Ўзбекистон | 23:52 / 03.10.2017
37225
8 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев туризмни ривожлантиришга бағишланган йиғилиш ўтказди

Фото: President.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда туризмни изчил ривожлантириш истиқболлари, сайёҳлик объектларидан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турлари сифатини ошириш, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди, деб ёзади ЎзА.

Бугунги кунда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган.

Туризм — иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, ушбу тармоқни янада такомиллаштириш зарур, буни даврнинг ўзи тақозо этмоқда, деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон ҳам саёҳат, ҳам зиёрат учун қулай мамлакат. Чунки она заминимизда бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган аждодларимиз мангу қўним топган. Улар қолдирган бой маънавий-маданий меросга халқаро майдонда қизиқиш жуда катта. Соҳани янада ривожлантириш учун, аввало, зарур инфратузилмани такомиллаштириш шарт. Биринчиси, транспорт, иккинчиси логистика, деб таъкидлади Президентимиз.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этган йиғилишда 2017 йилнинг 9 ойи якунига кўра, қарийб 1 миллион 800 минг сайёҳ юртимизга келганлиги қайд этилди. Бу 2016 йилнинг мос даврига нисбатан 17 фоиз кўпдир. Мамлакатимизда сайёҳлик хизматлари экспорти ҳам 17 фоиз кўпайиб, 1 миллиард 86 миллион долларни ташкил қилган. Йил охирига қадар мамлакатимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони 2,5 миллиондан ошиши кутилмоқда.

Мамлакатимизда туризмнинг янги истиқболлари очилиб, турли йўналишларда кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, кейинги йилларда альпинизм, отда, туяда, велосипедда саёҳат қилиш, off-road сайёҳатлари, балиқ ови, рафтинг, ҳелиски, геотуризм, таълим туризми, тиббий туризм каби янги сайёҳлик йўналишлари оммалашмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони туризм тармоғини жадал ривожлантиришни таъминлаш, туризмга иқтисодиётнинг стратегик сектори мақомини бериш, минтақаларда туризм салоҳиятидан самарали фойдаланишда муҳим омил бўлмоқда.

Фармонда белгилаб берилган мақсадли вазифалар ҳамда устувор йўналишларни ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилди.

Ўтган қисқа давр мобайнида Ўзбекистон туризм салоҳиятини комплекс ривожлантиришга қаратилган 16 норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар асосида туризм соҳаси субъектларига сезиларли солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда бошқа енгилликлар тақдим қилинди.

Мамлакатимиз туризм тармоғини Стандартлаштириш бўйича халқаро ташкилот (ISO) талабларига мос келишини таъминлаш мақсадида туризм терминологияси ва меҳмонхона хўжаликлари хавфсизлиги талаблари бўйича янги 2 та давлат стандарти ишлаб чиқилди ва рўйхатдан ўтказилди.

Булардан ташқари, Президентимизнинг тегишли қарори билан ҳудудларда туризм соҳасининг бошқарув тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳамда Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ҳокимларининг туризм масалалари бўйича ўринбосарлари лавозими жорий этилди.

Ўтган давр мобайнида давлатимиз раҳбари топшириқлари асосида Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах ва Фарғона вилоятларида туризм инфратузилмасини яхшилаш, янги сайёҳлик йўналишлари ташкил этиш ҳамда ҳудудларнинг туризм салоҳиятини кенг тарғибот қилишга қаратилган дастурлар қабул қилинди. Жумладан, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида сайёҳлар учун куну тун фаолият кўрсатувчи, ҳар бирининг ҳудуди 10 гектардан иборат «Қадимий Бухоро» ва «Самарқанд сити» туризм ҳудудларини барпо этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент ва Оҳангарон–Ангрен туризм кластерлари ҳудудларида меҳмон уйларини ташкил этиш бўйича комлпекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва бугунги кунда амалиётга жорий этилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги «2018–2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Қарорга кўра, 2018–2019 йилларда соҳа олдида турган муҳим масалалар ечимига бағишланган алоҳида дастур тасдиқланди ва унинг тўлиқ ижросини таъминлаш ва соҳада олиб борилаётган ишларни идоралараро мувофиқлаштириш мақсадида Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштириш кенгаши тузилди.

