon Web Services (Амазон компаниясининг «булутли хизматлар» кўрсатувчи инфратузилма платформаси) бош менежери Камфиус Бас билан ўтган учрашувда Ўзбекистон ҳудудида қуёшли панелларда ишлайдиган маълумотларни қайта ишлайдиган дата-марказлар қуриш, шунингдек ўзбекистонлик фойдаланувчилар учун Amazon Web Services платформаси орқали веб-хизматларни кўрсатиш масалаларига бағишланди.
Тармоқли технологиялар, аҳоли ва муассасалар учун илғор мулоқот ва алоқа алмашиш платформаларини ишлаб чиқишда жаҳонда пешқадам ҳисобланган Cisco компаниясининг стратегия, технология ва инновациялар бўйича вице-президенти Доуг Вебстер билан музокаралар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда «ақлли» ва хавфсиз шаҳар яратиш стратегиясини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилиш белгилаб олинди. Учрашув натижалари бўйича қатор йўналишлар бўйича истиқболдаги ҳамкорликка оид келишув шартномаси имзоланди.
«Силикон водийси»даги яна бир муваффақиятли учрашувлардан бири Facebook компаниясининг бош қароргоҳида бўлиб ўтди. Компанияни иқтисодий ривожлантириш бўйича раҳбари Клейр Деви иштирокидаги муҳокамаларда Facebook вакилларининг Ўзбекистондаги АТ-тадбирларида иштирок этиши, шу билан бирга, турли йўналишларда, жумладан, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, стартапларни амалга ошириш каби ижтимоий лойиҳаларда ҳамкорлик қилиш режалари муҳокама қилинди.
Мазкур учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Facebook тармоғидаги саҳифасига расмий мақом бериш бўйича ҳам келишиб олинди. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқдаги давлат хизматчиларининг саҳифаларини қўллаб-қувватлаш ва оммалаштириш чораларини кўриш юзасидан ҳамкорлик ўрнатилиши белгилаб олинди.
Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги делегацияси «Силикон водийси»даги сафари мобайнида Google компаниясининг АТ-лойиҳалар ва стартапларни қўллаб-қувватлайдиган Google Launchpad дастури мутасаддилари, жаҳон миқёсида муваффақиятли ғояларни амалга оширувчи бизнес-инкубатори — Plug and Play Tech Center технологик компанияси, шунингдек мазкур АТ-водийсида дастурчилар тайёрлашга ихтисослашган «42 School» таълим муассасаси асосчиси ва вице-директори Кваме Ямгнане билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Онлайн тўлов тармоқларини яратишда етакчи бўлган Openbucks компаниясида компания ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ўртасида англашув меморандуми имзоланиб, америкалик экспертларнинг ўзбекистонлик талабалар, дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари билан учрашувларини ташкил қилишга мўлжалланган Silicon Valley Talks («Силикон водийси» келишувлари) лойиҳаси доирасида ташаббусларни амалга ошириш келишиб олинди.
Мавзуга оид
19:42 / 22.10.2024
Facebook ва Instagram машҳур инсонлардан фойдаланилган реклама фирибгарлигига қарши курашади
13:53 / 22.10.2024
Мета бепул овқатланиш купонларига маиший буюмлар харид қилган ходимларни ишдан бўшатди
23:24 / 12.10.2024
Meta Молдовадаги президентлик сайловлари олдидан фейк аккаунтларни ўчириб ташлади
19:21 / 04.10.2024