Ўзбекистон | 18:40 / 09.10.2017
63804
10 дақиқада ўқилади

Кичик дўкондан Россиянинг энг йирик автосервислар тармоғигача. Ўзбек ишбилармон оиласи тарихи

Фото: Rusbase

2017 йилнинг сентябрида Россияда «Бир куни Америкада эмас: қўл остидаги воситалар билан дунёни забт этиш бўйича қисқа қўлланма» («Однажды не в Америке: краткое пособие по завоеванию мира подручными средствами») китоби нашрдан чиқди. Китобда Ўзбекистондан Россияга бориб, «Евродизайн» қурилиш материаллари тармоғи ва «Вилгуд» автосервислар тармоғини ишга туширган Турсуновлар оиласи тарихи баён этилган. Унинг адади - 3000 нусха. Китобда қандай қилиб нолдан бошлаб кўп миллионли бизнесни қуриш мумкинлиги ҳаётий мисол тариқасида келтирилади. Forbes Woman шу ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди.

Шерзод ва Барно Турсуновлар 2000 йилнинг қишида Москва шаҳри чеккасидаги квартирада ижарага туришган. Кейинги 15 йилда улар «Мытищинская ярмарка»сида оддий гулқоғозлар ва ламинат билан савдо қилувчилардан мазкур товарларнинг Россиядаги энг йирик дистрибьютори - «Евродизайн» компаниясига қадар ўсишди.

Шундан сўнг, жуфтлик ўз улушини муваффақиятли сотиб, «Вилгуд» ақлли автосервислар тармоғини ишга туширди. Китоб чоп этилган вақт ҳолатига кўра, тармоқнинг пул айланмаси миллиард рублга етди. Улар шу билангина чекланиб қолиш ниятида эмас.

Турсуновларнинг ҳозирги бизнеси эски гаражда гайкаларни бурашдан иборат эмас, у билимлар иқтисодиётига асосланган. Улар аллақачон автотехмарказларни қуришни тўхтатишган, чунки улар юқори самарали бошқарув тизимини йўлга қўйиш кўпроқ даромад келтиришини, шунда сурункали камомаддан азият чекаётган юзлаб бозор иштирокчиларининг ўзи мазкур тизимга қўшилиб, оила бренди остида ишлашини ўз вақтида англаб етишди.

Қуйида оилавий китобдан қизиқарли парчалар келтириб ўтилади:

4-боб. Аёлнинг фойдаси ҳақида

Барно устувор вазифаларни доим аниқ белгилаб олган - уни энг аввало оила қизиқтирарди, аёлнинг кўз ўнгида бахтли рафиқа роли ҳар қандай депутат, кино юлдузи ва ҳатто АҚШ президенти лавозимидан-да юқори эди.

Унинг ҳаётий стратегияси имкон қадар турмуш ўртоғи билан кўпроқ бирга вақт ўтказиш, унга доим нонушта, тушлик ва кечки овқат тайёрлаш имконига эга бўлишдан иборат эди. Шуниси қизиқки, айнан шундай патриархал тамойиллар Барнони ишбилармон хонимга айлантирди: жиддий овоз оҳанги, йирик компаниядаги топ-лавозим, суратларда доим турмуш ўртоғи билан бирга, аммо унинг соясида эмас.

Барно Турсуновадан муваффақият сирлари, мақсадни белгилаш санъати ва катта бизнеснинг бошқа сирлари ҳақида кўп сўрашади. У бунга жавобан доим табассум билан жавоб қайтаради, чунки ҳақиқатда бу ерда ҳеч қандай сир йўқ. Қандай сир бўлиши мумкин? У шунчаки эрига яқинроқ бўлишни хоҳлади, шунинг учун у шуғулланган иш, яъни бизнес билан шуғулланишга тўғри келди.

Шерзод Турсунов миллион доллар ишлаб топишни мақсад қилган ва эр-хотин бунга биргаликда киришишган. Энди Шерзод миллиард рубллик пул айланмасини ният қилмоқда - миллиард бўлса, миллиард-да! Уч йилда юз автосервис? Гап йўқ, олға!

