Ўзбекистон | 17:05 / 23.09.2017
29033
19 дақиқада ўқилади

1,2 миллион мурожаат. Виртуал қабулхона билан бир йил

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси президенти виртуал қабулхонаси ишга туширилганига бир йил тўлди. Ушбу муносабат билан «Халқ сўзи» газетасида мақола эълон қилинди. Қуйида ушбу мақола билан танишиб чиқишингиз мумкин.

Халқ билан мулоқотнинг ноёб тизими фуқароларнинг давлат органлари билан тўғридан-тўғри муносабат ўрнатиш имконини берди. Бир йил давомида синовдан ўтиб, тобора такомиллаштирилиб борилган ушбу механизм дунё ҳамжамиятига чинакам демократия йўлидаги муваффақиятларимиздан бири сифатида намойиш этилди. Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг юксак минбаридан туриб, халқ ҳокимиятини номига эмас, балки амалда жорий қилиш механизмларини мустаҳкамлашни глобал мақсад сифатида белгилаб, мамлакатимиз барча ҳудудида Президентнинг виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилганини ҳамда ҳозирги кунгача бир миллиондан ортиқ фуқароларимиз бу қабулхоналар орқали ўзларининг долзарб муаммоларини ҳал қилганини таъкидлаб ўтди.

Халқ ҳокимиятчилиги тўғридан-тўғри мулоқот, яъни «фуқаро — давлат» ғоясида мужассам бўлган энг муҳим тамойиллардан бири ҳисобланади. Бу сўнгги пайтларда мамлакатимизда барча соҳада кечаётган ислоҳотларни ўзаро узвий боғлаб турадиган асосий негиз сифатида кўзга ташланмоқда. Бу борада юртдошларимиз ҳамжиҳатликда мамлакатимизнинг яқин истиқболдаги «йўл харитаси»ни ишлаб чиққани ҳамда у жамоатчилик муҳокамасидан сўнг тасдиқланганини эслашнинг ўзи кифоя. Бугун халқаро экспертлар алоҳида эътироф этишмоқдаки, агар Ўзбекистонда бошланган ўзгаришларнинг туб моҳиятини тушунишни истасангиз, Ҳаракатлар стратегиясини синчковлик билан ўрганиб чиқишингиз керак, шунда барчасини англаб оласиз. Айтиш жоизки, юртдошларимизни, очиғи, кўп ўйлатган, кўнглини бир қадар безовта қилган, ўзига хос нозик муаммо ҳам ечимини топди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, кўп сонли мурожаатлар асосида ўрганилиб, мактабларда 10-синф қайта тикланди. Бу халқ хоҳиш-иродаси мамлакатдаги ислоҳотлар йўналишларини белгилаб бераётганининг яна бир яққол исботи, десак, айни ҳақиқат. Давлатимиз раҳбарининг эзгу ташаббусларида инсон манфаатлари юртимизда кечаётган янгиланишларнинг асосий мақсади сифатида акс этади. «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра, «халқ» ва «мамлакат» — Президентимизнинг маърузалари, нутқларида энг кўп учрайдиган сўзлар экан. Юртбошимизнинг 12 та маърузасида ушбу сўзлар уч юз марталаб янграган.

Президентнинг виртуал қабулхонасига йил давомида 1,2 миллиондан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Бу ўзбекистонликларнинг давлат раҳбари ҳамда янги институтга бўлган юксак ишончини кўрсатмоқда. Бинобарин, Виртуал қабулхона аллақачон аҳоли муаммоларини амалда ҳал қилишга қодир бўлган механизмга айланиб улгурди.

Фидойи ва жонкуярлар даври келди

Хорижий оммавий ахборот воситаларида эътироф этилганидек, Шавкат Мирзиёев кўплаб амалдорларни айланиб ўтиб, фуқароларнинг шикоятларини тўғридан-тўғри қабул қиладиган ва Президент девонига етказадиган Виртуал қабулхонани ташкил этиш орқали шу пайтга қадар халқдан узоқлашиб кетган ўзбек сиёсий моделини ижобий маънода ларзага келтирди. Натижада аксарият амалдорларнинг нафақат қарор қабул қилишдан, балки оддий инсонлар муаммоларини тушунишдан йироқлиги ҳам аён бўлди.

