Ўзбекистон | 16:40 / 09.10.2017
58890
2 дақиқада ўқилади

Олтинкўл туманида кўзага солинган хазина топилди

Андижон вилояти, Олтинкўл туманининг Сувюлдуз қишлоғи Исломобод маҳалласида яшовчи Тўхтасин ака Ҳасанов ҳовлисидан сув кўзасига жойлаб «яхши кунлар учун» ер остига кўмилган 4500 донадан зиёд мис тангалар хазинаси топилди. Хазина топилиши билан туман маъмурияти Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Археология институтига мутахассис юборилишини сўраб мурожаат қилган.

Унга кўра, ҳозирда топилмаларни ўрганишга киришилган.

Дастлабки хулосаларга кўра, тангаларга араб ёзувлари зарб қилинган бўлиб, уларнинг аксарияти XVII асрга, яъни Бухоро хонлигининг Аштархонийлар сулоласи даврига ва қисман XVI асрнинг иккинчи ярмида ҳукмрон Шайбонийлар сулоласининг сўнгги вакили Абдуллахон II даврига мансуб.

Дастлабки ўрганишларга кўра, хазина таркибида Бухоро, Самарқанд ва Тошкент зарбхоналарида чиқарилган мис тангалар – фулуслар (ҳозирги «пул» ибораси ҳам айнан мис танга номидан келиб чиққан) борлиги аниқланмоқда. Тарихда ички бозор пул муомаласи асосини ташкил этувчи мис тангалар йирик шаҳарларда зарб қилинган. Бу даврда, жумладан, Андижон зарбхонаси ҳам мавжуд бўлган ва хазинадаги бошқа тангаларнинг ўрганилиши бунга ойдинлик киритиши кутилмоқда.

Турли шаҳарларда чиқарилган тангаларнинг битта хазинада жам бўлгани бу даврда минтақалараро савдо-сотиқнинг жадаллик билан олиб борилгани, ўша замон тадбиркор-савдогарлари воситасида пул массаси тез айланганидан дарак беради. Замонавий иқтисодиётда товар-пул айланмасининг тезлигига аҳоли даромади кўпайишининг энг асосий мезонлардан деб тариф берилади.

Ўрганишлар давом этмоқда.

Аҳрорбек ЁҚУБЖОНОВ

Мавзуга оид