Барно Турсунова умумий стратегик мақсадлар қўйишга даъвогар эмас, - бу эрининг ваколати. Шундай бўлса-да, у ҳар қандай тактик вазифани уддалашга қодир, ишнинг кўзини билиш, айниқса сотиш ва алоқаларни йўлга қўйишни уддалаш қобилияти унинг қонида бор. У сотиш - манипуляция санъати эмас, ижтимоий коммуникациянинг энг муҳим жиҳози экани борасида аниқ билимлар билан туғилганга ўхшайди.

Барно ўзининг илк жиддий шартномасида «Ўзбекфильм» режиссёрига қўнғироқ қилиб, телефон орқали келишувга эришган. Иккинчи битим худди шундай тасодифан амалга оширилган. Бир куни Шерзоднинг отаси, бегона ҳисобчилар хавфли бўлиши мумкинлиги, уларга ишониб бўлмаслигини айтиб, фикр билдирган. Давр ҳам мураккаб бўлган, ортиқча маош тўлашга не ҳожат?! Шундай қилиб, Шерзод аёлига бухгалтерияни ўргата бошлади, зеро у ҳеч қачон отасининг сўзини икки қилмасди. Барно шу тариқа оилавий кооперативга кириб келган.

Барно кооперативга қўшилгач, кўрган биринчи нарсаси полда ётган авторучкаларнинг катта қодоғи эди. Бу иккига букланувчи «сеҳрли ручкалар» эди. Улар Барнонинг қайнотаси Шуҳрат Маъруфович томонидан ишлаб чиқарилган эди. У хорижда шундай ручкаларни кўриб, уни шу ерда ишлаб чиқаришни йўлга қўйганди. 10 минг ручка муайян сабабларга кўра омборда ётиб, «ўз вақти»ни кутарди.

1994 йилда оилавий кооператив даромадини йўқота бошлаган, мураккаб даврлар пайти. Шерзод қарздорларни излаб шаҳардаги бозорлардан бирига йўл олган. Барно эри билан бирга кетатуриб, ҳар эҳтимолга қарши, ҳалиги ручкалардан бир неча қадоғини олди. Турмуш ўртоғи бир амаллаб қарзларни йиғиб юрганида у вилоятдан шаҳарга харид учун келганларни ташувчи автобусларнинг бекатига борди. Аёл Бухоро ва Самарқандга олиб борувчи автобусларга кириб, дадиллик билан ручкани сотишга киришди:

«Яқинда биринчи сентябрь! Ручкалардан олинг! Энг харидоргир товар!»

Йўловчилар худди сеҳрланган каби бирин-кетин ручкаларни харид қила бошлашди. Ҳақиқатда, биринчи сентябрга оз қолган бўлса, ручка харид қилишни унутиш мумкинми?! Бир соатдан кейин Шерзод қарздорларнинг олдидан кайфиятсиз қайтиб келганида аёли уни талайгина нақд пул билан кутиб олди. У ручкаларни битта ҳам қолдирмай сотганди. Аёл ҳатто ҳозир ҳам қандай қилиб бунинг уддасидан чиққанини тушунтириб бера олмайди. Барчаси ўз-ўзидан бўлган.

Кечки пайт бутун оила шокда эди. Шу кунга қадар уй бекаси шахси остида қандай гавҳар яшириниб ётгани ойдинлашди. Эртасига Барно ва Шерзод яна ўша автобус бекатига боришди ва қолган 9 мингдан ортиқ ручкани сотиб келишади. Шундан кейин ҳеч ким Барнога бухгалтерия билан шуғулланишни таклиф қилмади.

90-йиллар охирлаб борарди, Барно иккинчи фарзандига ҳомиладор эди. Ўзбекистонда тижорий алоқаларнинг турли шакллари гуллаб-яшнаб борарди, йирик халқаро бизнес ўзи учун янги мамлакатни кашф қилаётганди. Жанубий Кореянинг Daewoo автогиганти бу ерда ўз машиналарини йиға бошлади, Тошкент бўйлаб оқ рангли хориж машиналари ҳаракатлана бошлади - нима учундир шу рангга талаб кўп эди. Шерзодга қатор дилерлик марказларидан бирини бошқариш вазифаси топширилди. У интерьерга осиш керак бўлган ҳужжатлар папкасини уйига олиб келди. Унга барчасини тўғри расмийлаштириш учун рассом керак эди.