Бу тизимга мослаша олмаган амалдорлар халқ билан мулоқот вақтинчалик акция эмас, аксинча, халқ фикри ҳар доим устувор бўлишини чуқур англаб етганларидан сўнг лавозимларини тарк этишди. «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» тамойилини ҳаётга татбиқ этишга, ишни соат механизмидек ташкил қилишга қодирларгина қолди. Бу тамойил одамларнинг ҳокимият билан тўсиқсиз мулоқот ўрнатишига кенг майдон ҳамда имкон беради.

Ўтган йилнинг охирига келиб, ушбу эзгу ишлар кўлами янада ортди. Президент Фармони билан ҳар бир туманда, шаҳарда давлат раҳбарининг Халқ қабулхоналари ташкил этилиши белгиланди. Бу давлат ва фуқаро ўртасидаги мулоқотни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди, жамиятда адолат илдизларини янада чуқурроқ мустаҳкамлашга, турли бўғиндаги раҳбарлар, амалдорларни аҳоли билан яқинлаштиришга, мурожаатларнинг имкон қадар тезроқ ҳал қилинишига замин яратди.

Қабулхонага иқтисодиёт ҳамда тадбиркорлик, ижтимоий ривожланиш, ёшлар сиёсати, фуқаролар йиғинлари ва жамоат ташкилотлари, суд-ҳуқуқ масалалари, коммунал хўжалиги ҳамда қурилиш соҳалари бўйича келиб тушаётган мурожаатлар тезкорлик билан расмийлаштирилиб, тааллуқлилиги бўйича онлайн тарзда юборилмоқда.

Ана шундай мурожаатлардан бири Зуҳра Бозорбоева томонидан йўлланган эди. Гап шундаки, унинг Жиззахдаги уйи шаҳар режасига кўра бузилган ва унга ҳокимлик томонидан компенсация тўланиши керак эди. Аммо бу оддий масала ечими узоқ чўзилди. Халқ қабулхонасида Зуҳра опанинг арзу шикояти тингланди, эътиборга олинди, муаммо ўрганилиб, ёрдам берилиши айтилди. Кўп ўтмай, опанинг ҳисоб рақамига 102 миллион сўм -ўтказиб берилди.

Жамиятдаги ўзгаришлар барометри

Ўтган давр мобайнида Виртуал ҳамда Халқ қабулхоналари мамлакатни янгилашнинг амалий механизмига айланди. Президентимиз томонидан ўтказилаётган кўплаб селектор йиғилишлари фуқароларнинг кундалик ҳаётига доир мурожаатларни кўриб чиқишга қаратилган ишларнинг бориши муҳокамасидан бошланади.

Аҳолининг ҳақли талабларига масъулиятсиз муносабатда бўлган айрим раҳбарлар фаолияти танқид қилинади. Ваҳолонки, мурожаатларнинг катта қисмини ўз вақтида тезкорлик билан ҳал этиш мумкинлиги кундек равшан. Статистик маълумотларга кўра, -шикоятларнинг 70 фоизга яқини бевосита маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ваколатига кирадиган масалалардир. Аммо кўп ҳолларда, кўтарилган муаммолар, таассуфки, ўз вақтида ҳамда жойида ҳал қилинмасдан қолаётгани ҳам бор гап. Шунинг учун марказий идораларга сим қоқиш, мактуб йўллаш ҳолатлари кўп.

Юртдошларимизнинг мурожаатлари айни пайтда бутун бошли соҳаларда ҳақиқий аҳволни кўрсатадиган индикатор, жамият кайфиятини ўрганиш барометри, таҳлил, асосий дастуриламал ҳужжатлар учун ноёб материал ҳамдир. Масалан, судлар ва судьялар фаолияти бўйича қабулхоналарга келиб тушган кўп сонли мурожаатлар натижасида тизимда туб ўзгаришларга қўл урилди. Бундай янгиланишларни соғлиқни сақлаш, ички ишлар органлари, уй-жой коммунал хўжалик фаолиятида ҳам кузатиш мумкин.

