Жамият | 10:41 / 14.10.2017
33686
6 дақиқада ўқилади

Шафқатсиз ва бераҳм ўсмирлар? Ким айбдор?

Фото: kazved.ru

Суд тиббиёт коллежининг уриб ўлдирилган талабаси ҳақида ҳали ҳукм ўқиб бўлмасданоқ, юридик коллежда ҳам фожиа рўй берди. Яна бош қаҳрамонлар ва айбдорлар — ўсмирлар. Болаларнинг бу қадар бераҳм эканлигига асосий сабаб нимада?

Сўнгги ҳафталарда ижтимоий тармоқларда сўнгги фожиа фаол муҳокама этилмоқда. Ҳар ким ўзича ҳукм чиқармоқда: кимдир коллеж раҳбариятини айбласа, бошқалар — ота-оналарни, учинчи томон — жавобгарлик ҳисси йўқлигини ва ҳоказо. Айблашга асло шошмаслик керак. Келинг, шахсан ўзим гувоҳ бўлган бир неча ҳаётий воқеаларга эътибор қаратайлик.

...Эрталабки соат саккиз. Пойтахт мактаби. Болакайлар ўқишга шошилишмоқда. Кичик ёшдаги ўқитувчиларни яқинлари қўлларидан ушлаб бошлаб боришмоқда, катта ёшлилари ўзлари мустақил йўлга тушишган. Саккиз ёшлардаги болакай, қўлини тутиб бораётган ойисидан нимадир сўрамоқчи, лекин она телефонда сўзлашиб бормоқда. Ойисининг эътиборини яна бир марта жалб қилишга уринган чоғда бошига шапалоқ келиб тушди. Бола ҳиқиллаб қолди. Бунга жавобан эса ёмон сўзлар билан йўғрилган койиш эшитди. Бола энди индамасдан кета бошлади. Бу дақиқаларда боланинг кўнглида нималар юз берганини тасаввур этиш қийин. Шу куннинг ўзидаёқ синфда жанжал юз берди. Воқеаг айбдори — «қаҳрамон»имиз. Ўзининг ранжу аламини у ўзидан кўра кучсизроқ синфдошидан чиқариб олди. Синф раҳбари ва ота-оналарнинг бу мавзудаги суҳбати охирига етмай қолди. Вазиятга чуқурлашмасдан ҳар икки томон бош айбдор — ўқитувчи, деган тўхтамга келишди.

Бошқа ҳолат. Чошгоҳ. Юқори синф ўқувчиси мактабдан чиқиб кетмоқчи. Мактаб қўриқчиси ундан кундалигини кўрсатишни талаб қилиб, фақат дарслари тугаган бўлсагина мактабдан қўйиб юборишини айтади. Бироқ ўқувчи кундалигини кўрсатишдан бош тортади. Боз устига, қўриқчига бақириб, ҳозир отасини чақириши билан пўписа қилди.

Учинчи ҳолатда гувоҳ бўлганмизки, оналар болалари мустақил бўлиб қолишгани ва 7–8 ёшида уйда бир ўзлари бемалол қолишларини мақтанишади. Асосийси — уларга компьютер ва телефон олиб берилса бас. Бошқа ҳолатда олтинчи синфда ўқувчи қиз дугоналарига дарсларни кўчиришга бериб туриши учун аълочи синфдошини қўрқитиш кераклигини уқтиради. Ўқув даргоҳларидан, қўшнилар ва бошқа жойлардан келаётган сигналларга ота-оналар кўпинча беэътибор бўлишади ва фарзандларига ўз олдларида пайдо бўлаётган муаммоларни мустақил ҳал қилишга қўйиб беришади, бу эса биринчи навбатда болаларда бераҳмлик, шафқатсизликни пайдо қилади. Барча нарсанинг илдизи шунда эмасми? Биз ушбу саволлар билан узоқ йиллар тарбияси оғир ўсмирлар билан ишлаган психолог Валерия Мелконянга мурожаат қилдик.

