Жаҳон | 19:35 / 18.10.2017
9995
3 дақиқада ўқилади

Туркия Эрбиль хатоси туфайли ўз сиёсатини қайта кўриб чиқди

Фото:aa.com.tr

Туркия яқинида жойлашган барча мамлакатлар унинг манфаатларининг бир қисми ҳисобланади, деди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған. 

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Туркияни Сурия, Ироқ, Болқон мамлакатлари, Жанубий Кавказ давлатлари, Марказий Осиё ва Шимолий Африка мамлакатларининг ишларига аралашганлик учун танқид қилишади. "Анқаранинг тарихни билмайдиган жоҳилларга жавоби оддий: Туркиянинг яқинида жойлашган барча мамлакатлар унинг қизиқишлари доирасига киради", - деди Эрдўған.

Президент Эрдўған Сурия шимолидаги террорчиларнинг хатти-ҳаракатларига эътибор қаратди. 

"PYD ва YPG – курд биродарларимиз кайфиятида ўйновчи ва Курдистон ишчилар партияси террорчи ташкилотининг бўлими ҳисобланган террорчи тузилмалар. Курдлар террорчиларга фаол қаршилик қилишлари ва улардан қўрқмасликлари керак. Акс ҳолда улар билан йўлимиз бошқа-бошқа", - дея таъкидлади Туркия президенти. 

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, минтақанинг тарихий ҳақиқатини рад этувчи, ўйламасдан иш қилувчи кучлар тарих олдида бу учун жавоб беришади. 

Масалан, қатор сиёсатчилар Киркукка доир ҳуқуқлари ҳақида сўзлашмоқда. Ироқнинг Курд минтақавий маъмурияти (ИКММ)га бу минтақанинг умуман алоқаси йўқ. Афсуски, ИКММ ҳукумати Киркук аҳолисига қарши зўравонлик қилган. Айнан шунинг учун Эрбиль Ироқда тўкилган ҳар томчи қон учун жавоб беради, деди Туркия президенти. 

Туркия давлат раҳбарининг таъкидлашича, доим Шимолий Ироқни қўллаб-қувватлаб келган Анқара бугун Эрбиль учун ҳаво кенглигини ёпишга мажбур.

Анқара позициясининг ўзгариш сабабини Ироқнинг Курдистон раҳбарияти хатти-ҳаракатларида излаш зарур, чунки вазиятни бугунги аҳволга келтирган биз эмасмиз, деди Эрдўған.

Мамлакат етакчиси 2016 йилнинг 15 июлидаги ҳарбий тўнтарув ҳаракати воқеаларини ёдга солди. "Туркияга хиёнат қилиш ва унга зарар етказиш ҳаракатларига қарамай, Фатҳуллоҳ Гюлен террорчи оқимининг режалари иш бермади. Бугун Гюленнинг тарафдорлари одил суд олдида ва уларга нисбатан суд қарорлари чиқарилмоқда", - деди Эрдўған ва хорижга қочиб кетган террорчилар ҳам жазодан қочиб қутула олмаслигини қўшимча қилди. 

"Туркия ва турк одил суди сўнгги нафасгача уларнинг мамлакатини эгаллашга уринганларни таъқиб этади. Уларни бошқариб турган бетофиқ (Фатҳуллоҳ Гюлен - АА) ҳам уларни қутқара олмайди", - дея таъкидлади президент.

Мавзуга оид