Виртуал ҳамда Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган электрон, ёзма ва оғзаки мурожаатлар, таклиф ҳамда шикоятларга фақатгина жавоб қайтарилмасдан, уларда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш тизимли таҳлил жараёнида умумлаштирилмоқда. Дейлик, бир хил масалада минглаб одамлар мурожаат қилаётган бўлса, улар атрофлича ўрганилиб, тегишли таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Пировардида давлат даражасида қарорлар қабул қилишга асос яратилмоқда.

2017 йилнинг бошида келиб тушган 7 мингта мурожаатда фуқароларимиз пенсия ва бошқа ижтимоий нафақалар уларнинг розилигисиз пластик карточкага тўлиқ ўтказиб юборилаётганига эътироз билдиришган. Ушбу муаммонинг тизимли ечими сифатида давлатимиз раҳбарининг «Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Февраль ойидан барча турдаги пенсиялар нақд пулда берила бошланди, талабалар стипендияларининг камида 50 фоизи нақд шаклга ўтказилди. 58 та тоғли ҳамда олис туманда, яъни тўлов терминаллари ва банк аппаратлари тизими яхши ривожланмаган туманлар аҳолисига ижтимоий тўловлар ҳам нақд шаклда берилиши йўлга қўйилди.

Яна бир мисол. Фуқароларимиз кўчмас мулк бўйича битимларни тузишда маълумотнома олиш учун қимматли вақтларини йўқотиб идорама-идора юришарди. Фуқаролардан келиб тушган кўп сонли мурожаатлар таҳлил этилиб, ҳукумат қарори ишлаб чиқилди ҳамда қабул қилинди. Унга кўра, кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни нотариуслар томонидан маълумотномаларни қоғоз шаклида сўрамасдан расмийлаштириш талаби қўйилди. Зарур маълумотларни олиш учун идоралараро ахборот тизими ишга туширилди. Бу минглаб юртдошларимизнинг турли муассасалар, архив идоралари бўсағасидаги сарсон-саргардонлигига барҳам берди.

Нажотсиз қолганларга ёрдам

Сир эмас, фуқароларнинг шикоятлари орасида мавзу бўйича уй-жой масаласи етакчилик қилади. Шу мавзуда биргина Виртуал қабулхонанинг ўзига 110 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушган. Муаммолар умумдавлат ва маҳаллий кесимларда ҳал этиб келинмоқда. Шунга қарамай, масалани ўзи мустақил ечишга қийналадиган тоифа ҳам мавжуд. Албатта, сўз жисмоний имконияти чекланган кишилар ҳақида бормоқда. Улардан айримларининг давлатимиз инсонпарварлигидан умид қилишдан бошқа иложи йўқ.

Хатлар ҳамда телефон қўнғироқлари ва Президент девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан вилоятларда ташкил этилаётган сайёр қабуллари асосида ногиронларни уй-жой билан таъминлашнинг адолатли ҳамда шаффоф тизими яратилди. Бундай кишилар фуқаролар йиғини, хотин-қизлар қўмитаси ва оқсоқолларнинг қарори билан уй-жойга муҳтожлар рўйхатига киритилади. Қарангки, шу пайтгача ўз оиласи билан қариндош-уруғлариникидан паноҳ топган ёки қўшнилар, танишлариникида яшашга мажбур бўлган ногиронлар истиҳола қилиб, тегишли идораларга мурожаат этишмаган экан. Уларнинг аҳволи уйма-уй юриб, сўраб-суриштирилганда маълум бўлди.