Дастур асосида юқоридаги каби алоҳида туризм ҳудудлари Тошкент, Урганч шаҳарларида ва Фарғона вилоятида ташкил этилиши белгиланган.

Шунингдек, дастур доирасида туризмнинг тиббий, рекреация, агро ва экотуризм йўналишлари бўйича алоҳида дастурлар қабул қилиниши ҳам белгилаб қўйилди.

Замонавий туризм истиқболларидан бири — ноёб табиий масканлар ҳисобланади. Ўзбекистон Марказий Осиёда экотуризм энг ривожланган етакчи давлатдир. Юртимиз бой ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, бетакрор ландшафт манзараси, миллий анъаналар ва таомлар ошхонаси билан сайёҳлар эътиборини қозониб келади. Угом–Чотқол Давлат миллий табиат боғи, унинг таркибига кирувчи Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси, Айдар–Арнасой кўллар тизими ва Чимён–Чорвоқ курорт-рекреация зоналарида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш масалалари доирасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда ҳар бир йўналиш бўйича, яъни Европа, Осиё ва бошқа қитъалардан келадиган сайёҳлар учун махсус дастурлар ишлаб чиқиш, чартер рейслар ва темир йўлларда қатновлар сонини кўпайтириш, туризм ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини мукаммал ўзлаштириш, ички туризмни ривожлантириш, сайёҳлик объектларини такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Мамлакатимизда туризм йўналишида мутахассислар тайёрловчи 5 олий ўқув юрти, жумладан, Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ҳамда ўндан ортиқ ўрта махсус билим юрти фаолият кўрсатмоқда. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси сайёҳлик соҳасида таълим олаётган ёшлар, соҳада меҳнат қилаётган мутахассисларнинг Европа ҳамда Осиёнинг йирик сайёҳлик марказлари ва ўқув юртларида малака оширишига кўмаклашмоқда.

Соҳа истиқболида яна бир муҳим жиҳат — бу ҳудудлардаги барча маданий-тарихий мерос объектлари, табиий ўлкашунослик, миллий қўриқхона ҳудудларининг ягона маълумотлар базасини яратиш, туризм соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, минтақаларда туризмни ривожлантириш учун жойлардаги маҳаллий ҳокимият органлари ва жамоатчилик кучларини бирлаштиришдан иборат. Бу борадаги изчил ишларни амалга оширишда мамлакатимизда мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган бўлиб, ҳудудлар учун махсус дастурлар ишлаб чиқилган ва жараён изчил давом этмоқда.

Мамлакатимиз туризм индустрияси жадал ривожланишида хусусий секторнинг устувор иштирокини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозир юзлаб тадбиркор ва ҳунармандлар туризм соҳасига жалб қилинган бўлиб, улар сувенир маҳсулотлари ишлаб чиқариш, меҳмонхона хўжалиги, сайёҳларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.

Туризмни ривожлантиришда хориж мамлакатларида бўлиб ўтадиган сайёҳлик кўргазма ва анжуманлари муҳим аҳамият касб этади. Юртимиз миллий маданий меросини чет элларда оммалаштириш, мамлакатимизга хорижлик сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш ва ички туризмни ривожлантириш мақсадида мамлакатимиз сайёҳлик ташкилотлари Мадрид, Рига, Берлин, Париж, Токио, Лондон, Москва, Истанбул каби дунёнинг йирик шаҳарларида қатор кўргазмалар ташкил этмоқда ёки халқаро кўргазмаларда қатнашмоқда. Бу, албатта, ўз самарасини бериб, хорижий сайёҳларнинг юртимизга оқими тобора кўпаймоқда.

Йиғилишда туризм индустриясини жадал ривожлантиришда хусусий сектор иштирокини янада кенгайтириш, уларга имтиёзлар тақдим этиш, соҳада кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, янги сайёҳлик маҳсулотлари турини кўпайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари мутасадди қўмита, вазирлик ва идоралар раҳбарларига сайёҳликни мавсумий эмас, балки йил давомида даромад манбаига айлантириш, хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, сайёҳларни жалб қилишдаянгича усул ва ёндашувлардан самарали фойдаланиш, кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича топшириқлар берди.

Мавзуга оид