— Бола характерининг шаклланишида муҳит ҳам, шафқатсизлик ва тажовузкорликни тарғиб этувчи айрим телекўрсатувлар, интернет ва компьютер ўйинлари ҳам катта рол ўйнайди. Бу ҳолатда тарбия жараёнида ота-оналарнинг роли ё вақти камлиги, ёки қндайдир муаммони ҳал қилиш истаги йўқлигидан жуда пасайтириб юборилган. Кўпинча баъзи бир ота-оналарда тарбия жараёни шапалоқ ва бақириш билангина чекланади. Сўнгги вақтларда ўз ҳолига ташлаб қўйилган болаларни кўп учратмоқдамиз. Табиийки, буларнинг барчаси боланинг эмоционал ҳолатига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Болалар ўзларини йиғилиб қолган салбий ҳиссиётларини чиқариш учун манба ахтара бошлашади ва қаҳрини кўпинча ўзларидан ожизроқ болаларга тўкиб солишади. Одат тариқасида болалар ўз шафқатсизлигини мактабда намоён этишади. Ахир синф — бу кичрайтирилган жамият каби. Бу ерда хўрлаш, хафа қилиш учун албатта кимдир топилади. Агар кичик ёшдаги мактаб ўқувчилари учун бундай хулқ-атвор ҳали жиддий таҳдид келтириб чиқармаса, ёши каттароқ ўқувчилар билан кўпроқ муаммолар келиб чиқади ва келгусида қайғули оқибатларга олиб келиши мумкин.

Айнан шунинг учун бугун ҳуқуқ-тартибот органлари ёшлар билан ишлашга ёндашувни ўзгартиришмоқда. Хусусан, болаларнинг нафақат дарсдан қочишлари, оилалардаги ахлоқий муҳитга ҳам эътибор қаратилмоқда. Бундай муҳит эса турли оилаларда турлича. Уларнинг ишлашлари сабаб бир неча ой ичида жиноятчилик 11 фоизга камайган. Шубҳасиз, ҳар бир рақам катта ютуқ. Ахир уларнинг ортида вайрон бўлмаган тақдирлар ётади. Бироқ бу рақамлар оналарга гулдек сўлган фарзандларини қайтармайди ёки болаларини бир ўзларини қўйиб юборишдан қўрқишдан халос этмайди. Ахир ўсмирлик чоғида тамал тоши қўйилган тажовузкорлик асоратларидан қутулиш жуда қийин.

Вазиятни қандай тасаввур этаётгани ҳақида пойтахт мактабларидан биридаги, номини ошкор этишни истамаган ўқитувчи ҳикоя қилиб берди:

— Сўнгги вақтларда ўқувчилар ўзларига рухсат этилганидан ҳам зиёдроқ нарсаларни раво кўришмоқда. Масалан, койишларга нисбатан қўпол ва уят гаплар билан жавоб беришади, мўмин қобил болаларни калака қилишади ва уруш чиқаришади. Ота-оналарни мактабга чақирганимизда, ҳаттоки масаланинг моҳиятини ҳам тушунишга ҳаракат қилишмайди. Уларнинг яккаю-ягона далили бор: модомики ўқитувчи уларнинг фарзандини тўғри йўлга сололмаётган экан, у — ёмон педагог. Кейин эса яна бир марта фарзандига танбеҳ берилса, улар ўз танишларини ишга солиб, ишдан ҳайдатиб юборишга шаъма қилишади. Лекин бизнинг асосий вазифамиз — болаларга билим беришдан иборат-ку? Баъзи ота-оналар бугун қўполлик қилган бола эртасига кимнидир уриши, индинига пичоқ кўтариб келиши мумкинлигини тушунишмайди.

Буларнинг ҳаммаси бир занжирнинг бўғинларидир. Бу фикрни ўқитувчининг кўплаб ҳамкасблари қўллаб-қувватлашмоқда.

Мақола бошида берилган саволга қайтадиган бўлсак, болаларнинг бу қадар шафқатсиз бўлиб бораётганига асосий сабаб нима? Фақат битта жавоб ўртага чиқмоқда: биринчи навбатда биз, ОТА-ОНАЛАР сабабчимиз.

Оксана Малосабирова.

«Правда Востока» газетасидан.

Мавзуга оид