Айни чоғда янгиланган лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар уларга жуда қулай шартларда ажратилаяпти. Яъни хонадон нархининг тўртдан бир қисмига тенг бўлган дастлабки бадал давлат томонидан тўланаяпти. Қолгани эса имтиёзли ипотека кредити -орқали 15 йил давомида қопланади. Бундан ташқари, ногирон аёлларга тикув машиналари совға қилинмоқда. Пахта ва ғаллани қайта ишловчи корхоналар, темир йўл тизими ташкилотлари уларга буюртмалар бериб, хом ашёни ҳам ўзлари етказиб беришаяпти. Аёллар уйда ўтириб меҳнат қилиш орқали ипотека кредитини тўлаш имкониятига эга бўлмоқдалар. Шу пайтгача мамлакатимиз бўйича 180 та оила янги уйларга кўчиб кирди, йил охиригача улар сони 385 тага етади.

Тақдир синовларини мардонавор енгиб яшаётган ана шундай инсонлар сафида Екатерина Шевелерани алоҳида айтиб ўтиш лозим, деган фикрдамиз. Екатерина Навоий вилоятининг Кармана туманидан. Меҳрибонлик уйида вояга етган. Ота-она меҳридан мосуво бўлиб улғайган қиз ҳамма қатори ўз уйи бўлишини истарди. Бу орзунинг амалга ошишига эса Виртуал қабулхонага йўллаган мурожаати йўл очди. Вилоят ҳокимлиги Екатеринага тураржой ажратиш билан бирга, уни Жисмоний ва юридик шахслар билан ишлаш бошқармасига ишга ҳам қабул қилди. Энди у ўзи сингари қийинчиликларга дуч келган инсонларга ёрдам бераяпти.

Мурожаатлар «ўнталиги»нинг кейинги қаторидан фуқаролик билан боғлиқ масалалар ўрин олди. Уларнинг ҳар бирида расмиятчилик машмашаларидан чарчаган инсонларнинг қалб нидоси яширин. Шу «дард» билан Виртуал қабулхонага мурожаат қилганлар сони 17,5 минг кишидан ортиқ бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ, масъул идоралар фуқароликка қабул қилишга доир тегишли ҳужжатларни кўриб чиқишни тезлаштиришди. Бу борада ўтган йил декабридан бугунги кунгача Президент еттита Фармонни имзолади. Беш, ўн, ҳатто йигирма йиллаб кутган 

835 нафар киши ниҳоят фуқаролик паспортини қўлига олди. Бу эса 1991 йилдан 2007 йилгача фуқароликка қабул қилинганлар сонидан икки баравар зиёддир.

Қолиплардан — янгича усулларга

Шу йил август ойида қабул қилинган, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қарор халқ билан мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди. Ҳар бир ҳудуд «маҳалла — туман (шаҳар) — вилоят — республика» тамойили асосида ишловчи секторларга бўлинди. Демак, бундан буён қорақалпоғистонлик ўқитувчилар, қашқадарёлик чорвадорлар, самарқандлик қурувчилар, пойтахтнинг шифокору зиёлилари, қисқаси, ҳамма — ёшу қари ўз қишлоғи ва шаҳридаги бунёдкорлик ишларига ўзлари бош бўладилар.

Мазкур ислоҳотнинг бош мақсади — керакли чорани олдиндан кўриш. Давлат энди муаммолар тўпланиб қолишини кутиб ўтирмайди, уларни одамлар тегишли идорага мурожаат қилгунича ҳал этиб қўйишга интилади. Негаки, сектор ваколатлари доирасида кўпгина масалаларни жойида ечиш имконияти мавжуд. Масалан, юқорида айтилганидек, ўнта муаммодан еттитаси маҳаллий характерга эга. Мабодо сектор вакиллари жойида ёрдам бера олишмаса, унда ҳудудни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»га таклиф киритишади. Илгари бундай дастурлар кабинетда ўтириб тузиларди. Лекин вақти-вақти билан пойтахтдаги кенг ҳамда равон шоҳкўчага деразадан қараб қўйиш, айтайлик, Кегейли ёки Шўрчи йўлларини таъмирлашнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олишга имкон бермасди. Эндиликда ҳар бир ҳудудни ободонлаштиришда ўша жойнинг ноёб ландшафти эътиборга олинади ва қурилиш режаси сектор тақдим қилган таҳлилий маълумотларга асосан ишлаб чиқилади. Мисол учун, қаерда болалар боғчаси қуриш, қаердан газ қувури ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлишини муайян ҳудуд аҳолисининг ўзи аниқлайди. Уйма-уй ўтказиладиган учрашув ҳамда суҳбатлар давомида билдирилган фикр ва таклифлар маҳаллий «йўл харитаси»га киритилади.