«Унга қанча пул тўлайсиз?», - дея қизиқиш билдирди Барно.

«300 доллар атрофида», - дея жавоб берди Шерзод.

«Келинг, шуни ўзим бажарай!», - деди ўша пайтлар янги чарм плашга эҳтиёжи бўлган Барно. Плашнинг нархи ўша вақтлар 200 доллар эди, бироқ оилада пул етишмовчилиги, янги бизнес, янги харажатлар даври бўлгани боис бундай пуллар йўқ эди. Барно эса плаш сотиб олишни орзу қиларди.

Эри билан маслаҳатлашиб, 100 долларга келишди ва ишга киришди. Ташқаридан бу ғалати кўриниши мумкин, лекин Турсуновлар оиласида хўжалик ҳисоб-китоб ишлари доим бўлган. Отаси Шерзодни шунга ўргатганди.

Дилерлик маркази жонлана бошлади. Ҳужжатларнинг бари осиғлиқ эди, реклама йўлга қўйилган, машиналар ўз харидорларини кутиб турарди. Бироқ харидорлар салонга кириб, айланиб, харидсиз чиқиб кетишарди. Кунлар, ҳафталар шу зайлда ўтди - сукунат мустаҳкамланиб борарди. Балки муаммо Daewoo'нинг Турсуновларга атиги 3 машина келтиргани ва уларнинг барчаси қизил рангда бўлганидадир. Тошкентда эса бу рангдаги автомобилларга қизиқиш йўқ эди. Одамлар шунчаки келиб кетишарди. Шерзод ҳатто харидорларга бир бак бензин совға қилишга ҳам уринган, бироқ бундан ҳеч қандай фойда йўқ эди.

«Сизларда бошқа ранглар борми? Қачон бўлади?», - дея савол берди навбатдаги харидорлардан бири.

Шу пайт Барно салонда эди.

«Сиз ҳойнаҳой нима учун бизда шунча қизил машина деб ажабланаётган бўлсангиз керак, а?», - дея савол билан юзланди у эндигина салонни тарк этишга чоғланаётган харидорга.

«Ҳа. Нима учун?», - деди харидор.

«Сиз қаердансиз?», - қизиқди Барно.

«Россиядан. Машинани ўша ерга олиб кетмоқчи эдим».

«Биз уларга Россия учун махсус буюртма берганмиз. Бизда ҳамма оқ рангли машиналарда юради, сизларда эса нима учундир қизил ранг урф бўлган. Биз шеригимиз билан юклашга аранг улгуряпмиз. Эртага навбатдаги партия келади».

Улар бир муддат суҳбатлашиб туришди-да, охир-оқибат мижоз қизил рангдаги автомобилни харид қилди. Бу автосалон фаолиятидаги илк сотув эди. Тез орада иккинчиси сотилди. Барно шунчаки мижознинг ёнига келиб, у билан суҳбатга киришарди - қарабсизки, харидор пулларни кассага топшираётган бўлади.

«Уларни қандай кўндиряпсан? Сен йўқ бўлсанг, ҳеч ким олмайди. Сен келсанг, ҳаммаси жойида! Қариндош-уруғингда жоду билан шуғуланувчилар йўқмиди мободо?», - дея ҳазиллашди Шерзод.

Фойда келтиришга уста аёл эрига бу ерда ҳеч қандай жоду йўқлигини тезда тушунтириб берди. Гап шунчаки, салон хизматчиларида эди.

«Ходимлар ўзларини жараёнга алоқаси йўқ кишилардек тутишмоқда: харидорлар билан саломлашишмайди, табассум қилишмайди, суҳбатлашишмайди ва умуман, қизил машиналарни сотиш учун ҳеч қандай саъй-ҳаракат қилишмайди. Уларнинг ҳам айби йўқ, зеро бунга уларни ҳеч ким ўргатмаган. Сиз ўзингиз ҳам улар билан суҳбатлашинг. Мана кўрасиз: улар мендан қолишмай сота бошлашади», - дея босиқлик билан маслаҳат қилди Барно.

Шерзод шундай қилди ҳам ва  барчаси ўз йўлига тушди.

Мавзуга оид