Ким Чен Намни ўлдирганликда гумонланаётган шахснинг кийимидан заҳар излари топилди
Эксперт-кимёгарлар КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг акаси Ким Чен Намнинг ўлдирилиши бўйича ишда гумондор сифатида қайд этилган шахслардан бирининг кўйлагидан VX асаб-фалажловчи модда изларини топишди. Бу ҳақда Malaysian Insight нашри суд маълумотларига асосан хабар бермоқда.
Малайзия Илм-фан вазирлиги Кимё департаменти тадқиқот бўлими бошлиғи Ража Субраманиамнинг маълум қилишича, у полиция томонидан тақдим этилган далилларни кимёвий изларни топиш мақсадида ўрганган.
"Биз Сити Аисьянинг енгсиз кўйлагида VX моддасининг парчаланиши изларини топдик", - деди у пайшанба куни судда. Эксперт кейинчалик фотосуратда кўрсатилган ўша кўйлакни ҳам таниди.
Аввалроқ, патологоанатом ўлдирилган Ким Чен Намнинг жасадида мушаклар ишини назорат қилиш учун жавобгар бўлган ферментлар таркиби паст даражада эканини аниқлагани, бу эса унинг заҳарланганини кўрсатаётгани ҳақида хабар берганди. Газетанинг ёзишича, организмдаги ферментнинг етишмаслиги ички аъзоларнинг ишдан чиқишига олиб келиши мумкин. Кейинчалик маълум бўлишича, ўлдирилган Ким Чен Намнинг жасадидаги холинэстераз ферменти паст даражасига заҳарланишдан бошқа нарса ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Душанба куни Малайзиянинг Шоҳ-Олам шаҳрида Ким Чен Намни ўлдиришда гумон қилинган икки киши устидан суд бошланди. Суд вьетнамлик Зоан Ти Хионг ва индонезиялик Сити Аисьяни ўлим жазосига маҳкум этиши мумкин. Улар 13 февраль куни Куала-Лумпур аэропортида Ким Чхоль номига расмийлаштирилган дипломатик паспорти бўлган Шимолий Корея фуқаросига ҳужум қилишган. Улар кореяликнинг юзига VX кучли заҳарловчи модданинг таркибий қисмлари бўлган мойни суришгани айтилади.
Жанубий Кореяда ҳалок бўлган шахс Ким Чен Иннинг акаси, узоқ вақтдан буён Хитойнинг Макаосида яшаган Ким Чен Нам эканини маълум қилишди. Бироқ, Пхеньян гап Ким Чен Нам ҳақида кетаётганини расмий равишда тасдиқламади.
Шу билан бирга, интернетда ўзини Ким Чен Намнинг ўғли сифатида таништирган Ким Хан Соль исмли йигитнинг видео-мурожаати эълон қилинди. У отаси ўлдирилганини айтган. Кейинчалик Малайзия полицияси ДНК намуналари бу шахс КХДР раҳбарининг акаси эканини тасдиқлагани ҳақида хабар берди.
Зоан Ти Хионг (28 ёш) ва Сити Аисья (25 ёш) ўз айбларини тан олишгани йўқ. Улар махсус ўйин учун ишга ёлланганликларини ва Куала-Лумпур аэропортида ўзларининг хатти-ҳаракати туфайли ҳалок бўлган инсоннинг кимлигини билишмаслигини даъво қилишди.
Тергов жараёнида КХДРнинг ўзи шубҳа остига олинди, аммо Пхеньян бу ҳужум Шимолий Кореяга қарши кампания давомида тўқиб чиқарилганини иддао этиб, айбловларни қатъиян рад этмоқда.
Шимолий Кореянинг юқоридаги ҳодисага алоқадорликда гумонланган бир неча фуқароси Малайзиядан дарҳол чиқиб кетди.
Шимолий Корея Ким Чен Намнинг ўлдирилишини Жанубий Корея учун фойдали, деб атади. Айнан Сеулда Ким Чен Иннинг укаси Малайзияда ўлдирилгани ҳақида илк хабарлар пайдо бўлган, сўнг КХДРга қарши айбловлар қўйила бошланди. Бу Жанубий Кореянинг президенти Пак Кин Хе атрофидаги йирик коррупция можароси билан боғлиқ тергов авжига чиққанида юз берди.
Мавзуга оид
14:22
АҚШ: КХДР аскарлари аллақачон Украинага қарши урушда қатнашмоқда
11:22 / 12.11.2024
Шимолий Кореядан қочганлар РФдаги КХДР кучлари орасида дезертирликка эришмоқчи
10:41 / 12.11.2024
КХДР Россия билан ҳамкорлик шартномасини ратификация қилди
20:11 / 10.11.2024