Хўш, шунга ўхшаш манзилли дастурлар қандай бўлиши керак? Бу саволга жавоб тариқасида давлатимиз раҳбарининг апрель ойида қабул қилган қарорини келтириш мумкин. У Навоий вилоятининг олис чўл зонасида яшовчи аҳолининг турмуш тарзини -яхшилашга қаратилган кўплаб мурожаатлар асосида ишлаб чиқилди. Томди, Конимех ҳамда Учқудуқ туманларида истиқомат қиладиган 80 мингдан зиёд турли миллатлар вакилларининг келажакка бўлган ишончи деярли йўқолаёзган, айримлари, ҳатто, бошқа шаҳар ва туманларга кўчиб кетишаётган эди.

Лекин бир неча ойдаёқ вазият ижобий томонга ўзгара бошлади. Буни, энг аввало, йигит-қизлар ҳис этишди. Жорий қилинган имтиёзларга асосан, чўл зонасидан келган абитуриентлар тестда 68 баллдан юқори балл тўплаган ҳолда, учта вилоятдаги олий таълим муассасаларига қабул қилиниб, ўқишни битирганидан сўнг ўз туманининг бюджет ташкилотларида камида тўрт йил ишлаб бериш шарти билан бепул таълим оладиган бўлишди.

Таълим сифатини кўтариш, ижтимоий соҳани ривожлантириш мақсадида четдан мутахассислар таклиф этилди. Меҳнат қилишга келдингизми, марҳамат, ҳақингизни ортиғи билан олинг! Маошга қўшимча тўлов, уч йил ишлаб бергандан кейин ўз номига ўтказиб олиш мумкин бўлган бепул тураржой ва бошқа янгиликлар жорий этилди. Маҳаллий аҳолига ўз бизнесини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар тақдим қилинмоқда. Тадбиркорлар ҳамқишлоқлари учун мингга яқин иш ўринлари яратишди. Бугун Навоий саҳроларида ҳаёт қайнамоқда. Кўплаб иншоотлар қад кўтараяпти, мактаблар ва йўллар таъмирдан чиқарилаяпти, сув қувурлари ётқизилаётир, умуман олганда, мукаммал инфратузилма ташкил этилмоқда.

Шундай қилиб, одамларнинг ўй-фикрлари, хоҳиш-истаклари ислоҳотлар учун асос бўлиб хизмат қилаяпти. Таъкидлаш керакки, халқ билан очиқ мулоқот кўп нарсани, аввало, одамлар дунёқарашини ўзгартирмоқда. Улар ўз ҳуқуқларини муҳофаза этишга, давлат билан бирга ҳаракат қилишга ўрганмоқдалар. Жойлардаги Халқ қабулхоналари ходимларининг эътироф этишича, мурожаатларнинг характери ҳам ўзгараяпти. Агар бир неча ой аввал улар, асосан, шахсий масалада бўлган бўлса, энди кўпроқ жамият манфаатини кўзлаб йўлланаяпти. Мурожаатларда «Келинглар, маҳалламизни ободонлаштирайлик, мактаб очайлик ёки ишлаб чиқаришни йўлга қўяйлик» каби таклифлар борлиги ҳар қандай кишини қувонтиради.

Хусусан, Мўйноқ туманининг Қозоқдарё овулида яшовчи У. Назарбоев бир гуруҳ қишлоқдошлари билан бирга йўллаган мурожаатида ичимлик суви учун насос ўрнатиш таклифини билдирган. Албатта, муҳими илтимос қаноатлантирилди, маҳалла фаоллари қишлоқдошларининг турмуш тарзини енгиллаштиришга ҳисса қўшишди. Маҳалла тақдирига бундай куйинчаклик нимадан далолат беради?! Аҳолининг ижтимоий -фаоллиги ошаётгани, энг асосийси, юртдошларимизда давлат миқёсидаги эзгу ишларга жонкуярлик ва фахр билан ёндашув кучаётганини тасдиқлайди.

Жойлардаги раҳбарлар тафаккурида ҳам ўзгаришлар рўй бермоқда, «Мен бошлиқман, -шунинг учун ҳар доим ҳақман», деган эскича қарашдан воз кечилаяпти. Баъзи маҳаллий раҳбарларнинг тан олишича, янгича ишлашга ўтилганидан сўнг одамлар оғирини енгиллаштиришгани боис ўз фаолиятларидан қониқиш ҳис қилишмоқда.

Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасидаги ташаббус жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам қизиқиш билан кутиб олингани бежиз эмас. Халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг делегациялари ташрифи дастурида Халқ қабулхоналарида бўлиш алоҳида манзилга айланди.

Шу йилнинг май ойида мамлакатимизга келган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн ҳам Халқ қабулхонаси фаолияти билан қизиқиб, обдан танишганди. Мазкур нуфузли ташкилот бошқармасининг расмий сайтида унинг қуйидаги хулосалари келтирилган:

— Қадимий Самарқанд шаҳрида, Президентнинг Халқ қабулхонасида бўлиб, рўй бераётган ўзгаришларнинг яна бир тасдиғига гувоҳ бўлдим. Бундай қабулхона давлат раҳбарининг ташаббуси билан халқнинг дардини тинглаш мақсадида бутун мамлакат бўйлаб ташкил этилибди. Ўтган йили бу иш бошланганидан буён 800 мингга яқин мурожаат келиб тушибди. Шикоятлар кўплаб янги ислоҳотларни бошлашга, шунингдек, мавжуд муаммоларни маҳаллий даражада амалий ҳал қилишга туртки берган. Буни мен Самарқандда кўрдим: кишиларга маслаҳат берувчи маълумотхоналар очилган, айрим ҳолларда, уй-жой, иш билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар ва банк хизматлари кўрсатиш, ҳуқуқий ёрдам бериш каби масалалар тезкорлик билан ҳал этилаяпти. Шунингдек, мобиль қабулхоналар тузилгани энг олис қишлоқлар билан ҳам алоқа ўрнатиш, муаммоларнинг тезкор ва амалий ечимини таъминлашга хизмат қилаяпти.

Қувончлиси шундаки, мамлакатимизга ташриф буюрган бошқа меҳмонлар ҳамда экспертлар ҳам ушбу институтнинг ноёблигини эътироф этишмоқда. Ҳар қайси давлат ҳам бундай мажбуриятларни ўз зиммасига ололмаслигини, бошқа бирор мамлакатда Виртуал ва Халқ қабулхоналари, унинг таркибига кирувчи давлат органлари тизими таъсис қилинмаганлигини айтишмоқда. Демак, бир йил давомида ўзининг самарадорлигини исботлаган тажриба, Президентимизнинг бошқа ташаббуслари қатори, ўрганиш ҳамда оммалаштиришга муносиб. Энг муҳими, халқ сари равон йўл очилди ҳамда бу йўл халқ билан давлатнинг якдиллигини кўрсатибгина қолмай, буюк ишларни бирга, елкама-елка амалга оширишга, пировардида яқин йилларда Ўзбекистоннинг энг номдор давлатлар қаторидан жой олишига хизмат қилмоқда. Бунёд этилган бу йўл эса халқпарварлик, адолатпарварлик, барқарорлик, таъбир жоиз бўлса, юксак ишонч, эзгу орзу ва умидлар йўлидир.

Ўткир РАҲМАТ, «Халқ сўзи» газетаси бош муҳаррири.

Мавзуга оид